Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:48

Фарғона шаҳар ҳокими ишдан олинди


Кузатувчилар¸ ишдан кетган навбатдаги ҳокимдан ҳам оддий халқ учун айтарлик иш қолмаганини таъкидламоқдалар.
Кузатувчилар¸ ишдан кетган навбатдаги ҳокимдан ҳам оддий халқ учун айтарлик иш қолмаганини таъкидламоқдалар.

Ҳозирча расман тасдиқланмаган хабарларга кўра¸ собиқ ҳоким Эркин Нуралиев ҳибсга олиниб¸ Тошкентга олиб кетилган.

Озодлик мухбири боғланган Фарғона шаҳар ҳокимияти расмийси Эркин Нуралиевнинг вазифасидан олингани хабарини тасдиқлади¸ аммо бунинг сабаблари ҳақида маълумот беришни истамади.

- Ҳа, ишдан кетишди. Ҳозир ўрниларига вилоят ҳокими ўринбосари (Отабек Мансуров – таҳр.) вақтинча шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб турибди. Нега ишдан кетганини айтолмайман. Унисидан¸ тўғриси¸ хабаримиз йўқ¸ деди Фарғона шаҳар ҳокимиятининг ўзини таништирмаган расмийси.

Шаҳар ҳокимияти расмий саҳифасидан 15 август куни олинган сурат.
Расмий тасдиққа қарамай¸ 15 август куни ҳам Фарғона вилояти ҳокимлиги расмий веб-саҳифасида Эркин Нуралиев ҳамон шаҳар ҳокими деб¸ унинг қарийб бир йилдан бери қамоқда ўтирган собиқ биринчи ўринбосари Бахтиëр Ҳошимов эса¸ ҳамон шаҳар ҳокими ўринбосари сифатида тақдим этилган.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев шаҳар ҳокими ишдан олингани хабари ортидан¸ унинг тафсилотларини ўрганишга урингани¸ аммо ҳозирча Эркин Нуралиевнинг кейинги тақдирига оид маълумот топиш мушкуллигини айтади:

- Бир ҳафтача бурун Фарғона шаҳар ҳокими Эркин Нуралиев лавозимдан бўшаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилибди ва аризаси қондирилибди, деган гапни эшитгандим. Бир-икки кун ўтгандан кейин уни қамоққа олиб, Тошкентга олиб кетишибди, деган гап чиқди. Лекин нима билан айблашаяпти, қандай моддалар билан айблов эълон қилинди ëки бирорта адвокат олдими ëки йўқми бу тўғрисида бирор-бир маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шаҳардаги бор гап - вилоят ҳокими шаҳар ҳокимининг аризасини олиб ишдан бўшатибди. Кўпроқ сабаб “шаҳарнинг собиқ ҳокимининг биринчи ўринбосари терговда эди, шу берган кўрсатмалар бўйича бўлиши мумкин” деган гаплар бор. Лекин аниқ маълумот ҳеч кимда йўқ ҳозир. Конституция бўйича энди сессияда вилоят ҳокими кимни тавсия этса, депутатлар тасдиқлаб беришади. Лекин ҳали унақа сессия бўлгани йўқ, дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

Фарғонадаги хусусий тадбиркорлардан бири ҳам ўз исми айтилмаслиги шарти билан шаҳар ҳокимининг ишдан кетиш сабаблари унинг қамоққа олинган собиқ биринчи ўринбосари Бахтиëр Ҳошимовга бориб тақалишини айтади:

-Ўзини кўрсатгани йўқда бирорта иш билан. Шаҳар ҳокимлигида бир йил бўлди шекилли. Ундан кейин ҳеч қанақа иш қилгани йўқ. Қўрқди-да. Ўйин бўлди у ерда қанақадир. Ундан олдин замҳоким қамалган эди. Кейин қўрқиб қолди. Бузилишлар¸ янги проект келиши керак эди Фарғона шаҳрига. Ҳеч кимга бирор нарса қуриш ëки бошқа қилиш рухсатини бермаëтган эди у ҳоким. Олиб ташлашибди¸ дейишди. Оддий ҳол бўлиб қолди ҳоким алмашиши. Олдинги замҳоким қилди¸ деяпти.

Айрим норасмий манбалар аввалги ўринбосари ортидан ҳибсга олинганини таъкидлаëтган Эркин Нуралиевдан Ўзбекистоннинг энг сўлим шаҳарларидан бири Фарғона учун эсда қоларлик бирор иш қолмади¸ дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев:

- Шаҳарсозлик бўйича жойларни бузишиб, янги қурилишларга ер тарқатиш билан ўтди ҳокимлик даври. Эркин Нуралиевнинг даврида айниқса кўп қаватли биноларга ëки бошқа катта иншоотлар ëнига қурилган пристройкалар бузилди. Кўзга ташланадиган иш мана шулар.

Бир томондан олиб қарасангиз, тўғри қилинган иш бўлди. Хавфсизлик, айниқса ëнғин хавфсизлиги нуқтаи назардан домларнинг ëнида жуда кўп пристройкалар бўлиб кетган эди. Ҳар ким ўзича ўзига ҳудуд ажратиб, уни панжаралар билан тўсиб, кўп қаватли иморатларнинг қиëфаси ҳам анча хунук шаклга келган эди. Кўркамлик томондан яхши бўлди, лекин кўпчиликни норози қилиш ҳоллари ҳам бўлди энди, дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли.

Uzmetronom.com интернет газетасининг ëзишича¸ ҳозирда Тошкентда тергов қилинаëтган Фарғона шаҳар ҳокимига қўйилаëтган айблар орасида ер участкаларини қурилиш учун ноқонуний сотиш¸ Фарғонада кесилган дарахтларни Тошкентга жўнатиш ўрнига¸ уларни Хитойга сотиш каби айблар қўйилмоқда.

Озодлик ўтказган суриштирувдан аëн бўлишича¸ Фарғона шаҳар ҳокимига расмий айблов қўйиш учун асос бўлган даъво аризалари кўпдан тайëр бўлган.

«Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ мурожаатларни кўриб чиқиш учун бошқа давлат органларига асоссиз равишда бериш ёки қарори ёхуд ҳаракати устидан шикоят қилинаётган давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ўзига жўнатиш ман этилади. Фуқаро Ю.Алимовнинг аризасига бўлган муносабатда эса ҳокимлик мутасаддилари ушбу талабга риоя этмаганлар. Ариза муаллифи ўз мурожаатида қонуний асосда қурилаётган савдо дўкони қурилишига Фарғона шаҳар ҳокими Э.Нуралиев қаршилик қилаётганини маълум қилган. Мазкур ариза вилоят ҳокимлигида 8 кун сақланганидан сўнг шаҳар ҳокимининг ўзига юборилган. Шаҳар ҳокими эса нақ 1 ой 7 кундан сўнг ариза лойиҳалаштириш институтига хулоса бериш учун юборилгани ҳақида вилоят ҳокими ва муаллифга жавоб қайтарган. Аммо ариза шаҳар ҳокимлигида узоқ муддат ҳал қилинмагани сабаби ўрганилмаган ва айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал қилинмаган"¸ деб ëзган Фарғона вилоят прокурорининг ўринбосари
Муродил Қурбонов
Ўзбекистон ҳуқуқ идораларининг "Ҳуқуқ ва бурч" журналида чоп этилган "ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚИ ҲИМОЯСИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА" деб номланган мақоласида.
XS
SM
MD
LG