Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:51

"Изтироб"ми "Ифтихор"?


"Изтироб" фильми маркази Бельгияда жойлашган Алишер Навоий Институти томонидан тайёрлангани айтилмоқда.
"Изтироб" фильми маркази Бельгияда жойлашган Алишер Навоий Институти томонидан тайёрлангани айтилмоқда.

Ўзбекистондаги НТТ телеканали 21 июн оқшомида намойиш қилган “Изтироб” фильми Интернетда пайдо бўлди.

Қароргоҳи Белгияда жойлашган Алишер Навоий институти тайёрлаган бу фильмни тингловчиларимизнинг мутлақ кўпчилиги ўз вақтида кўра олмаган, лекин у НТТ каналида трансляция қилинган куннинг эртасигаёқ Озодлик фильм муаллифи Абдукарим Мирзаев билан суҳбат уюштирган эди.


“Изтироб” фильмини (фильмни кўриш учун бу ишоратни босинг) мухбиримиз Сарвар Усмон ҳам томоша қилди.



Безиллаган юрак

“Изтироб”ни изтироб билан кўра бошладим – ўзимни мажбур қилиб кўрдим – безиллаб қолган юрак – бир йилдан бери Ўш билан боғлиқ информация қозонидаман – менга яна қандай янги гап айта олишлари мумкин?

57 дақиқали фильм. 57 дақиқа экран вақтига моҳирроқ муаллиф “Ўтган кунлар”ни сиғдирвориши мумкин.

Ҳа, 57 дақиқага Қодирийни сиғдириш мумкиндир, лекин Ўш қирғинини эмас, чунки хабарларга қараганда, фожеа ҳануз давом этмоқда.

Давом этаётган фожеа

Мана бошқа радионинг – Немис тўлқинининг хабари.

Радионинг саволларига жавоб бераëтиб, International Crisis Group - Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Европа масалалри бўйича вице-президенти Алан Делетроз қирғизистонлик ўзбекларнинг шу кунлардаги – 2011 йил ёзидаги аҳволи тўғрисида гапирар экан, жумладан мана бундай деган:

- Уларда (ўзбекларда) моҳиятан иккита йўл бор холос. Биринчиси – бошни хам қилиб, сукут сақлаб, ҳамма нарсада ён бериш. Ўзбек аҳолиси мутлақ ҳар куни хўрланмоқда ва камситилмоқда. Тунлари номаълум шахслар ўзбеклар уйларига кириб, пул талаб қилмоқда. Бироқ олинадиган пулнинг ўзи қолмаган. Иккинчи йўл – бошқа мамлакатга чиқиб кетиш. Пули ва имконияти борларнинг ҳаммаси кетиб бўлган.

Фильмда шу гаплар борми?

Бордай туюлади. Туюлади, холос.

Биттанинг ичида иккита

Реклама индустриясида “Биттанинг ичида иккита”, деган формула бор.

“Изтироб” фильми ана ўша формулага ётади: фильмни шартли равишда иккита фильмга бўлиш мумкин.

Биринчиси – чиндан ҳам “Изтироб”, у Ўш воқеаларининг гувоҳи билан суҳбатдан иборат. Суҳбат негадир ўрисча –ўрисчани билмайдиган томошабин титрларни ўқишга мажбур.

Иккинчи фильмни “Ифтихор” деб номлаш мумкин. Бунисида ўзбекистонлик қирғизлар бири қўйиб иккинчиси қирғизистонлик миллатдошларига танбеҳ беради.

Танбеҳлар замирида ўзбекистонлик қирғизларнинг Ўзбекистонда яшаётганидан ифтихор қилаётганини томошабин сезиши лозим.

Ҳатто фильм финалида бир қирғиз имоми “Ўзбекистонда яшаётганимдан фахрланаман”, деб кўзига ёш олворадиям.

Энди “Изтироб”ни тушуна бошласангиз, гап “Ифтихор”га ўтиб кетади ва дам ўтмай навбат яна алмашади.

Қандайдир мошкичири бир нарса.

Тушунмадик

Бу мошкичирини нима учун ўзбекистонликларга кўрсатишганиям тушунарсиз.

Чунки ўтган йили Ўшда нима бўлгани тўғрисида бир йилдан бери Ўзбекистондаги телеканаллару радиостанциялар, газетаю журналлардан информация ололмаган томошабин “Изтироб” фильмининг “Изтироб” қисмидаги тасвири хира гувоҳнинг ақлли гапларидан - бир йилдан бери ҳар бир ўшлик айтиб келаётган гаплардан - бир нарса тушуна олмайди.

Фильмнинг “Ифтихор” қисмидаги гапларнинг катта қисмини, айниқса, Турсунбой Адашбоевнинг узундан узоқ адабиётга оид қирғизча гапларини эса, ўзбекистонлик томошабиннинг мутлақ катта қисми тушунмайди: Адашбоевнинг қирғизчаси ўзбекчага қанчалик яқин бўлмасин қулоғи кўникмаган тошкентлик ўзбек уни тушуна олмайди.

