Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:07

Тошкентда порахўрга воситачиликда айбланган 52 ёшли журналист ҳибсга олинди


Ўзбек расмий матбуоти мухбирларнинг ичида таъмагирлик ҳолатлари ҳақиқатан кузатилган, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Ўзбек расмий матбуоти мухбирларнинг ичида таъмагирлик ҳолатлари ҳақиқатан кузатилган, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Адлия вазирлигининг “Инсон ва қонун” газетаси мухбири “пора олди-бердисига воситачилик қилганлик”да гумон қилинмоқда.


Самарқандлик журналист ва шоир Шукур Содиқ шу йилнинг 1 июнида Тошкент шаҳридаги хусусий ошхоналардан бирида қўлга олинган ва сўнгги маълумотларга кўра, унга Ўзбекистон ЖКнинг 212-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Бу ҳақда хабар берган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, қандли диабет хасталигининг оғир кўринишидан азият чекаётган 52 ёшли Шукур Содиқ яқинларига кўрсатилмаяпти.

Озодлик мухбири бу журналист яқинларига мурожаат қилганида, унинг оила-аъзолари жавоб бермасликни лозим топди.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов бунга Шукур Содиқ оиласига нисбатан босим ўтказилаётгани эҳтимоллари сабаб бўлиши мумкин, дея тахмин қилади.

Абдураҳмон Ташановдан самарқандлик шоир ишига оид сўнгги тафсилотларни сўрадик.

- Шу йилнинг 1 июн куни пойтахтдаги хусусий ошхоналардан бирида нима қилган. Қанақадир коррупцион доиранинг олди-бердисида журналист воситачилик қилди деган айблов бор. Лекин мен ўзим эҳтиëжларимга олган эдим, деб кўрсатма бераëтган эмиш ўша шоиримиз. Лекин бу ерда энг қизиғи жабрланувчи йўқ. Иш бўйича жабрланувчи йўқ.

Озодлик: Порани олган ва берган томонлар борми?

- Ҳозир биздаги маълумотларга кўра порани олган, бераëтган томон ҳам маълум эмас. Тергов сири дейилади бу. Маълум даражада коррупцион доиралар ҳақида одатда оператив маълумотлар тушади. Оператив маълумотга асосан воситачилик қилаëтган шахс ҳибсга олинади. Менимча, шунақа бўлган.

Озодлик: Шукур Содиқовнинг воситачи сифатида гумонланишига сабаб бўлаëтган бу воқеа унинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлганми? Бирор-бир мақоланинг орқасидан тушиб шунақа иш бўлганми?

- Биздаги маълумотларга кўра шунақа. Лекин ҳозирда унинг конкрет нимада айбланаëтгани, конкрет қанақа эпизодларда айбланаëтгани ҳақида бизда етарлича маълумот йўқ.

Озодлик: Шукур Содиқнинг ўзи қаерда ҳозир?

- Ҳозир у Тоштурмада экан. Ҳали оилаларига кўрсатишмабди. 6 июн куни уни Тоштурмага бориб адвокати, ўша адвокатлар палатасининг сопбиқ раиси Баҳром Саломов қариндошлари билан кўриштирмоқчи экан. Мен кеча ўғли билан гаплашсам, ўғли айтаяптики, кийимлар, бошқа керакли ашëларни киритиб берамиз дейишаяпти. Демак, шундан келиб чиқадики, санкция олинган тергов даврида қамоқда ушлаб туриш бўйича.

Озодлик: Ўзбекистонда журналистларга бўлаëтган таъқибдан хабаримиз бор. Лекин бу асосан мустақил нашрларда ишлайдиган ëки хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қиладиган журналистларга нисбатан таъқиблар эди. Лекин маҳаллий журналистлар ҳам пора олиш-беришда айбланиб ҳибсга олинганидан хабаримиз бор. Кўпинча бу ҳақиқатан ҳам шу жиноятни содир этган журналистлар экани ҳақида айтилар эди. Шукур Содиққа нисбатан нима дейишимиз мумкин?

- Ўзбек журналистларнинг қамалиши нуқтаи назаридан турли даврларда турлича фикрлар юрган. Мана мен ўзим ўзбек оммавий ахборот воситаларида ишлаган пайтимда жуда кўп ҳолат журналистларнинг ичида, мухбирларнинг ичида таъмагирлик ҳолатлари, порахўрлик ҳолатлари ҳақиқатан кузатилган. Лекин масаланинг бошқа бир тарафи ҳам борки, фирибгарлик ҳолатларини келтириб чиқарувчи ўзига хос бир омиллар бор. Яъни журнлаистлар ўзининг касбий фаолиятини амалга ошираëтган пайтда айнан коррупцион доираларнинг манфаатларига тушиб қолади. Шунда, маҳаллий журналистларни назарда тутаяпман, ҳимоя қилиш механизми йўқ. Бирдан ҳаммага таъмагир, фирибгар журналистлар сифатида қарашади. Бизда мустаиқл журналистларни ҳимоя қилиш учун албатта дипломатик корпус ваколатхоналари бор, халқаро ҳамжамият бор. Менимча, Шукур Содиқ билан ҳам худди шунақанги бир ҳолат бўлган.

Ҳозирда биздаги маълумотларга кўра, қанақадир провокацион характердаги иш бўлди деган маълумотлар бор. Албатта буни тергов, суд натижалари кўрсатади. Аввалдан бир нарса дейиш қийин. Лекин Шукур Содиқни биз шу пайтгача шунақанги бир порахўрлик билан ëки бўлмаса, фирибгарлик ҳолатлари билан шуғуллангани ҳақида жамоатчилик ўртасида гап йўқ. Аксинча жуда кўпчилик ачиниш билан гапиришаяпти. Унинг шеърлари ҳам ўткир, публицистик чиқишлари бор эди деган гапларни қилишаяпти. Шунинг учун аввалдан бир нарса дейиш қийин. Лекин менинг назаримда ҳозирги ўтказилган қисқа мониторинг натижалари, ижодкорлар билан олиб борган сўровларимиз натижасига кўра, менимча, бу одам ҳимоя қилиниши керак.
XS
SM
MD
LG