Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:41

"Бу чинакам халқ ҳаракати бўлиши мумкин"


Ўзбекистон халқ ҳаракати қурултойи иштирокчилари.
Ўзбекистон халқ ҳаракати қурултойи иштирокчилари.

Берлинда Ўзбекистон халқ ҳаракатининг илк қурултойи ишини кузатган америкалик таҳлилчи Питер Синетт шундай фикрда.


23-24 май кунлари хориждаги ўзбек мухолифати сўнгги 20 йил давомида илк бор йирик бир қурултойга йиғилди. Айни йиғинда Ўзбекистон халқ ҳаракатининг қурултойида минтақа масалаларида мутахассис америкалик олим Питер Синнет ҳам кузатувчи мақомида иштирок этди. Озодлик мухбири билан суҳбатда таҳлилчи янги ҳаракат ҳақидаги мулоҳазаларини ўртоқлашди.

- Бу ерда чинакам ҳаракат ташкил топаяпти. Менимча, бу биринчи қадам, яъни Ўзбекистондаги муаммоларни ҳал қилиши мумкин ҳаракатни ташкил этишда биринчи қадам бу. Бу ҳаракат Берлин шаҳрида ташкил топаяпти. Шуни эслаш жоизки, 22 йил муқаддам Берлинда полиция ҳукумати бузилди. Шарқий Германиядаги полиция режими ағдарилганидан саноқли кунлар ўтиб, у ердаги оддий аҳоли учун КГБ архивлари очилди. Мен бу ҳақда бежиз айтаётганим йўқ. Сабаби¸ Ўзбекистонда ҳам Каримовнинг полиция режими ағдарилмасдан¸ у ерда адолатли тузумни барпо этиб бўлмайди. Бошқача Ўзбекистонни фақат жорий режимсиз қуриш мумкин.

Каримов режими даврида Ўзбекистон халқаро майдонда унутилаёзган, заиф иқтисодий кўрсаткичларга эга мамлакатга айланди. Бугун бу ерга мухолифат фаолларидан ташқари Каримов режимидан азият кўрган, Каримов режими қийноқларини бошдан кечирган инсонлар ҳам йиғилди. Режим қаттоллиги боис мухолифат сафлари кенгаймоқда ва улар ўз муаммоларини кўтариб чиқиш учун шундай ташкилотга бирлашмоқда.

Озодлик: Бу ерда айрим бошқа ўзбек мухолифатчилари тарафидан Ўзбекистон халқ ҳаракатига бош қўшаётганлар исломчи ақидапарастлар ва уларнинг мақсади Ўзбекистонда исломий давлат қуриш, деган айбловлар ҳам янграмоқда. Бу ҳақда сиз нима деган бўлардингиз?

- Нима дердим, бу ерда жуда ранг-баранглик, билдирилаётган фикрлар ранг-баранг. Бу ерда айрим одамлар шунақа ислом, жиҳод ғояларини кўтариб чиқди, лекин бу фикрлар анжуманнинг асосий марказида бўлгани йўқ, бу бошқа фикрлар соясида қолиб қолди.

Менимча, ўзини мухолифат деб атаган айрим гуруҳлар бу анжуманга келмай катта хато қилибди. Улар бу ердаги баҳс-мунозарада қатнашиш имконини бой беришди. Бу ерда анжуман чинакам фикр-алмашув руҳида ўтди. Бу ерда кўрпанинг тагига ташланган фикр йўқ, ҳаммаси очиқ бўлди. Ҳар ким ўз фикрини очиқ айтди ва ҳимоя қилишга ҳаракат қилди.

Озодлик: Берлинда ташкил топган ҳаракат Ўзбекистонда бирон ўзгариш ясаш, Ўзбекистон ичкарисидаги вазиятга таъсир ўтказишга қанчалик қодир?

- Ўзбекистонда ҳукумат мамлакат ичкарисида мухолифат фаолиятига изн бермай келаяпти. Мамлакат ташқарисида эса, менимча, ўзбек мухолифати кучаймоқда. Берлиндаги бугунги анжуман, менимча, ҳали бошланиши. Бу ерда бир-бирлари билан жиддий тортишаётган ва айни пайтда бир-бирларининг фикрини ҳурмат қилаётган одамлар орасида ўтирибман ва ўйлайманки, келажакда булар Ўзбекистонни бошқаришга қодир сиёсий ҳаракат бўлиб шаклланади.
XS
SM
MD
LG