Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:47

Ғозиевлар оиласи Истанбулда ҳибсда қолмоқда


Туркиядаги "Mazlumder" ташкилоти Ғозиевлар оиласини адвокат билан таъминлади.
Туркиядаги "Mazlumder" ташкилоти Ғозиевлар оиласини адвокат билан таъминлади.

Ўзбекистон сўровига кўра ҳибсга олингани айтилаётган Шавкат Ғозиев Истанбулдаги Ота Турк халқаро аэропортидаги ҳибсхонанинг эркаклар қисмида, унинг рафиқаси Феруза Ғозиева саккиз ойлик ўғли Исмоил ҳамда қизлари 16 ёшли Дурдона ва 10 ёшли Мўбиналар билан биргаликда аэропортнинг аёллар ҳибсхонасида ушлаб турилибди.

Бу ҳақда Озодликка Шавкат Ғозиевнинг тўнғич қизи Дурдона Ғозиева маълум қилди.

- Дадамни эркаклар билан бирга қамаб қўйган. Биз аëллар билан бирга. Биз мана 5 кун бўлди қамоқда ўтирибмиз,- деди Дурдона Ғозиева.

Асли қўқонлик ва диний мотивларда айбланиб қидирувга берилгани айтилган Шавкат Ғозиев, рафиқаси ва уч фарзанди билан 21 июл куни Истанбулдаги Ота Турк аэропортида ушланган ва ушбу оиланинг Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар пайдо бўлган эди.

Ҳибсга олиш пайти полиция томонидан калтаклангани оқибатида қулоғи яхши эшитмай қолганини айтган Феруза Ғозиева билан унинг қизи Дурдона ёрдамида суҳбатлашдик.

Феруза Ғозиевага кўра, Туркия полицияси уларнинг Ўзбекистонга депортация қилиниши ҳақида огоҳлантирган.

- “Кетасан, кетасан, депорт, депорт” деб юрибди. Билмайман энди. Бир нарсаларга қўл қўйдиришди. “Адвокатсиз ҳеч нарсага қўл қўймаймиз” десак, мажбурлаб қўл қўйдиришди. Кеча келиб яна мажбурлаб бармоқ изимизни ҳам олишди. Кеча яна бир нимага қўл қўй, деган эди, мен “Адвокатсиз ҳеч нарсага қўл қўймайман” дедим. “Мана куëвинг қўл қўйган. Сен ҳам қўл қўйгин” деди. “Қани, мен кўрсам бўладими шу қўл қўйганини?” десам, “Мана қўл қўйди” деб менга бошқа кишининг имзосини кўрсатаяпти. “Бу хўжайинимнинг имзоси эмас. Мен қўл қўймайман” дедим. “Сен ҳеч нарсага қўл қўймасанг, адвокатинг ҳам кира олмайди” деди. “Майли. Адвокатсиз мен қўл қўймайман” деб ҳозир қўл қўймай турибман. Адвокат бор, уни киргизишмаяпти,- деди Феруза Ғозиева.

Ғозиевлар оиласининг адвокати Абдул Ҳалим Йилмасга кўра, Ғозиевлар оиласининг ҳибсга олинганидан беш кун ўтиб унга оила аъзолари билан учрашишга рухсат берилган.

- Бугун менга адвокат сифатида Ғозиевлар оиласи билан учрашишга расман рухсат берилди. Айни пайтда Ғозиевлар оиласи БМТнинг қочқинлар идорасига қочқинлик мақоми сўраб, илтижо мактуби ёзишди. Бу мактуб расман қабул қилинди. Ҳозирда улар расман қочқинлик изловчи мақомига эга. Айни пайтда уларнинг кейинги тақдири бўйича Туркия Ички ишлар вазирлигидан расмий очиқлама кутаяпмиз. Шунингдек, Анқара уларни Ўзбекистонга қайтариб юбориш ёки юбормаслик ҳақида энг сўнгги қарорни беради. Ҳозир биз ушбу қарорни кутаяпмиз. Ўйлаймизки, улар Туркиядан чиқариб юборилмайди,- дея ишонч билдирди Абдул Ҳалим Йилмас.

Туркия полицияси дастлаб Шавкат Ғозиевни муқаддам бу давлатга келганлик ва депортация бўлганликда гумон қилиб, ҳибсга олганини айтган, бироқ кейинчалик ушбу оиланинг Ўзбекистон сўровига кўра ушлангани айтилиб, уларни депортация қилишга ҳозирлик кўрилаётгани ҳақида маълум қилинган эди.

Озодлик таҳририятига Шавкат Ғозиев номидан келган мактубда айтилишича, у илк бор 1996 йилда Ўзбекистонни тарк этган акаси – Қўқон Жомеъ масжидида мударрислик қилган Акмал Ғозиев ваҳҳобийлик оқимига алоқадорликда айбланиб, қидирувга берилгани ортидан ҳибсга олинган.

Акасининг қаерда эканини билмагани боис ўзининг қийноққа солингани ва охир-оқибатда, 1999 йилнинг октябр ойида 3 йиллик қамоққа ҳукм қилинганини ёзган Ғозиев, 1 йил турмада ўтиргани ҳамда катта пора эвазига қамоқдан чиқиб, Ўзбекистонни тарк этганини билдирган.

Чимкентда 7 йил яшаган Шавкат Ғозиевга кейинчалик оиласи ҳам келиб бирлашган ва яқинда ўзбекистонлик 29 қочқин Ўзбекистонга бериб юборилганидан сўнг бу оила Туркияга кўчиб ўтишга мажбур бўлганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG