Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:23

Андижон ва Араб исёнлари ўртасида топилган уйғунлик сабаблари


Андижон воқеаларининг 6 йиллиги арафасида Ўзбекистон президенти Андижон воқеаларини эслади. Шу пайтгача 2005 йил 13 май воқеаларида бир исломий гуруҳлар, бир маҳаллий ҳокимият вакилларини айблаб келган президент бу сафар 6 йил аввалги воқеалар билан Араб дунёсида авж олган исёнлар ўртасидаги ўхшашликни аниқлади, яъни Ўзбекистон ва исён қилаётган араб мамлакатларининг табиий бойликларига "ташқи кучлар" кўз олайтираётганини таъкидлади.


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида телевидениеда қилган чиқишида араб давлатларидаги халқ ғалаёнлари билан 2005 йил 13 май куни Андижонда рўй берган хунрезлик ўртасида ўхшашлик борлиги - иккала ҳолда ҳам ғалаёнларни ташқи кучлар келтириб чиқарди, деб баёнот берди.

- Мен бир вақтлар айтовдим, агар Андижон воқеаси билан ўзимизда, Ўзбекистонимизда бўлган ҳодисаларни эсласак агар, ўша пайтда мен айтувдимки, минг афсуски қайси давлат ер ости, ер усти бойлигига эга бўлса, углеводород деймиз, агар нефт ва газга бой бўлса бу давлатда албатта мана бунақа тушунмовчилик бўлади. Лекин шу орасига шундай адоватни уруғини сепиш, бир қарашда худдики, ичидан чиқяпти, лекин чуқурроқ қарайдиган бўлсак, албатта, четдан туриб таъсири бўлмаса, кимкидир чуқур тайёргарлик кўриб катта маблағ ташлаб, олдиндан агар бу режаларни чуқурроқ ўйлаб таъсир қилмаса, ўйлайманки бунақа можаролар, бунақа зиддиятлар, бундай қарама-қаршилик ва бундай нотинчлик ҳеч қачон бўлмайди,- деди Ислом Каримов Араб ва Андижон исёнлари ўртасида параллел ўтказиб.

Бироқ президент бундан аввал Андижон фожиаси сабаблари ҳақида бошқа фикрларни айтиб келган. Хусусан, жорий йил 21 январ куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида сўзлаган нутқида Андижон воқеаларининг айбдорлари сифатида маҳаллий раҳбарларни қоралаган эди.

- Андижон раҳбарлари қандайдир бемаза ишларга берилиб, ўзини йўқотиб, бепарво бўлиб, ҳаром ишларга берилиб кетганлари шунча одамларни хароб қилди,- деган эди Ислом Каримов бундан атиги тўрт ой аввал.

Ўшанда президент Андижон воқеаларида бевосита маҳаллий ҳокимият вакиллари айби борлигини биринчи марта тан олган эди.

2005 йилда эса, Каримов куни-кеча айтганидек, табиий бойликлар тама қилган ташқи кучлар эмас, балки Ўзбекистонда халифалик тузумини ўрнатишга уринган акромийларни айблаган эди. Лекин ўшанда ҳам акромийларга "ташқи қора кучлар" ёрдам берганини айтган эди президент.

Кузатувчилар президентнинг Андижон ва араб дунёсидаги воқеаларда уйғунликни топгани ортида ҳар доимгидек, ўз айбини яшириш нияти борлигини айтмоқда.

Андижон хунрезлиги ортидан Ўзбекистонни тарк этган, ҳозирда Германияда тузилган Андижон-Адолат ва тикланиш ташкилотининг раиси Нурилла Мақсудов фикрича, президент Каримовн Ўзбекистон табиий ресурсларига кўз олайтираётган ташқи кучлар ҳақида эмас, балки ўз иқтидори ва орттирган бойликлари ҳақида қайғурмоқда:

- Андижон воқеалари кимнингдир эътиборсизлигидан бўлиб қолгани йўқ. Андижон воқелиги Ўзбекистон халқини ижтимоий муаммолар қамраб олганлигига белги сифатида охирги чиқиши бўлган. Ҳақиқатан президент бугунги кундаги чиқишида ҳаммага етказишлик билан бирга Ўзбекистонга қўрқув солаяптики, нимага сабаб деса, ташқи дунëда, Ўзбекистонимиздан чиқиб кетган фуқароларнинг демократик жараëнининг бошланишига сабаб деб айтаман. У ëқнинг қўрқуви шундан. Халқни алдаб, халқни қўрқитиб ҳамма бойликни ўзиники қилиб олганлиги учун ўшандан маҳрум бўлиб қолишлигидан қўрқиб туриб шу чиқишларни қилаяпти,- дейди Андижон-Адолат ва тикланиш ташкилоти раиси Нурилла Мақсудов.

