Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:42

Сиëсий қотилликлар - махфий хизматлар террори


Мухолифат фаолини "зарарсизлантириш"нинг ўзга йўли қолмагач¸ махфий хизматлар уни жисмонан йўқ қилишга ўтадилар¸ дейди Озодлик дастурида қатнашган кузатувчилар.
Мухолифат фаолини "зарарсизлантириш"нинг ўзга йўли қолмагач¸ махфий хизматлар уни жисмонан йўқ қилишга ўтадилар¸ дейди Озодлик дастурида қатнашган кузатувчилар.

Ўзбек мухолифатининг ҳам мамлакат ичкариси¸ ҳам хорижда ўлдирилган фаолларининг махфий хизматлар қурбони бўлгани тахмин қилинади.


Сиëсий қотилликлар - тоталитар тузум маҳсули

Кейинги 20 йил ичида Ўзбекистон ичкариси¸ айни пайтда хорижда Ислом Каримов режимининг ғоявий жиҳатдан кучли ва фаол вакиллари ўта шубҳали вазиятларда ўлдирилди.

“Улар сирасида¸ Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Шовруқ Рўзимуродов¸ Интерфакс агентлиги мухбири Сергей Гребенюк¸ Эрк партияси аъзолари Эломон Шукуров ва Мирзо Ўринов¸ Бирлик ҳаракати фаоли Аҳмадхон Тўрахонбоев¸ ëзувчи Эмин Усмон¸ ўшлик журналист Алишер Соиповлар ва эндиликда Фуад Рустамхўжаевлар бор”¸ деб ëзди Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ ҳаракатнинг Россиядаги мувофиқлаштирувчиси Фуад Рустамхўжаевнинг 24 сентябр куни Ивановодаги ўз уйи олдида отиб ўлдирилгани муносабати билан эълон қилган баëнотида.

Сиëсий фаоллар ўлдирилар экан¸ ҳам мухолифат¸ ҳам кенг жамоатчилик дарҳол "бу махсус хизматлар иши"¸ деган фикрга келади ва 26 сентябр куни Ўзбекистон Халқ ҳаракати Россиядаги ўз фаоли Фуад Рустамхўжаевнинг ўлдирилиши ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тургани ҳақида баëнот тарқатди.

Бундай қотилликлар Ўзбекистон ичкариси ëхуд ташқарисида бўлишидан қатъий назар¸ биринчи шубҳа нима учун айнан махфий хизматларга тушади?

Бунинг сабаби Ўзбекистон режимининг табиатидан келиб чиқади¸ дейди Россия стратегик тадқиқотлар институтининг етакчи таҳлилчиси¸ ҳуқуқшунос Аждар Куртов.

- Ўзбекистон раҳбарияти сиëсий эркинликлар соҳасида ниҳоятда шавқатсиз сиëсат юрғизиб келмоқда. Унинг ўзгача фикрловчиларга тоқати йўқлигидан сиëсий-диний мухолифат фаоллари ë қамоққа ташланди¸ ë сургунга чиқишга мажбур бўлди. Мухолифат мамлакат ичкарисида таъқиб этилар экан¸ табиийки¸ жамоатчилик Ўзбекистон махфий хизматлари бу таъқибни жуғрофий чегаралар доирасидан ташқарида ҳам давом эттириши¸ лозим топса¸ алоҳида шахсларни жисмонан йўқ қилишга қадар бориб етажагига ишонади ва бу ишончда асос бор.

Яқин тарихда ўтган тоталитар тузумларга оид архив материаллари бундай ишончнинг ҳақлигини исбоотлади. Болшевиклар ҳам¸ коммунистлар ҳам ўзгача фикрловчиларни жисмонан йўқ қилиш билан "муаммо"ни ҳал этганига бугун тарихий ҳужжатлар гувоҳ. Бугун ўзбекистонликлар шубҳа қилаëтган каби махфий хизматларнинг сиëсий қотилликларга қанчалик алоқадор экани ҳам яқин келажакда ўз исботини топса керак. Аммо бу тахминни қувватлайдиган далилларни бугун келтириш¸ жуда оғир иш. Бу ишни қилиш учун ҳудудида сиëсий қотиллик содир этилган давлатнинг сиëсий иродаси ўта муҳимдир¸ дейди россиялик таҳлилчи.

Ўзбекистон махфий хизматлари қўли борлиги тахмин қилинадиган суиқасдлар рўйхати эса йил ошган сари узайиб бормоқда.....

Барбод бўлган суиқасд...

Хориждаги ўзбек сиëсатчиларига қарши режаланган суиқасдларнинг биринчиси Эрк демократик партияси лидери¸ 1991 йилги президентлик сайловларида Ислом Каримовга рақиблик қилган Муҳаммад Солиҳга қарши 1999-2000 йилларда уюштирилган қотиллик режасидир.

“Суиқасдни бевосита Ўзбекистон президенти буюрган”

“Туркияда Муҳаммад Солиҳни жисмонан йўқ қилиш операциясини ўшанда Ўзбекистон Ички ишлар вазири бўлган Зокир Алматовнинг ўзи бошқарди¸ аммо унинг асосий буюртмачиси Ислом Каримовнинг ўзи эди”¸ деб кўрсатма берган эди ўзбекистонлик тадбиркор¸ Солиҳни ўлдириш операциясида Тошкентдаги буюртмачилар ва уни ижро этиши лозим чечен гуруҳи ўртасида воситачилик қилган Баҳром Мўминохунов 2001 йил 15 май куни Свобода радиосига.

“1999 йил сентябрида мени шахсан Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокир Алматов ўз олдига чақирди ва бу суҳбатда вазирликнинг терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари¸ полковник Ботир Турсунов ва Интерполнинг Ўзбекистон бўйича директори, полковник Маҳмуд Ҳайитовлар бор эди. Улар мендан чеченистонлик бизнес шерикларим билан Муҳаммад Солиҳни ўлдириш юзасидан учрашув ташкил қилишни сўрашди”¸ дейди 2001 йилнинг 15 май куни Баҳром Мўминохунов.

Чеченистонлик бизнес шерикларига 1 миллион доллар эвазига Муҳаммад Солиҳни ўлдириш таклиф этилгани ва 2000 йилнинг сентябрида бу гуруҳга 135 минг долларлик аванс тўланганини таъкидлаган Баҳром Мўминохунов¸ ўз айтганларининг 100 фоиз ҳақиқат эканини тасдиқлаш учун Қуръони Каримга қўл қўйиб қасам ичишга ҳозирлигини билдирган эди.

Айни пайтда у¸ суиқасд режаси юзасидан ўзининг суиқасдни ташкиллаштирувчилардан бири¸ Ўзбекистон Интерполи директори Маҳмуд Ҳайитов билан 2001 йилнинг 8 май куни бўлиб ўтган телефон суҳбати аудиоëзувини ашëвий далил сифатида жамоатчиликка тақдим қилган эди. Мазкур суҳбатда Маҳмуд Ҳайитов буюртмачилар ва ижрочилар ўртасида воситачи Баҳром Мўминохуновдан Муҳаммад Солиҳнинг ўлдирилганини тасдиқловчи далилни қандай олиш ҳақида гапиради.

8 май куни Маҳмуд Ҳайитов¸ ўзи билан телефон суҳбатида Солиҳни тезроқ йўқотишни талаб қилганини аудиоëзув гувоҳлигида таъкидлаган Баҳром Мўминохунов¸ бу суҳбатдан ўн кунча аввал ўзига суиқасд режасини топширган Зокир Алматов¸ Ботир Турсунов ва Маҳмуд Ҳаитовларни 26 апрел кечки соат 8 да президент Ислом Каримов ўз ҳузурига чақиргани ҳақида ҳам гувоҳлик кўрсатмаси беради.

2002 йили Озодлик мухбири билан телефон суҳбатида¸ 1996-97 йилларда Чеченистон президенти бўлган Зелимхон Яндарбиев¸ чечен гуруҳига Ўзбекистон мухолифати етакчисини ўлдириш режаси топширилганидан хабардор бўлгани ва йўқ қилиниши лозим “объект”нинг Москвадаги Адабиëт институтида бирга ўқиган дўсти Муҳаммад Солиҳ бўлиб чиққанини тасдиқлаган эди. Ўзи ҳам 2004 йилда суиқасд қурбони бўлган Яндарбиев¸ чечен гуруҳлари ичидаги нуфузидан фойдаланиб¸ уларни 1 миллион долларлик бу қотилликдан қайтарганини айтган эди.

Афтидан¸ Яндарбиев аралашуви билан суиқасдни бажариши лозим бўлган чечен гуруҳи Муҳаммад Солиҳнинг ўзига чиқиб¸ уни ҳозирланаëтган суиқасддан огоҳлантиради ва охир-оқибат Туркия¸ Норвегия ва АҚШ элчихоналари дарҳол хабардор этилган Тошкентнинг бу режаси амалга ошмай қолади.

Абдували қорига яқин Рафиқ қори Мирзаев ўлдирилди

2006 йилнинг 7 август куни нафақат Қирғизистон жануби¸ балки бутун Фарғона водийсида машҳур ва нуфузли саналган Рафиқ қори Камолов ўлдирилди. Унинг ўлдирилиши ҳақида хабар берган Қирғизистон давлат телевидениеси кўрсатувида қирғиз махсус хизматлари расмийлари¸ бу амалиëтнинг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати билан биргаликда¸ аниқроғи Тошкент сўрови билан амалга оширилганини очиқ баëн қилдилар. Рафиқ қори Камолов Ўзбекистонда бедарак йўқолган Абдували қори Мирзаевнинг қайин укаси ва яқин маслакдошларидан саналган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳаракатига Рафиқ қорини ўлдириш нима учун керак бўлди?

Рафиқ қори Камоловнинг ўғли¸ Қорасув Жоме масжидининг имом хатиби Рашод қори Камолов¸ бунинг сабаби кундек ойдин¸ деган фикрда:

- Ойдин, равшан бўлган нарса шуки, бизнинг дадамиз бугунги кунда зулм тузумларини¸ нафақат бизнинг юртимизда балки бутун ер юзидаги системанинг нотўғри жойларини очиқ-ойдин халққа баëн қилганлиги¸ деб биламан мен тагидаги сирини. Албатта, Ўзбекистоннинг айнан ҳудудида жойлашмаган бўлса-да, овозлари бевосита Ўзбекистон халқига эшитилиб турадиган даражадаги масжид эди дадамизнинг масжидлари. У пайтларда Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида йўллар очиқ эди. Ўзбекистондаги мусулмонлар ўтиб Қирғизистонда ҳам Жума ибодатини Оллоҳ таолога бандалик қилишарди¸ дейди Фарғона водийси мусулмонлари орасида нуфузи ошиб борган Рафиқ қори Камоловнинг Тошкент режими учун хавфли шахсга айланганини таъкидлай туриб марҳумнинг ўғли.

Абдулқуддус Мирзаев Саудий Арабистонида автоҳалокатда ўлди

2007 йилнинг 26 сентябр куни Мадина ва Макка шаҳарлари ўртасидаги йўлда юз берган автоҳалокат оқибатида Фарғона водийсида катта нуфузга эга бўлган машҳур диний олим Абдулвали қори Мирзаевнинг рафиқаси, ўғли Абдулқуддус Мирзаев ҳамда невараси Абдулвадуд ҳалок бўлди. Гарчи бу воқеа¸ кўпчилик томонидан¸ бахтсиз ҳодиса сифатида қабул қилинган бўлса-да¸ 1995 йилдан бери бедарак йўқолган машҳур имомнинг Саудийда таҳсил олган ва диний билими мукаммал яккаю ягона ўғлининг ўлимида Ўзбекистон МХХ қўли борлиги ҳақида кучли тахминлар мавжуд.

Бу тахминларга эса¸ 2005 йилнинг 13 май куни юз берган Андижон воқеаларидан кейин Абдулқуддус Мирзаевни ҳам қамашга ҳаракат бўлиб, бир ярим суткадан ошиқроқ муддат Андижон турмасида сақлангани ва шундан кейин у Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлгани¸ 2006 йилда ўлдирилган қариндоши Рафиқ қори Камоловнинг Ўшдаги уйидан бошпана топгани¸ Умра сафарига қадар эса қўшни Қирғизистонда БМТ мандати асосида қочқин ўлароқ яшаётгани мантиқий асос бўлган эди.

“Ташқарига чиққандан кейин ҳам Абдулқуддусга нисбатан “ов” тўхтагани йўқ. Унинг Андижонда қолган оиласи тинимсиз махсус идораларга чақиртирилиб, тергов қилинмоқда. Машҳур олимнинг ўғлини Ўзбекистонга қайтариш учун махсус гуруҳ тузилиб, бу ишга сафарбар қилинган. Айни пайтда Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан Абдулқуддус билан алоқада бўлган кишиларни аниқлаш амалиётлари давом этмоқда”¸ деб ëзган эди ўшлик мустақил журналист Алишер Соипов 2007 йил сентябрида – Абдулқуддус Мирзаев ўлими арафасида ҳозирлаган мақоласида жумладан.

