Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:25

Ўшда ноқонуний "қувди-қувди"лар тўхтамаяпти


Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари Бешкапа маҳалласида 17 киши тиркалган рўйхат асосида қидирув бошлади.

Бешкапалик аёллардан бирининг айтишича, шу кунгача 4 нафар бешкапалик сўроққа тортилган:

- Ўн адирнинг йўлидаги Бешкапа қишлоғида, Первокультурная кўчасида яшовчи 17 нафар болани ёзиб чиқиб кетган эди. Кеча ота-болани машинага солиб, ГОВДга олиб чиқиб кетди. Уларни кечқурунда қўйиб юборди. Кейин яна бир эр-хотинни шундай қилиб олиб кетди. Энди тўғрисини айтайлик мусулмончилик қилиб, пул бердими, бермадими, урдими, сўкдими - бизга айтмаяпти. "Бизни айтманглар, кейин улар бизни ёмон қилади", деб қўрқаяпти, - дейди исми ошкор қилинишини истамаган бешкапалик аёллардан бири.

Унинг сўзларига кўра, Бешкапа маҳалласига сўнгги бир неча кун давомида шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари кўп келмоқда, бироқ улардан бирортаси ўз идорасидан бешкапаликларга чақирув қоғози олиб келмаган.

- Фуқаролик кийимида, ГОВДдан, ҳалиги болаларни кўчадан ушлаб келадиганлар экан. Битта машинанинг номери 0100SA. Бугун ҳам Тикода бир қирғиз хотин ҳайдовчиси билан келиб, маҳалламизни айланиб кетди. Кунда гражданский формада келиб, айланиб кетаяпти. Ўтиб кетаётган болани соткага суратга олаяпти. Маҳалладаги болаларнинг ҳаммасини сурати бор экан, - дейди бешкапалик аёл.

Суҳбатдошимиз тилга олган 17 кишилик рўйхатда унинг ўғли ҳам бор.

- Ҳозир “мана шу маҳалланинг болалари 20 кунлик чақалоқни ўтган йил 12 июнида ўлдирган” дея айблаяпти. Менинг болам 26 майда аэропорт орқали учиб кетиб, шу йил 7 март куни Қирғизистонга келган. Рўйхатдагиларнинг энг кичиги 1996 йилда туғилган бола экан. Қолганлари 1988, 1990, 1991 йилда туғилган, орасида 1971, 1973 йилда туғилган бола-чақали йигитлар ҳам бор. Ҳайрон бўлаяпмиз, нима қилишни билмаймиз. Улар “Верховнийга бор, Ўтинбоевага бор, ҳеч кимнинг қўлидан келмайди”, деяпти. Нима қилишга ақлим етмай қолди, - дейди бешкапалик аёл.

Озодлик суҳбатдоши ҳуқуқий кўмак сўраб, бир неча ҳалқаро ташкилотларга мурожаат қилишганини айтади:

- ОБСЕга борсак, ООНга юборди. ООНга борсак, “адвокат берамиз, бир сўм пул тўламайсизлар”, деди, - дейди бешкапалик аёл.

Куннинг иккинчи ярмида Ўшдаги БМТ қочқинлар идораси кўмагида бешкапаликларга адвокат ажратилгани ҳамда у мазкур иш юзасидан Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига жўнаб кетганидан хабар топдик.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ходими Замир Сидиқовдан эса бу борада кун давомида изоҳ ололмадик - жаноб Сидиқов телефон гўшагини кўтармади.

Кун давомида боғланишга муваффақ бўлганимиз Қирғизистон хукумати аппаратининг ахборот сиёсати бўлими раҳбари Қодир Тўқтўғулов Ўш ва Жалолободдаги ноқонуний ҳибслар юзасидан Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, бу борада яқин кунларда бизга маълумот беришга ваъда қилди.

Унинг айтишича, Бош вазир Алмазбек Атамбаев Ички ишлар вазирлиги ходимлари олдига миллий асосда дискриминацияга йўл қўймаслик талабини мунтазам равишда қўйиб келади.

"Фуқаролар коррупцияга қарши" ташкилотининг исми ошкор қилинмаслигини истаган ходими ўшликларни ноқонуний ушлаб кетиш ҳолатлари бўйича уларга кун сайин аризалар келиб тушаётганини айтади.

- Ҳафта давомида бизнинг ишхонага камида уч-тўртта ариза тушади. Баъзилари ўзи йўлини топиб чиқаяпти. Биз адвокатларни, халқаро ташкилотларни жўнатаяпмиз. Уларнинг аралашуви туфайли чиқишаяпти. Кўп ушланган одамлар ўзини айбдор, дея гувоҳлик бераяпти. Шу асосда кўпчилик қамалаяпти. Ноқонуний таъсирлар туфайли ўзига қарши гувоҳлик бераяпти. Конституциямизда ҳам одам ўзига қарши берган гувоҳлиги асосида қамалиши мумкин эмаслиги айтиб қўйилган, - дейди "Фуқаролар коррупцияга қарши" ташкилотининг ходими.

Ўшдаги ҳалқаро ташкилотлардан бирининг хабарига кўра, сўнгги бир ой ичида Қирғизистон жанубий пойтахтида 15 нафар ўзбек ушлаб кетилиб, сўроққа тортилган.

Хусусан, 16 июн куни Черемушки мавзесидан уч нафар, Қизил қишлоқ қишлоғидан 5 июл куни бир нафар, 6 июл бир нафар, 9 июл куни уч нафар фуқаро ушлаб кетилган. Шунингдек, 30 июн куни Увомбўйи маҳалласида 2 киши, 9 июл куни эса 10-ҳудудий кенгашдан 3 киши ушлаб кетилиб, кейинчалик қўйиб юборилган. Бу кишиларнинг айримлари муайян пул эвазига озод этилганлари ҳақида маълумотлар бор.
XS
SM
MD
LG