Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:07

Бош вазир илк бор парламентга ҳисобот беради


Шавкат Мирзиëев¸ гувоҳларга кўра¸ фақат хорижий меҳмонлар ҳузуридагина тишининг оқини кўрсатадиган раҳбарлардан бири...
Шавкат Мирзиëев¸ гувоҳларга кўра¸ фақат хорижий меҳмонлар ҳузуридагина тишининг оқини кўрсатадиган раҳбарлардан бири...

Ўзбекистон Бош Вазири 15 июл куни илк бор Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида ҳисобот беради.


Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев илк бор парламентга қилинган ишлар ҳисоботини тақдим этади. Бош вазир 15 июл куни депутатлар олдида чиқиш қилиб, демократик бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни янада либераллаштириш учун ҳукумат томонидан қандай чоралар кўрилаётгани, шунингдек, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”да давлат дастурлари қандай амалга оширилаётгани тўғрисида ҳисобот бериши керак.

Жорий йилнинг 19 апрел куни Ўзбекистонда Конституциянинг 78-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун кучга кирган эди.

Мазкур ўзгартишларга мувофиқ, Ўзбекистон парламентининг қуйи ва юқори палаталарига мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий долзарб масалалар бўйича Бош вазир ҳисоботини эшитиш ва уни муҳокама қилиш ваколати берилган.

Ўзбекистон телеканалларида деярли кўринмайдиган, бирор марта Бош вазир сифатида журналистлар саволларига жавоб бермаган Шавкат Мирзиёев энди камида бир-икки соат давомида ҳисобот тақдим қилиши ва депутатлар саволларига жавоб бериши керак. (Агар саволлар бўлса, албатта.)

Парламент қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси олдидан, Озодлик Ўзбекистон Либерал демократик, Халқ демократик партияларининг парламентдаги фракциялари депутатлари ва сенаторлар билан боғланиб, Бош вазирнинг илк бор парламентга ҳисобот бериши юзасидан фикр сўради. Бироқ улардан, ҳисобот тинглангандан сўнггина бу ҳақда бир нарса айтиш мумкин, деган жавоб олинди.

Хўш, Бош вазирнинг парламентга ҳисоботи мамлакат иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётида бир ўзгариш яратадими?

Мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, Бош вазирнинг парламентга ҳисобот бериши хақида конституцияга ўзгартиш киритиш билан Ислом Каримов арқонни яна узунроқ ташлаб қўйди:

- Умуман унинг олдига қўйган вазифалари шундан иборатки, бир томондан у ўзига, яъни Каримовга бўлаëтган бир босим яъни ижтимоий-иқтисодий вазиятга яъни фақат Каримов масъул деган фикрдан имкон қадар ўзини енгиллатиш, бошқа томондан эса Бош вазирга ижтимоий-иқтисодий блокни юклаш ва уни масалан¸ нафақат Каримов ўз қўли билан балки парламент орқали ҳам бошқаришга интилиш дейиш мумкин.

Бу мураккаб бўлган сиëсий технология. Бу технологиянинг вазифаси “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий вазият учун президент эмас¸ Бош вазир масъул¸ жумладан парламентга ҳам у ҳисобот беради¸ деган фикрни оммага сингдиришдир. Барча саволлар унга қаратилиши керак. Агарки, ижтимоий-иқтисодий вазият қониқарсиз бўлса, бу вазиятни парламент кузатиши керак ва агарки вазият ҳаддан ташқари ачинарли бўладиган бўлса, у истеъфога бериш керак” деган маънода жамиятга бир сигнал юбормоқчи назаримда, - дейди сиёсатшунос.

Кузатувчилар¸ Ўзбекистон парламенти депуталарини мўмин-қобил халқ вакиллари сирасидан эканлигини айтар экан, парламент ҳеч қачон ҳукумат қарорларини қаттиқ танқид остига олмаганлиги, деярли барча қонунлар ортиқча тортишувларсиз аксарият овоз билан қабул қилинишини таъкидлашади.

Шундай бир шароитда парламент депутатлари ёки сенаторлар Бош вазирга ҳисобот юзасидан танқидий фикр билдира оладими?