Кейинги нишон Алишер Соиповнинг ўзи бўлди

Аммо бу мақола Абдулқуддус ўлимидан сўнг¸ 3 октябрда дунë юзини кўрди ва орадан 19 кун ўтиб - 2007 йилнинг 24 октябрида ўшлик таниқли журналист Алишер Соипов Ўш шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида номаълум шахслар томонидан отиб кетилди. 26 ëшида кетган Алишер ўзи таъсис этган “Сиëсат” газетаси орқали Ўзбекистон жамоатчилиги учун муҳим бўлган кўплаб ижтимоий, сиëсий мавзуларни ëритди¸ айниқса¸ 2005 йил 13 май куни Андижондаги қонли воқеаларини кенг ëритиб, чет эл журналистлари орасида машҳур бўлди.

Алишернинг ўлимидан кўп ўтмай қирғизистонлик таниқли сиёсатчи, Қирғизистон омбудсмени Турсунбой Бакир ўғли:

- Ҳозир Алишерни отиб кетилиши бўйича ишни Ўш вилоятини губернатори ва президент назоратга олди. Сабаби¸ улар ҳам бу ўлдирувда қўшни давлатларнинг махсус хизматларининг қўли борлигини тушуниб туришибди¸ дея баëнот берган ва “қўшни давлат” дер экан¸ очиқчасига Ўзбекистон МХХсини назарда тутган эди.

Алишер Соиповнинг сафдош ва ҳамкасблари ҳам шу фикрда устивор.

“Алишер Соипов фаол журналист эди¸ аммо унинг ўлдирилишига нафақат мухбирлик фаолияти¸ балки Ўзбекистон мухолифати билан яқин фаолияти¸ хусусан¸ 2007 йил охирига белгиланган Ўзбекистон президентлик сайлови арафасида Ўзбекистон ичкарисида жиддий сиëсий тадбирлар ўтказишга бош-қош бўлаëтгани сабаб бўлди”¸ дейди Эрк партияси ва у қўшилган Ўзбекистон Халқ ҳаракати етакчиси Муҳаммад Солиҳ.

Мухолифат лидерига кўра¸ Алишер Соиповнинг ўлдирилиши ортида айнан Ўзбекистон МХХ си турганини тасдиқловчи бир неча кучли далил мавжуд:

МХХ жосуслари ўзини ҳатто Истанбулда ҳам таъқиб қилганини айтган Алишер Соипов¸ улар суратини Муҳаммад Солиҳга тақдим қилган эди. (ўртадаги Баҳодир Топилов)

- Биринчидан, Алишер Соиповнинг уйига ўлдирилишидан ярим йил олдин СНБнинг битта агенти, гарчанд ўзини собиқ деб айтган бўлса ҳам, Бахтиëр Топилов деган одам келиб юрган. Бу одам ҳозир ҳам тирик. Миллий хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича координатори сифатида ҳозир ҳам ўша минтақада ишлайди¸ деб эшитаман. Бахтиëр Топилов Алишер Соипов Туркияга келганда унинг орқасидан Туркияга келиб бу ерда гўëки дўстона бир суҳбатлар қуриб ҳатто “Муҳаммад Солиҳ билан мени таништир. Мен у одамни ҳурмат қиламан. Мана шунча йилдан бери режимга қарши кучи етганча курашиб юрибди” деган гапларни ҳам айтганини менга Алишер раҳматли айтган. Мен¸ албатта¸ танишганим йўқ. Алишерга ҳам мен узоқроқ тур¸ деб маслаҳат бердим.

Иккинчиси, Алишер Соипов ўлдирилишидан икки ой олдинми ëки бир ярим ой олдинми Наманган вилоятининг телевидениеси Алишер Соипов ҳақида икки марта программа қилиб, Алишер Соиповни ўзбек халқининг душмани мақомига кўтариб, ўзларича гўë уни шарманда қилди. Бу очиқ пропаганда бўлди ва бу нарса ҳам Ўзбекистоннинг қўли борлигини кўрсатадиган далил ва бу жиддий далил.