Лондондаги Ўзбекистон ташаббус гуруҳи раҳбари Шоҳида Ёқуб фикрича, Ислом Каримов шу пайтгача Андижон фожиаси ҳақида билдирган мулоҳаза ва баёнотларнинг бирортасида ҳам асос йўқ, чунки бу воқеаларнинг содир бўлишига ёлғиз у сабабчи ва у ўз хатоларини тан олгиси келмайди:

- Бу Каримовнинг ўзининг ичида бўлган қўрқувни англатади. Нима учун Каримов, февралда бошланган араб инқилоби, ҳозир май ойи, фақат май ойида шу ҳақда гапира бошлади? Чунки у яхши билади, араб инқилобининг домино эффекти бўлиши мумкин. Чунки Сурияга келди. Озарбайжонда, Эронда, Ўзбекистонда ҳам бўлиши мумкин. Чунки араб инқилобининг асосий сабаби бу қашшоқлик, порахўрлик ва адолатсизлик. Яъни халқ чидай олмай ниҳоят араблар оёққа турди. Худди шундай омиллар Ўзбекистонда бор. Худди шунақа порахўрлик, адолатсизлик, ишсизлик ва қашшоқлик. Каримов ҳам яхши билади ва унинг атрофидаги одамлар ҳам яхши билишадики, барибир халқ ичида норозилик жуда ҳам катта. Яна Каримов бир нарсани яхши биладики, у ҳозир Ўзбекистон президентлиги ўрнини аксилконституцион тарзда эгаллаб турибди. Буни рус тилида айтганда, узурпатор дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам у менимча халқдан қўрқаяпти,- дейди Ўзбекистон ташаббус гуруҳи раҳбари.

Шоҳида Ёқуб фикрича, Ислом Каримов Сурия ёки Ливия ҳақида гапирар экан, Андижонни бежиз эсламади ва бундан олти йил аввалги қонли Андижонни бугун норозилиги кун сайин ошаётган халқнинг ёдига солиб қўймоқчи бўлди:

- У халққа балки айтмоқчи бўлгандир, агар сизларда кўчаларга, майдонларга чиқишга қандайдир фикр бўлса ҳам, барибир Андижондай сизларни отиб ташлайман. Бу фикрлари ортидаги мужда шундай бўлиши мумкин. Аммо, менимча, ҳозир Ўзбекистонда вазият шунақа даражага келдики, халқ қўрқмаяпти. Барибир халқ чиқади. Халқни пўписалар билан, таҳдидлар билан барибир тўхтатиб қололмайди. Қаранг, Сурияда ҳам хавфсизлик хизмати жуда ҳам кучли, полиция жуда ҳам кучли, лекин барибир халқ чиқди. Халқ чидай олмади. Президентнинг пўписалари, таҳдидлари барибир ҳеч қанақа рол ўйнамади. Халқ барибир туради. Мана Ўзбекистонда ҳам шунақа вазият бўлиши мумкин,- дейди Лондондаги Ўзбекистон ташаббус гуруҳи раҳбари Шоҳида Ёқуб.

Андижон - Адолат ва тикланиш ташкилотининг раиси Нурилла Мақсудов ҳам Ўзбекистон ташқарисида демократик кучларнинг фаоллашиши Каримовни жуда саросимага солиб қўймоқда, деган фикрда:

- Қўрққан олдин мушт кўтарар дейди. Бу услубни тоталитар тузумдаги раҳбарлар доим қурол қилиб ушлаб келган ва ҳозир ҳам ушлаяпти. Навбатдаги Ислом Каримовнинг чиқиши ҳам қўрққанидан олдинроқ мушт кўтариб қўяяпти. Шу услубда халқини қўрқитиб, халқини янада ҳеч қанақа ҳаракатга келмаслигини ният қилиб гапираяпти. Аслида бугунги кундаги ҳаракатлар табиий. Табиий, халқ ўзи ўша нарсага тайëр бўлиб келаяпти. Буни ҳеч қанақа куч тўхтата олмайди. Каримов эмас бошқаси ҳам. Чунки Араб давлатларидаги ҳодисалар ҳам ҳеч ким кутмаган нарса бўлди. Бу оддий халқларни аста-секин ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини тушуниб уйғониб келаëтганлигига белги бу,- дейди Андижон-Адолат ва Тикланиш ташкилотининг раиси Нурилла Мақсудов.

Ўзбекистон Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов фикрича, Каримовнинг Андижон воқеаларини Сурия, Ливия, Миср воқеаларига боғлаб ёдга олишининг ўзи, мамлакатда норозилик факторининг кучли эканлигини тан олишидан дарак беради:

- Ўзбекистондаги жамиятдаги норозилик ривожланиши бу аввало давлат бошлиқларининг айби бўйича бошланган нарса. Чунки иқтисод, сиëсий шароит Ўзбекистонда ниҳоят даражада борган сайин оғирлашмоқда. Ҳамма нарсани четга сурган тақдиримизда ҳам коррупция ривожланиб кетиши, ҳар тарафлама ўсиб кетишини ҳамма тан олаяпти. Чунки коррупция бор жойда албатта қашшоқлик бўлади. Сабаб ана бунда. Ўзбекистоннинг бойлиги ҳам эмас, бошқаси ҳам эмас, учинчи кучни ҳам ташқарига қўйиб турайлик, агарда Ўзбекистонда халқ ҳақиқатан яхши яшаëтганда, жамиятнинг кўпчилиги албатта ҳокимият тарафдори бўларди. Буни ҳозирги раҳбарлар тан олса, демак ўзининг хатосини тан олиши керак,- Ўзбекистон Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов.
XS
SM
MD
LG