Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:01

Сиëсий қочқин ватанига қайтиб жаримага тортилди


Ҳасан Чориевга кўра¸ Сирғали туман суди ҳукми 15 сентябр куни ўқиб эшиттирилган.
Ҳасан Чориевга кўра¸ Сирғали туман суди ҳукми 15 сентябр куни ўқиб эшиттирилган.

АҚШдан сиёсий бошпана олган қашқадарёлик Бурҳон Чориев суд ҳукми билан 14 минг долларга тенг жаримага тортилди.


15 сентябр куни Тошкент шаҳар Сирғали туман суди ҳукмига кўра, 35 яшар Бурҳон Чориев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) бўйича айбдор деб топилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 600 барабари - 34 320 000 сўм (14 000 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди.

Ўзининг АҚШ да ҳам сиёсий қочқин мақоми¸ ҳам Америкада доимий яшаш ҳаққини берувчи Green Cardга эга эканини айтган Бурҳон Чориевнинг ўзи жаримага тортилгани ҳақида Озодлик билан гаплашишни истамади. Бурҳон Чориев АҚШда яшаëтган Бирдамлик ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг укасидир.

Воқеа тафсилотларини Чориевларнинг отаси, Эзгулик жамиятининг Қашқадарё бўлими фаоли Ҳасан Чориев очиқлади.

- Булар уч ойдан бери олиб юрди ўғлимни суд қиламан деб. Суд қилишиб, сен чегарани ноқонуний бузиб кетгансан¸ деб 223-статянинг 2- части билан айблаяпти. Булар 2005 йил 3 майда Ўзбекистон парламентидан норози бўлиб, 60 фоиз акциямизни қайтариб бермагани учун норози бўлиб чиқиб кетди. Бир йил Қозоғистонда турди булар. Шу билан уларни олиб кетди Америкага.

Озодлик: Бурҳон АҚШда қочқинлик мақомини олганми?

- Олган, ҳа. Қочоқ деб олганда энди. Битта боласи шу ëқда туғилган. Шу боласига гувоҳнома оламан, яна ўзимнинг паспортимга ОВИР қўйдираман деб келса, чегарани бузиб кетгансан¸ деб бермаяпти.

Озодлик: Ҳасан ака, демак ўртадан олти йил ўтгандан кейин қайтиб келаяптими Бурҳон?

- Ҳа, қайтиб келаяпти. Ўзининг паспортига ОВИР қўйиш учун келаяпти ўз розилиги билан. Келганда уч кун қамаб қўйди буни. Кейин Америка элчихонаси аралашгани учун қўйиб юборишди. Энди ҳозир суд чегара қонунини бузган¸ деб жарима солаяптида.

Озодлик: Қанча жарима солаяпти?

- 30 миллиондан зиёд. Доллар эмас¸ сўмга чақаяпти булар. Суд энг кам иш ҳақини 600 баробар кўпайтирган.

Озодлик: Суд тугадими, жарима солиндими?

- Ҳа солинган. Қарор ўқилган.

Озодлик: Қачон ўқиди қарорни?

- Кеча ўқиган. Энди шуни апелляция ëзамиз¸ деяпти. Энди буни яна уч ой чўзади, бошқа қилади, нима бўлади билмайман. 30 миллион пулни қаердан топади булар? Билмасам энди буни, дейди Ҳасан Чориев.

Бурҳон Чориевнинг акаси "Бирдамлик" ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Чориев ҳам Ўзбекистонга келганида "уй қамоғида сақлангани" ҳақида хабар қилинган эди.

Ҳасан Чориевга кўра, 2005 йилнинг майида барча фарзандлари Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати рухсати билан мамлакатдан чиқиб кетган ва АҚШдан сиёсий бошпана олган.

- Мол-мулкимизни талаб қилиб чиққанимизда СНБлар ҳам айтган “мана чиқиб кетинглар” деб. Мен ўша вақтда битта хато қилганманки, ўша пайтда чегарада ОВИР қўйиб бер демаганманда буларнинг паспортига. ОВИРсиз чиқиб кетган.

Озодлик: Ўша пайтда СНБнинг ўзи “чиқиб кетинглар” деб айтганмиди?

- Мен “Мулкимни қайтариб беринглар” дедим. “Қайтариб бера олмаймиз. Мана чиқиб кет Қозоғистон орқали. Биз индамаймиз” деган. Ҳақиқатан чиқиб кетди улар. Индамади лекин.

Озодлик: Ҳасан ака, нечта болангиз чиқиб кетган?

- Америкага еттита ўғлим, олтита келиним, 30га яқин набирам кетган эди.

Озодлик: Буларнинг ҳаммаси қочқин деган мақомни олганми у ердан?

- Ҳа, қочоқ олган. Шунинг учун булар ҳозирга келиб “яна шу оила қўзғалсин, шулар яна кўтарилсин” дегна маънодами билмайман, нима бўлса ҳам биздан қасд олаяптида булар энди, дейди Ҳасан Чориев.

БМТ нинг 1951 йилнинг 28 июл куни қабул қилинган Қочқинлик ҳақидаги конвенциясига мувофиқ¸ у ëки бу давлатда сиëсий қочқин мақомини қўлга киритган шахс ўзи қочган мамлакатига ихтиëрий равишда қайтса¸ бу мақомдан мосуво қилиниши ҳақида огоҳлантирилади. БМТ конвенциясига асосан қочқинга бериладиган ҳужжатда¸ қайтган тақдирда ўз ҳаëтига таҳдид бор¸ деган асосда қочқиннинг ўз ватанига саëҳат қилиши чекланади.
XS
SM
MD
LG