Учинчиси, ўлимидан бир кун олдин, буни менга Алишернинг укаси Шоҳруҳ Соипов айтиб берди, Топилов яна уйига келиб Алишер билан бир нарсаларни гапиришган, ўша ерда чой ичиб жуда ғамгин гўë гаплашган Алишер. Алишерга балки сўнгги марта огоҳлантириш қилган бўлиши мумкин. Ўшандан бир кун кейин Алишер ўлдирилди¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Алишер Соипов билан унинг сўнгги кунларида бирга бўлган журналист ва мухолифат фаоли Шоҳида Ëқуб ҳам айни фикрда:

- Алишернинг ўлимидан фақат Ўзбекистон ҳукумати манфаатдор бўлган¸ дейди Шоҳида Ëқуб.

Режим мухолифлари сафидаги янги қурбон – Фуад Рустамхўжаев

2011 йилнинг 24 сентябр куни Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг 25 май кунги Берлиндаги таъсис қурултойида қатнашиб¸ унда:

- Бу унақа бўлиши керак¸ бунақа бўлиши керак¸ деган гаплар билан қаерга бориб бўлади? 20 йилдан бери ҳеч нарсага эришилгани йўқку ахир. Бугун бирорта ҳаракат қилайлик ахир инсонлар. Бу инсонлар яхши ишни қилишибди¸ келинглар, биргалашиб қўшилайлик¸ дея оташин нутқ сўзлаган¸ жонини ҳам молини ҳам Каримов режимига қарши курашга тиккан тақводор тадбиркор Фуад (қори) Рустамхўжаев ҳам айнан Алишер Соипов каби отиб кетилди – уни отганлар¸ қурбонини ташлаб кетар экан¸ унинг жони узилганини 100 фоизга тасдиқлаш учун бошига “контрол зарбаси” беришни унутмади.




Россия Тергов қўмитаси мутахассислари қотилликнинг икки сабабга кўра амалга оширилганини тахмин қилмоқда. Улардан бири¸ марҳумнинг тижорий фаолияти билан боғлиқ версия. “Аммо ҳозирча тўпланган далилларга қараганда¸ Фуад Рустамхўжаев¸ бу фаолияти учун ўлдириб кетиладиган даражадаги катта бизнес ва катта маблағ эгаси бўлмаган. Шу боис тергов¸ кўпроқ унинг Ўзбекистон мухолифати фаоли¸ Тошкентга номақбул имом сифатида ўлдирилгани версиясини ўрганишга уринмоқда”¸ деди 27 сентябр куни Озодлик билан микрофонсиз гаплашган Иваново Тергов қўмитасининг бевосита шу иш билан шуғулланаëтган ходими.

- Унинг бизнесини жуда катта деб бўлмайди, ундан каттароқ даромад олаётганлар минглаб. Қизиғи, бу бизнес билан у яқинда шуғулланишни бошлаган. Айтмоқчиманки, бизнеси уни ўлдиришга етарли бўлган катта миқдорда даромад келтирмаган, жиддий рақобатчилари ҳам бўлмаган¸ дер экан ўзини Денис деб таништирган терговчи асосий тахмин Фуад Рустамхўжаевнинг диний мухолифат фаоли сифатида ўлдирилганига бориб тақалаëтганини таъкидлади.

МХХ ва хориж махфий хизматлари

Ўзбекистон махфий хизматларининг Муҳаммад Солиҳга қарши Туркия ҳудудида режалаган суиқасди амалга ошмай қолган бўлса¸ шу хизматлар иши экани даъво этиладиган кейинги уринишлар муваффақият билан якун топди – профессионал киллер совуққонлик билан “9 грам қўрғошин”ни Рафиқ қори Камолов¸ Алишер Соипов ва Фуад Рустамхўжаев бошига қўндира олди.

Мустақил таҳлилчилар¸ Қирғизистон жанубида амалга оширилган дастлабки икки қотиллик бу ҳудудда бемалол иш кўриб келиши айтиладиган Ўзбекистон МХХ си учун қийин эмаслиги¸ қирғиз махфий хизматлари ҳам бу операцияларга очиқ ëки гизли рухсат берган бўлишини тахмин қиладилар.

Аммо назорат тизимлари заиф Қирғизистондан фарқли давлатни айнан махсус хизматлар бошқараëтган Россияда бу каби “ликвидация”ни амалга оширишнинг унча ҳам осон эмаслиги айтилади.