Хўш, унда нима учун кўрсатишди “Изтироб-Ифтихор”ни?

Зое кетган уринишлар

“Изтироб”нинг “Изтироб” қисми, менимча аслида, қирғизистонлик ўзбекларга мўлжалланган. “Билиб турибмиз ҳасратларингизни”, деган маънода.

Бундай маъно ўшлик ўзбекка бир неча ой олдин керак эди. Бугун эмас.

Демак, зое кетибди уриниш.

“Изтироб”нинг “Ифтихор” қисми қирғизизистонлик қирғизларга мўлжалланган. Уни суратга олишга анча меҳнат сарфлашибди.

Адашбоевни машинага солиб Анжангача олиб келишибди.

Фақат, Адашбоев оқсоқол айтган, бошқа ўзбекистонлик қирғизлар айтаётган гаплар 2010 йилнинг июнигача айтиладиган гаплар эди.

Бугун эмас.

Демак, зое кетибди уриниш.

Сувни кўрмай ечилган этик

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Европа масалалри бўйича вице-президенти Алан Делетрознинг Немис тўлқинига берган кечаги интервьюсидан яна бир парча:

- Бир ҳафта давомида мен юз берган можаро тўғрисида гаплашар эканман, қирғиз миллати вакиллари орасида ўзбекларга қанчадир ҳамдардлик билан гапирган биргина кишини учратдим. Мени, айниқса, мана шу ҳолат ҳайратга солди. Мен нодавлат ташкилотлар вакилларининг ҳам ҳеч нарсани тушунишни истамаганини кўриб ҳайратландим. Мен уларнинг орасида можарога холисроқ баҳо бера оладиганлар, яқинларини, уйларини йўқотганларга ҳамдардлик билдира оладиганлар топилиб қолар, деб кутувдим. Йўқ, бундай бўлмади. Мен мамлакатда миллатчилик авж олаётганини кўрдим, холос.

Мана шундай ҳолатда “Изтироб”нинг “Ифтихор” қисми қирғизистонлик қирғизларнинг, юмшоқроқ айтганда, ғашини келтиради холос. Фойда бермайди.

Фильмдаги “учинчи фильм”

Янаям инжиқлик қилсак, “Изтироб”да яна бир линия борлигини айтишимиз керак. Бу – муаллиф линияси.

Кўзойнакли кўркам юз ва ўктам овоз соҳиби бўлган муаллиф экранни ёриб чиқиб, томошабиннинг ёнига ўтира олган.

Томошабин беихтиёр бу ақлли йигитга ишона бошлайди (инжиқроқ томошабинга у ақлли кўрина бошлайди)

Лекин унинг эҳтирос билан айтиб берган ривоятлари қанчалик ўринли кўринмасин, шунчалик бесамар эканлигини сезиб асабингиз қақшайди.

Муаллифнинг баъзи сентенциялари эса, томошабинни чалғитади.

- Вақт ўтади. Гуноҳкорлар қонун олдида албатта жавоб беради. Мени бошқа бир савол қизиқтиради. Бу қирғинларда жигарларидан жудо бўлганларнинг, отаси кўз ўнгида қатл этилганларнинг, қизлари кўз ўнгида зўрланганларнинг, жабрдийдаларнинг, номуси топталганларнинг, етим қолганларнинг юрагидаги қора доғ гуноҳкорларнинг қонун олдида жавоб бериши билан ювилиб кетармикан, деб сўрайди муаллиф кимдандир.

Ҳа, ювилиб кетади. Фақат жавоб берсалар ювилиб кетади.

Бироқ, жавоб бермаяпти-да ҳеч ким!

Келай демаяптида муаллиф айтаëтган вақт!

Балки шу ҳақда қилиш керакмиди, фильмни?

Муаллиф яна мана бундай савол қўяди:

- Нафрат жуда оғир юк. Қанчадан қанча одамлар ана шу юкни, нафрат юкини кўтариб яшашга мажбур этилди. Улар бунга мажбур бўлмади, йўқ улар айнан мажбур этилди. Кимса борми уларни бу юкни кўтариб яшашдан озод қила оладиган? Кимса борми бўлиб ўтган хунрезликларни унутишга мажбур қила оладиган, дея савол қўяди муаллиф.

Шу бугун – 2011 йилнинг ёзида қирғизистонлик ўзбекни худди шу савол қийнамаяптими?

“Изтироб” фильмидан худди шу савол жавобини кутгандим. Тополмадим.

Ва ниҳоят, энг сўнгги гап.

Бир йилдан бери қирғизистонлик ўзбеклар миллати номи билан аталадиган давлатдан, ҳеч йўқ, бир илиқ сўз кутаётганди.

Расмий Тошкентнинг изнисиз битта япроқ шохидан узилиб ерга тушмаслигини биладиган ўшликлар “Изтироб” фильмининг айнан Ўзбекистондаги каналда намойиш қилинишини ўша илиқ сўз, деб қабул қилди.

Фақат шунинг учун кўрса бўлади бу фильмни.

Яна ўзингиз биласиз...
XS
SM
MD
LG