Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:55

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Россиядаги етакчиси ўлдирилди


Фуад Рустамхўжаев
Фуад Рустамхўжаев

24 сентябр куни Россиянинг Иваново шаҳрида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати етакчиларидан бири Фуад Рустамхўжаев отиб кетилди.


Фуад Рустамхўжаев 24 сентябр куни оқшом Иваново шаҳридаги уйи олдида отиб кетилди.

Ҳозирча расман тасдиқланмаган хабарларга кўра, қотиллар таксида унинг уйи олдигача келган ва Рустамхўжаев билан ўзбек тилида қаттиқ-қаттиқ сўзлашишган. Сўнгра эса у ердан отишма овозлари эшитилган.

Иваново вилояти Тергов қўмитаси бошлиғининг катта ёрдамчиси, адлия подполковниги Надежда Суханованинг Озодликка айтишича, терговчилар Фуад Рустамхўжаевнинг ўлдирилишини у олиб борган сиёсий ва тадбиркорлик фаолияти билан боғламоқдалар.

- Тергов тахминларига кўра, 2011 йил 24 сентябр куни кечқурун вилоят марказида тадбиркор ва маҳаллий масжидда вақтинчалик имомлик қилган Фуад Рустамхўжаевга тегишли экани аниқланган шахс жасади ўзи яшаган кўп қаватли уй подъезди ёнида топилди. Унинг танаси ва бошига бир неча маротаба ўқ отиб кетилгани аниқланди.

Иваново вилояти Тергов қўмитаси Фуад Рустамхўжаевнинг ўлдирилиши юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 105 моддаси 1 қисми, яъни қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатди. Терговчилар жиноятни содир этган шахсни аниқлаш ва жиноят билан боғлиқ бошқа тафтиш ишларини давом эттирмоқда,- деди Иваново вилояти Тергов қўмитаси расмийси Надежда Суханова.

Фуад Рустамхўжаев ЎХХнинг Берлиндаги илк Қурултойида фаол қатнашган эди.
Ивановодан Озодлик таҳририятига йўлланган электрон мактубда Рустамхўжаевга қарата олтита ўқ узилгани айтилган.

Фуад Рустамхўжаевнинг Ивановодаги дафн маросими бугун ўтказилади, дейди Озодликка марҳумнинг сафдошларидан бири Искандар Усмонов.

- Шанба куни 23 дан бир неча минут ўтганда бўлган-да бу воқеа. Уни 23:00 да магазинда кўришган экан, нарсаларни кўриб товарларни қараб юрган экан. Лекин бу жиноятни очилиши тўғрисида менда маълумот йўқ, ҳаммада ҳар хил фикр бўляпти. Кўпчилик "заказной" (буюртма), дейишяпти. Чунки қуролни ҳам ёнига ташлаб кетишган. Фақат пистолетдан отишган ва ўша ерга, ёнига ташлаб кетишган. Бошига иккита "контролний" отиб кетишган. Ҳозир бу ерда укаси, дадаси шуғуллянишяпти. Судмедэкспертизадан справкани қўлига олган. Ҳозир "ритуалний услугага" (дафн маросимлари билан шуғулланадиган корхона - таҳр.) бориб уларни пулларини тўлаб қабр ковлатишга кетишди улар. Уларни ювиб, кафанлаб олиб чиқишларига яна бир-икки соат вақт бўлса керак. Икки нафар фарзанди бор эди, аёли яна иккиқат экан, дейишяпти. Богородский қабристонида мусулмонлар учун ажратилган жой бор, ўша ерга қўйилади,- деди “ивановолик” ўзбеклардан бири Искандар Усмонов.

Фуад Рустамхўжаев 2005 йилдан буён Россияда яшаб келган ва кейинроқ Россия фуқаролигини олган.

У дастлаб “Андижон-Адолат ва Тикланиш” ташкилоти, кейинчалик Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Россиядаги фаолларидан бўлган.


Фуад Рустамхўжаев ЎХҲ илк қурултойида қилган чиқиши (ЎХҲ сайтидан олинди)

Фуад Рустамхўжаевнинг исломий илми кучли бўлган ва кўп йиллардан буён Ивановодаги бош масжиднинг имом хатиби бўлган, дейди марҳумни яхши таниган Иваново вилояти мусулмонлар диний бирлашмаси раиси Фарид Ляпин.

- Сўнгги 3 ёки 4 ҳутбани шу киши олиб бораётган эди. У доимо оғиримизни енгил қилиб кўмаклашиб турарди. Бизнинг имомимиз оғриб қолган пайтларда ўрнига ҳутба ўқирди. Исломдан билими жуда кучли эди. У кишининг укаси Боҳодир ажойиб ҳофиз ул-Қуръон. Умуман олганда, ўта худойжуй ва очиқкўнгил бир инсон эди. Билмадим кимга керак эди уни ўлдириш... Бугун соат 2 ларга майитни моргдан беришади ва Иншаллоҳ масжидга олиб келиб, шу ердан олиб чиқамиз. Ёру биродарлари жуда иноқ экан, елиб югуриб юрибди, камчилик ҳозирча йўқ,- деди Иваново мусулмонлар жамияти раиси Фарид Ляпин.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаолларидан олинган маълумотга кўра, Фуад Рустамхўжаев Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг таъсис этилиши, кейинроқ эса ҳаракатнинг тадбирларида фаол иштирок этиб келган.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ Фуад Рустамхўжаев ҳаракатнинг Германияда ўтган илк қурултойидаёқ Ўзбекистон ҳукумати номига кескин танқидий чиқиш қилганини хотирлади.

- Уни ҳаракатнинг Россиядаги мувофиқлаштирувчиси этиб тайинлаган эдик. У Россияда ҳаракатимизга янги аъзоларни жалб қилиш билан фаол шуғулланиб келаётган эди. Биз бу қотилликни Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг навбатдаги жинояти, деб биламиз, - деди Муҳаммад Солиҳ.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раисининг сўзларига кўра, бир ой муқаддам Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Фуад Рустамхўжаевнинг Андижондаги уйига борган ва унинг оила-аъзоларини агар Фуад сиёсий фаолиятини давом эттирса, уни йўқ қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

- Россияда Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати айғоқчилари жуда кўп. Улар у ерда бемалол ҳаракат қилади ва бу фожеани Каримов режимининг навбатдаги жинояти деб биламиз ва кун келади халқ олдида бу жиноят учун жавоб беради. Бу албатта Ҳаракатдаги сафларимизни тарқатиш, жипсликни бузиш, ичида ваҳима уйғотиш учун қилинган зарба. Биродаримизнинг ўлимини халқнинг озодлиги йўлидаги шаҳидлик, деб биламан. Оллоҳ раҳмат қилсин! – деди Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ.

Фуад Рустамхўжаев 1973 йилда Андижонда туғилган эди ва ҳозир Россияда унинг рафиқаси ҳамда икки ёш қизи қолди.

Қуйида Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

М. Солиҳ: МХХ кейинги пайтларда Фуадга таҳдид қилаётган эди.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:35 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG