Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:48

"Ўзбекистонда қийноққа дучор қилинаётганларнинг кўпи диндорлар"


Ўзбек қамоқхоналаридаги қийноқларга у ердаги маҳбусларнинг қонли кўйлаклари ҳам далил бўлади.
Ўзбек қамоқхоналаридаги қийноқларга у ердаги маҳбусларнинг қонли кўйлаклари ҳам далил бўлади.

Мамлакат қамоқхоналаридаги вазият бўйича мониторинг ўтказган ҳуқуқ фаоллари ана шундай хулосага келмоқдалар.

Сўнгги пайтда Ўзбекистон қамоқхоналаридан келаётган диндорларнинг жасади эрта тонгда, бир нечта қариндош иштирокида дафн этилмоқда. Мазкур дафн маросимлари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг қаттиқ назорати остида амалга оширилмоқда.

- Қамоқхона маъмурияти кечаси, соат 3-4 лар атрофида уйларига олиб боради. Тез дафн этишни талаб этади, - дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Унга кўра, бу чора-тадбирлар қамоқхонадан келтирилган жасаддаги қийноқ аломатлари ошкор бўлмаслиги учун амалга оширилади.

Бу жасадлар чиқаётган “Борса келмас” номини олмиш “Жаслиқ” қамоқхонаси, Навоий ҳамда Қарши қамоқхоналари Ўзбекистондаги энг кўп қийноқ қўлланиладиган жазони ўташ муассасалари бўлиб қолмоқда.

Мазкур қамоқхоналардан бирида жазо муддатини ўтаган ўзбекистонлик суҳбатдош ўз исмини сир тутиш шарти билан милиция ходимлари томонидан қўлланиладиган қийноқларнинг бугунги тури ҳақида бир нафасда қуйидагиларни санаб ўтди:

- Дубинкалар билан уради. Пресслаб, қўл билан тепиб ташлайди. Кишанларни тақиб қўйиб, тепкилайди. Ким ураётганини кўрмайсиз. Биттаси тергов қилади, орқангиздан иккинчиси келиб уради. Юзингизни ёпасиз, буйрагингизни асрашга ҳаракат қиласиз. Қайси бирини танийсиз у пайтда... Асосийси, оёқларга, буйракка, тиззаларга тепишади. Кўринмайдиган жойингизга уради. Юзингизга урганидан кейин кўкарса, бошқа жойга қабул қилмайди-да, - дейди бир пайтлар ўзи қийноқларга дучор бўлган суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов мамлакатда маҳбусларга қийноқ қўлланилиши 1996 йилдан бошлаб авж олганини айтади. Ҳуқуқ фаолига кўра, бундай қийноқларга кўпроқ диний ва сиёсий мотивлар бўйича ҳибсга олинганлар дучор қилинмоқда.

- Бир хил жойларда диний эътиқод бўйича қамалганларга намоз ўқигани учун қийноқлар қўлланилмоқда. Улар бирлашиб, норозилик қилишганидан сўнг эса, бир нечтасини қамоқ ичидаги ШИЗОга қамаб, у ерда ҳар қандай усуллар билан қийноқ қилишади. Шу қийноқлар асосида бир нечта одамларнинг оламдан ўтиш ҳолатлари бўлаяпти, - дейди ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаоли энг кўп учрайдиган қийноқлар кўриниши сифатида диндор маҳбусларнинг тирноқлари остига игна санчилиши, жинсий аъзоларига урилишини келтиради.

Сўнгги ўн йил ичида қийноқлар бўйича ўз мониторингини ўтказиб келаётган Суръат Икромовнинг айтишича, мазкур ҳолатлар бўйича маҳаллий прокуратура ҳолатларига шикоятлар берилган бўлса-да...

- Прокуратура ходимлари бу вазиятни текширмаган. Текширган тақдирда ҳам ҳеч қандай жавоб бермаган - тан олмайди. Тан оладиган бўлса, бунинг ижрочилари бўлиши керак. Қамоқхона маъмурияти ҳаммаси жавобгарликка тортилиши керак. Лекин бир нарсани айтиб кетишим керакки, қамоқхона зобитларидан: “Бизга қийноққа тортиш тўғрисида Тошкентдан буйруқ келади, агар биз шуни бажармасак, бизни ишдан бўшатишади” деган гапларни жуда кўп эшитаяпман, - деди Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни бўлмиш 26 июнда Озодлик билан суҳбатлашган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ҳисоботига кўра, 2010 йилда мамлакат қамоқхоналарида 39 маҳбус қийноқ ёки касалликдан нобуд бўлган, марҳумларнинг жасадлари яқинларига яширинча берилган.
XS
SM
MD
LG