Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:41

Сурия Анқара-Теҳрон ўртасига совуқчилик солиши мумкин


Ассад режими Туркия таянчидан маҳрум бўлди.
Ассад режими Туркия таянчидан маҳрум бўлди.

Сурия аксилҳукумат намойишларининг қонли бостириш тўғрисидаги қўшни Туркия чақирувларни беписанд қолдирди. Айни пайтда расмий Анқаранинг президент Башар ал-Ассадга нисбатан танқидлари кучаяр экан, бу Сурия режимини қўллаб-қувватлаётган Эрон билан Туркия ўртасидаги можарони келтириб чиқарди.


Сурия ва Эрон билан дўстлик алоқаларини ўрнатиш кейинги йилларда Туркия ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб келаётган эди.

Шунга қарамасдан, Сурияда юзага келган ва баъзи ҳисоб-китобларга кўра 2 мингга яқин одам ҳалок бўлган аксилҳукумат намойишлари туфайли Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғлининг “қўшнилар билан муаммолар яратмаслик” қабилидаги сиёсати савол остида қолмоқда.

Анқаранинг Дамашқ билан алоқаларига путур етаёзгани 9 август куни Довутўғли қўшни давлатга ташриф буюриб, Туркия яқин алоқалар ўрнатиш учун кўп вақт сарфлаган Сурия президенти Башар ал-Ассадни зўравонликларни тўхтатишга кўндиришга уриниб, бунга эриша олмаганидан маълум бўлди.

Довутўғлининг Ассадни намойишларни қонли бостиришни бас қилиш, акс ҳолда, Ливия етакчиси Муаммар Қаддафий сингари яккаланиб қолишидан огоҳлантирганига қарамасдан, Сурия расмий агентликлари президент Ассад Туркия дипломатига Дамашқ “террорчиларни таъқиб қилишда давом этажагини” айтди, деган хабарни тарқатди.

Анқарага қайтиб келгач, Довутўғли Туркия бундан буён Ассад режимини эмас, аксилҳукумат намойишчиларини қўллаб-қувватлашига ишора қилди:

- Ўнгимиздаги кунларда, ойлар эмас, кунларда жиддий жараёнларни бошдан кечирамиз. Ўнгимиздаги кунлар, ҳафталар давомида муҳим қадамлар қўйилгач, бу жараёнлар қандай кечиши ойдинлашади. Ҳар доим айтиб келганимиз каби, бу жараёнларнинг қандай кечиши биз учун Сурия халқининг иродасини акс эттириши билан белгиланади, - деди Туркия вазири.

Анқаранинг Ассад режими ҳаракатларини қоралаши Туркиянинг шу пайтгача ривожланиб келаётган Эрон билан алақалари учун оқибатлари бўлиши мумкин. Теҳрон Ассад ҳукуматини қатъий қўллаб келмоқда ва баъзи хабарларга кўра, намойишларни бостиришда кўмаклашган бўлиши мумкин.

Эрон йиллар давомида Дамашқнинг яқин иттифоқчиси ҳисобланиб келган. Иккала давлат ҳам Ливандаги шиаларга қарашли Ҳизбуллоҳ гуруҳи орқали яқин алоқаларни ўрнатган.

Лекин сўнгги йилларда Теҳрон НАТО ва Ғарбнинг муҳим иттифоқчиси ҳисобланган Туркия билан ҳам яқинлаша бошлади. Яқин алоқалар туфайли икки давлат ўртасида савдо ривожланди ва Анқара БМТда Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ санкцияларнинг жорий қилинишига қарши чиқиб келаётган эди.

Истанбулдаги Маданият Университетининг Халқаро муносабатлар факультети раҳбари ва Эронда ишлаган собиқ дипломат Мурод Билҳан Ассад режимига қарши чиқиш Анқара учун Теҳрон билан муносабатларни хавф остига қўйиш демакдир, дейди.

- Туркия билан Эрон ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб бормоқда. Анқаранинг Сурия бўйича позицияси Эронни хафа қилиши мумкин. Улар бу вазиятда Туркияни Ғарбнинг иттифоқчиси ва қайсидир маънода Ғарбнинг минтақадаги вакили сифатида кўришлари мумкин, - дейди профессор.

Эрон давлат матбуоти Туркиянинг Ассадга қарши позициясини очиқ танқид қилмоқда. Масалан, 9 июн куни Эроннинг Press TV канали Суриядаги намойишларга Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон олиб бораётган сиёсат сабаб бўлганини таъкидлади.

Эрон билан алоқалар савол остида қолаётганига оид хавотирлар боис Довутўғли июл ойида Теҳронга сафар қилди. Туркия Ташқи ишлар вазирлигидаги баъзи манбаларга кўра, Довутўғли Эрон расмийларини Анқара позициясини қабул қилишга кўндиришга уринган.

- Сурия хусусида ўзаро келишмовчиликлар бор, чунки бизнинг фикримизча, норозиликлар ортида халқ ҳаракатлари турибди, улар эса, яъни эронликлар "норозиликлар четдан туриб уюштирилмоқда", деб ўйлайди, - деди Озодликка исми сир қолишини истаган дипломат.

Унинг айтишича, “Эронликлар Сурияда ислоҳотлар амалга оширилиши лозимлигини билади, лекин улар Ассаднинг ҳокимият тепасида қолишини истайди. Биз уларга Ассад режимига қарши эмаслигимиз, лекин мамлакатда баъзи ислоҳотлар татбиқ этилиши шартлигини айтдик. Шунинг учун ўзаро келишмовчиликларимиз баъзи деталларда, холос. Довутўғли Сурияда ташқаридан ҳеч қандай аралашув бўлмаслиги лозимлиги, лекин бу Эронга ҳам тааллуқли эканини урғулади.”

Туркия расмийларининг таъкидлашича, Анқаранинг Сурия бўйича позицияси юзасидан Эрон танқидлари Довутўғлининг Теҳронга сафаридан кейин юмшаган.

Айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгашидаги дипломатларнинг айтишича, Суриядан ташвишли хабарлар келишда давом этмоқда.

Чоршанба куни Хавфсизлик кенгаши аъзолари ёпиқ эшиклар ортида ўтган мажлисда БМТ Бош котиби ёрдамчиси Оскар Фернандез Таранконинг вазиятга доир ҳисоботини тинглади.

Британия элчиси Филлип Парҳам олинган маълумотга кўра, ҳозирга қадар Сурияда ҳукумат қўшинлари томонидан 2 мингга яқин тинч фуқаро ўлдирилган, 13 мингга яқин одам ҳибсга олинган, дея баён қилди. Ўн минглаб одамлар ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган ва бир неча минг қочқин Туркия ҳудудида қолмоқда.

Британия дипломатига кўра, Сурия режими инсон ҳуқуқларини топташ ва ҳарбий репрессияларни давом эттирган тақдирда Хавфсизлик кенгаши “қўшимча чоралар”ни қўллаш масаласини кўриб чиқиши мумкин.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Сьюзан Райс Вашингтон “легитимлигини йўқотган” президент Башар ал-Ассаднинг кетиши “Сурия учун яхшилик” бўлади, деб ҳисоблашини баён қилди.

Суриянинг БМТдаги элчиси Башар Жаъфарий эса “нотўғри” маълумотларни қоралаб, Суриядаги вазиятни жорий ҳафтада Британияда юзага келган тартибсизликларга қиёслади.
XS
SM
MD
LG