Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:24

Юсуф Жума озодликка чиқиб, АҚШга етиб келди


Бу ҳақда “Эзгулик” жамияти Озодликка маълум қилди. Шоирнинг оиласи икки йилдан бери АҚШнинг Кентукки штатида яшаб келаётгани эди.

2008 йилда 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган таниқли диссидент шоир Юсуф Жума 18 май куни муддатидан аввал амнистия акти қўлланиб, озод қилинди.

Бу ҳақда “Эзгулик” жамияти тарқатган пресс-релизда айтилишича, 64/71-сонли Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатни ўтаётган Юсуф Жуманинг озод қилиниши ҳақидаги маълумотлар бундан 3-4 кун муқаддам пайдо бўлган.

Бироқ унинг озод қилиниши билан боғлиқ жараёнга зарар етказиб қўйиши мумкинлигидан хавотир боис бу ҳақдаги маълумот оммавий ахборот воситаларига ошкор қилинмаган.

Шоирнинг озод этилганини олқишлаган АҚШдаги яқинларидан бирининг Озодликка айтишича, айни паллада Юсуф Жума АҚШнинг оиласи бошпана топган штатига учиб бормоқда.

- Унга Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ҳамма ҳужжатларни қилиб берган, йўл чиптасини ҳам олиб берган. У Истамбулдан Вашингтонга, у ердан эса оиласи бошпана топган Кентукки штатига учиб боради. Ёлғиз эмас, ёнида қизи Феруза ва набиралари бор, - деди Озодлик билан суҳбатда Юсуф Жуманинг АҚШдаги яқинларидан бири.

Буни тасдиқлаган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Юсуф Жума айнан АҚШ дипломатик корпуси сайъ-ҳаракати билан озод этилгани ҳақида маълумотлар бор.

Аммо, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳозирча бу борада бирор расмий баёнот бергани йўқ.

Шу ўринда, Юсуф Жуманинг соғлиги борасида турли хавотирли маълумотлар бор.

Жизахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроевдан олинган маълумотга кўра, Жаслиқ қамоқхонасида сақланган Юсуф Жума 10 май куни Қорақалпоғистондан Бухоро вилоятидаги Отбозор қамоқхонасига келтирилган ва шу ерда тиббий муолажадан ўтган.

Бунга қадар “Эзгулик” жамияти 10 майдан 18 майга қадар Юсуф Жума Тошкентда Тоштурмада сақлангани ва шу ерда тиббий муолажадан ўтгани ҳақида хабар қилган эди.

Шу тариқа, тиббий муолажадан ўтгани таъкидланаётган Юсуф Жуманинг соғлиги борасидаги хавотирларга бироз аниқлик киритган Абдураҳмон Ташанов бу борадаги сўнгги маълумот, дея Юсуф Жуманинг ўз сўзларини етказди.

- Юсуф Жума Истамбул аэропортидан рафиқасига қўнғироқ қилган ва соғлиги яхши эканини айтган ва: “Қолганини борганимда гаплашамиз, хавотир қилма”, деган экан. Ҳозирча шу, қолганини яқин фурсат ичида ўзи билан суҳбатлашиб биламиз,- дейди “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Абдураҳмон Ташанов эди.

Эслатамиз, Юсуф Жума 2007 йилдаги президент сайлови олдидан Ислом Каримнинг ноқонуний номзодлигига қарши пикетлар ўтказгани туфайли ҳибсга олинган эди.

2008 йил 14 апрелда эса ўзи ва ўғли Бобурга нисбатан сохталаштирилган тан жароҳати етказиш, ҳокимият вакилига бўйсунмаслик айбловлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105, 140, 219-моддалари билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Юсуф Жума қамоқда уч йил ўтирди ва бу муддат давомида унинг қизи Феруза Жумаева Жаслиқ қамоқхонасида унинг отасига қийноқлар қўлланилгани, соғлиги оғир аҳволда бўлса-да, таббий муолажа имкони берилмаётгани ҳақида гапирган эди.

Бундай мурожаатларни қайд этиб борган Amnesty International ташкилотининг Марказий осиё бўйича тадқиқотчиси Мэйси Вайшердинг эндиликда Юсуф Жумага қамоқда қўлланилган қийноқлар ва соғлигига етказилган зарарнинг қопланишига эришилиши шарт, дейди Озодлик билан суҳбатда.

- Биз умид қиламизки, у соғлиги учун зарур муолажани олиш имконига эга бўлади. Ўзбекистон ҳукумати унга нисбатан қийноқлар борасида мустақил текширув ўтказиш имконини бериши ва унга етказилган маънавий зарар, соғлигига етказилган зарар учун товон пули ундирилиши шарт, - дейди Amnesty International ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мэйси Вайшердинг.
XS
SM
MD
LG