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича бундай бўлмайди:

- Йўқ, биласизми бу ерда биринчидан асосий омил Ўзбекистон парламентидаги, яъни Қонунчилик палатасидаги асосий партия Ўзбекистон Либерал-демократик партияси. Энг катта жойни бу партия эгаллаган. Қолган партиялар ҳам масалан иккита-учта партия у билан битта блокка киради¸ демократик блок дейишади. Бу ўтган чақириқда бўлган эди, лекин ҳалигача мана шу формат қандайдир сиëсий аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Иккинчидан, мана шу партия сиëсий кенгашнинг аъзоси Шавкат Мирзиëев. Умуман вазият шундайки, либераллар партиясининг асосий спонсори ва асосий патрони бу Ўзбекистондаги Бош вазир Шавкат Мирзиëев. Ҳалигача ҳам партиянинг ғазнасига пул тушишини шахсан унинг ўзи назорат қилади,- дейди Камолиддин Раббимов.

Шунинг учун ҳам, деб сўзида давом этади сиёсатшунос, партия фақат президентнинг буйруғи билангина унга босим ўтказиши мумкин:

- Шу нуқтаи назардан¸ менимча¸ партия фақатгина Каримовнинг буйруғи билан унга босим ўтказиши мумкин¸ агар шундай буйруқ бўладиган бўлса. Лекин мен ўйлайманки, ҳали Ўзбекистонда парламентаризмнинг аҳволи жуда ҳам абгор. Жуда ҳам қўлидан келганида бошқа бир партиялар, айниқса Халқ демократик партияси нисбатан либераллардан кўра мустақил партия ҳисобланади. Мана шу партия Шавкат Мирзиëевга унчалик ëқимли бўлмаган саволлар бериши мумкин¸ холос, - дейди сиёсатшунос.

Унинг фикрича, сўнгги йилларда Шавкат Мирзиёевнинг Бош вазирлик лавозимидан бўшатилиши ҳақида кўпайган миш-мишларга қарамай¸ ҳозирча Каримовнинг ягона ишонган одам Шавкат Мирзиёев бўлиб турибди:

- Биласизми, бу фикр анчадан бери бор. Адашмасам¸ 2007 йилда биринчи марта катта шов-шув тарқатилган эди. Бу айнан Ўзбекистон ҳукумати доираларидан туриб тарқатилган эдики, яқинда Шавкат Мирзиëев ишдан кетади¸ деб. Лекин ундан бери¸ адашмасам¸ икки-уч марта мана шундай жуда ҳам жиддий бўлган, ҳамма ишонган шов-шувлар тарқатилди. Лекин ҳар сафар Шавкат Мирзиëев амалида қолаяпти.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Каримовдан кейинги энг қудратли шахс бу Шавкат Мирзиëев. Куч ишлатар тизимларни назоратга олмаганда¸ кадрлар тайинлашда, ижтимоий-иқтисодий соҳага таъсир қилишда энг қудратли шахс бу Шавкат Мирзиëев бўлиб қолаяпти. Йиллар ўтиб Каримовнинг атрофидаги кадрлар¸ яъни Каримовда ўриндош бўлиши мумкин бўлган кадрлар сони салмоғи торайиб бораяпти. Ўша номзодлардан биттаси¸ менинг назаримда¸ Шавкат Мирзиëев.

Ўзбекистон ичкарисидаги вазиятни кузатаëтган ва ҳукумат билан бир қадар алоқадор бўлган шахсларнинг ишончи комилки, кейинги бўлажак президент, уларнинг айтиши бўйича Шавкат Мирзиëев. Каримов Шавкат Мирзиëевга ставка қилиб бўлган. Ҳар хил мана шунга ўхшаган сиëсий технологиялар, миш-мишлар орқали Шавкат Мирзиëевга бўлиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олди олиб турилади. Ундан эътиборни қочириш учун, унга босимларни тўхтатиш учун шундай гаплар тарқатилади¸ деган фикр сиëсий элитада кенг тарқалган, - дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG