Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:08

Ўзбекистон темир йўллари: АҚШ ҳарбийлари учун ҳалокат муқаррарми?


Ўзбек темир йўлларининг абгор аҳволини кўргач¸ мен поездга чиқишга ҳам қўрқдим¸ деб ëзади америкалик муҳандис Вашингтонга йўллаган нотасида.
Ўзбек темир йўлларининг абгор аҳволини кўргач¸ мен поездга чиқишга ҳам қўрқдим¸ деб ëзади америкалик муҳандис Вашингтонга йўллаган нотасида.

Ўзбекистон темир йўлларининг техник аҳволи Америка муҳандислари ва расмийларини жиддий ташвишга солмоқда.


Афғонистондаги АҚШ ва НАТО ҳарбийлари таъминоти учун қарийб ҳаëт-мамот йўлига айланиб қолган Шимолий таъминот тармоғининг Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи қисми Вашингтон расмийлари учун қўрқув манбаига айланиб бормоқда.

Washington Post газетасининг ëзишича¸ Покистондаги нотинчлик ва айниқса Исломобод-Вашингтон муносабатларининг совуқлашиб бораëтгани оқибатида АҚШ ҳарбийлари Покистон ҳудудидан ўтувчи Жанубий таъминот тармоғига қарамликни тобора камайтиришга киришган. Оқибатда¸ АҚШ ҳарбийларининг Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтаëтган Шимолий таъминот тармоғига қарамлиги ортмоқда ва бугунда мазкур тармоқ орқали Афғонистонга кираëтган ҳар олти поезддан бештаси Ўзбекистон ҳудудидан ўтмоқда. Пентагон режасига кўра¸ 2011 йил охирига бориб¸ Афғонистондаги ҳарбийларга юборилаëтган жами юкларнинг 75 фоизи Шимолий таъминот тармоғи орқали юборилади. АҚШ ҳарбий юклари ортган сайин¸ совет даврида қурилиб¸ эскириб улгурган Ўзбекистон темир йўлларига тушаëтган босим ҳам кучаймоқда ва АҚШ йўл муҳандислари фикрича¸ бу йўлларда яқин келажакда катта фалокат рўй бериш таҳликаси ҳам ортмоқда.

Бундай ҳалокат эҳтимоли ҳақида АҚШ муҳандислари дипломатик каналлар орқали 2009 йилдан бери Вашингтон расмийларига қатор огоҳлантув юбориб келмоқда.

АҚШ махфий дипломатик ëзишмаларини жамоатчиликка ошкор қилиб келаëтган Wikileaks ахборот гуруҳи ўз сайтида чоп этган ана шундай ëзишмалардан бирида¸ номи келтирилмаган манба Ўзбекистон темир йўлларининг мўрт ва дарз кетган аҳволда экани ва юк поездлари бу йўллар орқали одатий юкнинг ярмидан кўпини олиб ўта олмаслигини ëзади. Боз устига¸ совет даврида қурилган паровозлар тик қияликдан катта юк билан тушишга мослашмаган¸ муҳандислар тоғдан тушар экан¸ тинимсиз тормозга босишга мажбур бўлмоқда¸ деб ëзади мазкур манба.

"Поездлар тоғдан текисликка тушиб бўлгунга қадар¸ ғилдираклар ўт олиш даражасида қип-қизил чўғга айланиб улгуради. Бу йўллар орқали юк ташишнинг қанча вақт олишидан даҳшатга тушмай илож йўқ. Ўзбекистон темир йўлларининг Қаршидан Ҳайратонга қадар бўлган қисмида ҳалокат эҳтимоли жуда баланд бўлганидан¸ мен бу поезга чиқишдан бош тортдим"¸ деб ëзади Вашингтонга огоҳлантирув йўллаган америкалик муҳандис.

Шимолий таъминот тармоғининг Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи 200 чақиримлик қисмида ҳозирга қадар бирор поезд ҳалокати қайд этилмаганини таъкидлаëтган АҚШ расмийлари¸ айни пайтда транзит юклар ҳажми оширилишидан манфаатдор Ўзбекистон ҳукуматининг бу йўлларни таъмирлашга ваъда берганини айтмоқда. Хусусан¸ йил бошида Тошкент Япониядан Афғонистонга борувчи йўлларни таъмирлаш мақсадида 218 миллион доллар қарз олди.

Ўзбекистон темир йўллари орқали ташилиши кутилаëтган АҚШ юклари ҳажмининг келаси йилдан янада ошиш имкони ҳам улар техник аҳволига жиддийроқ қараш заруратини кучайтирмоқда.

Дипломатик манбаларининг Washington Post мухбирига билдиришича¸ ҳозирда Афғонистонга қўшни давлат ҳукуматлари билан 2012 йилдан бошлаб чиқариладиган АҚШ қўшинлари ва ҳарбий техникасини қайси йўналишда транзит қилиш борасида музокаралар бормоқда. 2012 йил сентябрига қадар Афғонистондаги қўшинларининг учдан бир қисми - 33 минг аскарини олиб чиқишга қарор берган Вашингтон икки томонлама транзит учун рухсат олиш ниятида Ўзбекистон билан ҳам сўзлашувлар ўтказмоқда ва айни мавзунинг Тошкентга тез-тез келаëтган Вашингтон расмийлари музокараларидаги асосий мавзу экани тахмин қилинмоқда.

АҚШ ҳарбийларининг таъминот йўли борасида борган сари авторитар Ўзбекистон ҳукуматига қарам бўлиб бораëтгани ҳам Америка жамоатчилиги¸ ҳам унинг иттифоқчилари орасида ташвиш уйғотмай қолмаëтир.

Аммо бундай хавотирларни аритишга уринаëтган АҚШ расмийлари¸ Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликнинг аста-секин кенгайиб бораëтгани Тошкент ҳукуматининг инсон ҳақлари ва демократия соҳасидаги сиëсатига ҳам ижобий таъсир қилишига умидвор эканини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG