Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:52

Ўзбекистон телеканалида яна “Акромийлар”


“Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда” номли кўрсатувдан олинган суръат.
“Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда” номли кўрсатувдан олинган суръат.

Ўзбекистон телеканалида 31 май оқшомида тўрт нафар “акромий” ва битта “жиҳодчи” билан Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсуновнинг хос “мулоқоти” намойиш қилинди. “Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда” деб аталган бу кўрсатувда ҳозир жазо муддатини ўтаëтган маҳкумлар ўзларининг “хоин” ва “террорчи” эканига қайта-қайта иқрор бўлишди. Таҳлилчилар бу кўрсатувни Тошкент қўрқувининг навбатдаги маҳсули дея атамоқда.


Май охирида Берлинда ўтказилган Ўзбекистон халқ ҳаракати ва бу ҳаракат атрофига жипслашган “Андижон - Адолат ва Тикланиш” ташкилоти фаоллашганига мутаносиб жавоб бу, демоқда таҳлилчилар.

Кўрсатув замонавий гилам тўшалган ëруғ хонада тасвирга олинган. Хонанинг бир тарафидаги узун столнинг бир ëғида қора турма робаси (қамоқ либоси) кийган, соч-соқоли қиртишланган беш нафар маҳкум ўтирибди. Уларнинг ҳар бири олдида биттадан микрофон.

Маҳкумлар рўпарасида эса, Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар Турсунов оқ салла, оқ чакмон ва оқ кўйлакда, елимдан ясалган палма дарахти соясида ўтириб ўқитувчи ўқувчини тергаган оҳангда маҳкумларга фикр уқтирмоқда.

Бир қарашда бу манзара судни эслатади. Оқ кийимли, бақбақалари осилган имом, қора кийинган “гуноҳкор”лар айбини тафтиш қилмоқда. Фақат бу маҳкумлар судланиб, 10-20 йиллик жазоларни олиб бўлган. Уларни қайта суд қилиш манзараси 1937 йилнинг совуқ “жараëнлари”га менгзайди.



Маҳкумлар камера олдида бийрон-бийрон гапириб “Акромий”ларнинг қотил, хоин ва сотқин эканлигини қайта ва қайта таъкидлашди.

Филм давомида талаба дея унвонланган бир қиз ва бир йигитнинг “Президентга қандай қилиб хоинлик қилиш мумкин? Ахир у бизнинг отамизку”, деган гапларини эшитамиз.

“Оталар сўзи - ақлнинг кўзи” телеформатида ишланган бу кўрсатувда собиқ “акромий-террорчи” ҳозир эса гуноҳи кечирилган Фарҳод Абдураҳмоновнинг бахтли “тақдири” ҳақида ҳам лавҳа бор.

Ўз уйида, маҳалла оқсоқоллари ва посбонлари қуршовида ўтирган Фарҳод чет элларда фаоллашаëтган “акромий”ларни тавба қилишга ва президентдан узр сўрашга чақирди.

Суҳбатга қўшилган маҳалла оқсоқоли ҳам юрт ташқарисидаги “қора кучлар” гўрига ғишт қалади.

Кўрсатувда иштирок қилган 4 маҳкум 2005 йил 13 май куни Андижонда исëн кўтаргани учун узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

13 май куни мамлакатдан чиқиб кетишга муваффақ бўлган 500 га яқин андижонлик ўтган 6 йил мобайнида сиëсий ташкилот тузиб, Ўзбекистондаги режимни ўзгартириш ҳақида чиқишлар қилмоқда. Ана шу фаоллик боис ўзбек қамоқларидаги маҳкум биродарларимиз аҳволи ëмонлашди, дейди “Андижон - Адолат ва Тикланиш” ташкилоти фаоли Абдусалом Каримов.

- Ўзбекистон халқ ҳаракати вужудга келди. Буларнинг умидларини, мақсадларини амалга оширадиган ҳаракат вужудга келди. Шунинг учун турмаладагиларга маълум бир оғирлик, маълум бир қийинчилик бўлади. Сабаби Ўзбекистон ичидаги ҳаракатнинг олдини олиш учун қўлидан келган ҳаракатини қилади,- дейди Абдусалом Каримов.

Қамоқда жазо ўтаëтган “Андижон исëнкор”ларининг булбулигўë бўлиб ўз сафдошларини қоралаши мунтазам кузатилаëтган ҳолат. Бундан олдин исëнчилар лидери Акром Йўлдошев ҳам тавба-тазарру билан телевидениега чиқарилган эди.

Абдусалом Каримов ўзининг ўзбек қамоқхонасидаги сафдошлариинг “иқрорларидан” хафа эмаслигини айтади.

Сиëсатшунос Камолиддин Раббимов назарида бу кўрсатув 23 майда илк қурултойини ўтказган Ўзбекистон халқ ҳаракатига ўзига хос жавобдир.

- Менинг назаримда бу тўғридан тўғри ҳукуматнинг Ўзбекистон халқ ҳаракати билан боғлиқ қўрқишларини ифодалайди. Демак, бир қанча мақолалар чиқди, ҳукуматнинг бошқа йўналиши орқали, бошқа сигналлар орқали унинг хавотирларини билдик. Мана энди тўғридан тўғри информацион кампания бошланди. Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазият шундайки, четдан туриб ҳозирги глобаллашув шароитида одамларни руҳлантириш орқали, одамларга маълумотлар бериш орқали Ўзбекистон жамиятига тўлақонли таъсир қилиш имконияти бугунги кунда мавжуд. Мана биз биламиз апрел ойининг ўзида Самарқанд вилоятининг учта туманида одамларнинг кўчаларга чиқиши, ўзларининг талабларини ҳокимиятга билдириши, ҳатто иккита-учта туманда, катта бир йўл трассаси бор, бетонка дейишади, ўша бетонкаларни ëпиб қўйишлари, бошқа вилоятлардан ҳам шунга ўхшаган сигналларни олиб турибмиз. Демак, ҳукумат керакли хулосаларни чиқармаяпти ëки нотўғри хулоса чиқараяпти ва ўзининг ҳатти-ҳаракати билан четдагиларни, айниқса Ўзбекистон халқ ҳаракати фаолларини баттар қўзғатишга қаратилган сиëсатни олиб бораяпти деб ўйлайман,- дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистон телевидениеси собиқ ходими Малоҳат Эшонқулова бундай кўрсатувлар бевосита Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари раҳбарлигида яратилишини айтади.

- Ўзбекистон каналидан бўлса, Сиëсат студияси қиладида. Билишимча, хавфсизлик хихматининг буюртмаси билан қилишадида. Хавфсизлик хизмати мурожаат қилади. Журналист ажратади уларга. Кейин булар бориб уларнинг кўрсатмалари асосида съëмка қилади, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистон телеканалида 1993 йилдан бери ўзбек мухолифати ва диний арбобларига қарши кўрсатувлар эфирга бериб борилади.
XS
SM
MD
LG