Агар Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Россиядаги мувофиқлаштирувчиси¸ Россия фуқароси Фуад Рустамхўжаевнинг ўлдирилиши¸ марҳумнинг маслакдошлари айтаëтган каби, Ўзбекистон МХХ сининг иши бўлиб чиқса¸ ўз ҳудудидаги бу сиëсий қотилликка Россия хавфсизлик хизмати ë очиқ рухсат берган¸ яъни шерик бўлган¸ ëхуд бу суиқасдни олдиндан билиб¸ ўзини билмаганга солган бўлади. Қай тахмин асослироқ?

Россия хавфсизлик хизматлари фаолияти бўйича мутахассис¸ Москва Давлат университети доценти Анатолий Цыганок¸ бундай вазиятда махфий хизматлар “қарға қарғанинг кўзи чўқимайди” деган нақл бўйича иш тутишини айтади.

- Менимча¸ Россия хавфсизлик хизмати бу қотиллик ҳақида сасини чиқармайди. Уларнинг бундай қотиллик ва унинг буюртмачиси ким эканидан хабари бўлиши тайин¸ аммо бу ҳақда улар ҳеч қачон очиқ баëнот бермайдилар.

Биласизми¸ махфий хизматнинг ишлаш услуби¸ аслида Россия ë Ўзбекистон бўладими¸ ëхуд АҚШ ва Исроил¸ ҳамма жойда ҳам бир хил. Миллий хавфсизликка таҳдид деб кўрилган шахс¸ эртами-кечми ¸ қаерда бўлмасин¸ “ликвидация” қилинади. Одатда¸ бундай сиëсий қарор¸ хавфсизлик хизматида эмас¸ энг олий даражада қабул қилинади (Масалан¸ Усама бин Ладинни ўлдириш ҳақида президент Обама¸ Александр Литвиненкони ўлдириш ҳақида эса¸ ўшандаги президент Путин қарор бергани айтилади) ва унинг ижросини махфий хизмат мутахассислари ишлаб чиқади¸ дейди россиялик таҳлилчи.

"Фақат демократик давлатлардан фарқли¸ Россия ва Ўзбекистон каби махфий хизматлар давлат ичида алоҳида давлатга айланган ва ҳеч кимга ҳисоб бермай қўйган ўлкаларда¸ “миллий хавфсизликка таҳдид” деган калима¸ одатда давлат тепасида ўтирган гуруҳлар манфаатига таҳдид¸ деб таржима қилиниши лозим"¸ деб қўшиб қўяди Анатолий Цыганок.

“Биз бу йўлга ўлимни бўйнимизга олиб чиққанмиз...”

“Ўзбекистон махфий хизматлари режимга таҳдид деб кўрилган шахсларни аввалига “яхши йўл” – амал¸ пул¸ ўзи ва оиласига узоқ муддатлик хавфсизлик ваъда этиш билан зарарсизлантиришга уринади.

Иккинчи босқич – таҳдид ва қўрқитишлар¸ террор ва қийноқлар босқичи. Биринчисида синмаган мухолифлар¸ кўп ҳолларда¸ асосан болам-чақам¸ аҳлу аëлим деб¸ иккинчи босқичда курашдан чиқади.

Бу иккала усул иш бермаган ҳолларда Ўзбекистон режими сўнгги чора – ашаддий мухолифларини жисмоний йўқ қилишга киришади”¸ дейди Алишер Соипов ва Фуад Рустамхўжаев тақдири мисолида гапирган Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ.

- Аммо бу кураш – бизнинг тақдиримиз. Эртага отиб кетар экан¸ деб уни тўхтата олмаймиз. Алишер ўлдирилганида ҳам сафларимизда бир тушкунлик туғилди ва кўп одамлар қўрқиб чекилди. Фуаднинг ўлими ҳам шундай тушкунлик уйғотмоқда. Аммо бу ҳаракатни тўхтатмаслик¸ аксинча уни кучайтириш керак! Зотан бу курашга ўлимни бўйнимизга олиб чиққанмиз. Биз ҳали қўлимизга қурол олганимиз йўқ¸ аммо сафларимизга бу режим билан энг радикал шаклда курашишга ҳам тайëр одамлар кириши керак¸ дейди 24 сентябр куни ўз фаолидан ажраган Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ.
XS
SM
MD
LG