Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:32

Ўзбекистон президенти яна бир неваралик бўлди


Янги меҳмоннинг ота-онаси Лола Каримова ва Тимур Тиллаев.
Янги меҳмоннинг ота-онаси Лола Каримова ва Тимур Тиллаев.

Ислом Каримовнинг бешинчи невараси Сафиянинг 28 июн куни Францияда туғилгани эълон қилинди.


Ҳар куни дунëда 365 минг атрофида бола туғилади. Бу жумлаларни ўқиган заҳотимиз дунë яна 18 кишига кўпайди - бир дақиқа ичида куррамизда 180 бола туғилмоқда.

Фарзанд қувончи шоҳу гадо¸ бой ва камбағалга бирдек насиб этувчи неъмат.

28 июн куни Ўзбекистон президенти қизининг хонадонида ҳам чақалоқ овози янгради.

Президентнинг иккинчи қизи Лола Каримова – Тиллаева қиз фарзанд кўрди. Сафия деб исм қўйилган бу чақалоқ Лола Каримова - Тиллаеванинг учинчи фарзанди, Ўзбекистон президентининг бешинчи невараси бўлди.

БМТнинг маданият идораси - ЮНЕСКОда Ўзбекистон элчиси ҳисобланмиш Лола Каримова ўз расмий сайтида учинчи фарзанд кўрганини уч тилда - инглиз¸ рус ва ўзбек тилида жамоатчиликка эълон қилди.

“Ўз гўдагини бағрига биринчи бор босганда ҳар бир аёл бу дунёдаги бирламчи вазифасини англаб етади, ва унинг қалбини чексиз шукроналар ва бахт туйғуси қамраб олади. Парвардигор шундай қувончни менга учинчи бор ато этганидан мен ниҳоятда бахтиёрман! Бизнинг оиламизга жажжигина қизалоғимиз Сафия қўшилди ва биз бу қувончли янгилик билан улашишдан бениҳоят мамнунмиз!”-деб ëзди Каримова-Тиллаева хоним.

Лола Каримова учинчи фарзандига тўлғоқ тутган кундан икки кун ўтиб Париж Олий суди унга нисбат берилган “диктатор қизи” жумласини машруълаштирди. Суд ҳукмига кўра, президентнинг қизи ва Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакилини "диктаторнинг қизи", Ўзбекистон президентини "диктатор", деб атаган француз журналисти Огустен Скалберт ўз мақолаларида билдирган фикрлар ҳақиқат деб тан олинди.

Бу қарор янги туғилган чақалоқни "диктаторнинг невараси" деб аташ учун ҳам асос бўлиши мумкин.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни яна бир бор набиралик қилган Лола Каримова 3 июл куни 33 ëшга кирди.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатия институтини хатм қилган Лола Каримова Ўзбекистон миллий университетида руҳшунослик бўйича фан номзоди даражасини олган.

Лола Каримова Ўзбекистондаги сағир болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Сен ëлғиз эмассан" жамғармасига раҳбарлик қилади.
Кузатувчиларга кўра¸ Лола Каримова-Тиллаева ўз опаси Гулнора Каримова соясида қолиб келади. Каримовалар оиласини яхши билганлардан бирининг Озодлик билан суҳбатда айтишича¸ Ўзбекистон президенти катта қизини кичигидан кўра кўпроқ яхши кўрган.

Интернетдаги Kompromat.ru нашрига кўра, 1990 йил ўрталарида Лола Каримова Тошкент марказида Basha тунги кўнгилочар клубини очади. Кейинчалик бу клуб Club 25 номини олди. Айни манбага кўра¸ Лола Каримова қимматбаҳо машиналарга ўчлиги билан ҳам ажралиб туради¸ унинг гаражида Porsche Cayenne S, Mercedes-Benz SL-55 AMG, BMW M6 русумидаги қимматбаҳо машиналар бор. Kompromat.ru нашрига кўра¸ яқинда Лола Каримова - Тиллаева алоҳида буюртма қилиб люкс русумида йиғилган «Майбах» соҳиби бўлган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг дипломат мақомидаги Лола Каримова бу машина учун 400 мингдан кўп пул тўлагани айтилади.

Лола Каримованинг тунги клублардаги маишати АҚШниинг Тошкентдаги элчиси назарига тушиб¸ Вашингтонга юборилган номаларга ҳам мавзу бўлган эди. "Лола арқонни узди" деб номланган бу махфий ëзувлар WikiLeaks нашрида эълон қилинган эди.

"Каримова одатда Тошкентда битта бўлган Porsche Cayenne S Sports Utility машинасида кечки соат 10 ларда, анъанавий рақслар шоуси бошланишига келади ва тонг саҳаргача дабдабали дискотекада ҳолдан тойгунча рақсга тушади. Ўзи учун ажратилган махсус кабинада, тўртта тан соқчисининг ҳимояси остида ўтирадиган Лола Каримова сезиларли миқдорда алкогол ичимликларни ичиб, рақсга тушади. "Бархан" клубининг “Тимур”, деб танилган хўжайини ва Каримованинг бандитларга ўхшаган йигити навбатма-навбат у билан рақсга тушади"¸ деб ëзилади АҚШ дипломатларининг Вашингтонга йўллаган махфий ëзувларида.

WikiLeaks нашри эълон қилган ëзувларда Лола Каримованинг "Бархан" ресторанидаги кайфу сафоси тасвирланган. Воқеалар ривожи Каримованинг кайфу сафолардан масофаланиб уч боланинг онаси бўлганини кўрсатмоқда.

Айнан кенжа қиз Лола журналистларнинг ўз отасини "диктатор" деб аташига қарши чиқиб¸ француз мухбирини Париж маҳкамасига берди. Маҳкаманинг 1 июлдаги қарори Лола Каримова талабини қондирмади - Лола Каримова "диктаторнинг қизи" мақомида қолди.
XS
SM
MD
LG