Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:42

“Эрк” фаолининг қамоқ муддати узайтирилди


Isroiljon Holdorov
Isroiljon Holdorov

“Эрк” фаоли Исроил Холдоровнинг жазо муддатига яна уч йил қўшиб берилди. 2007 йилда олти йиллик қамоққа ҳукм қилинган мухолифатчи ярим йилдан кейин озодликка чиқиши керак эди.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти маълум қилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/29-колония (Навоий шаҳри)да жазо муддатини ўтаётган “Эрк” партиясининг Андижон вилояти бўлими собиқ раиси 62 яшар Исроил Холдоровнинг жазо муддатига жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан яна уч йил қўшиб берилган.

Мухолифатчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан айбланган.

Маълумотларга кўра, Исроил Холдоров 2007 йилнинг 19 февралида жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судининг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ҳамда 244/1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти тарқатган хабарга кўра, "18.10.2005 йилда фуқаро И. Холдоровнинг яшаш уйида тинтув ўтказилиб, 86 турдаги гўё Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳамда Ўзбекистондаги вазиятни берқарорлаштирувчи фикрлар мавжуд бўлган китоб, варақалар ва рисолалар аниқланиб олинган. Шу сабабли 02.11.2005 йилда унга нисбатан сиртдан Ўзбекистон Республикаси 159-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилиниб, қидирув эълон қилинган".

Расмийларга кўра, 2006 йил 7 сентябрь куни Исроил Холдоров Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, ўзини топширган. Норасмий манбаларга кўра, мухолифатчи 2006 йил 10 июл куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридан ўғирлаб кетилган.

Сўнгра Андижон воқеалари иштирокчиси сифатида айбланган Исроил Холдоров 2007 йилнинг февралида қамоққа ҳукм қилинган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Жиноят Ижроия Кодекси талабларига мувофиқ, Исроил Холдоровнинг кексалиги, саломатлиги ёмонлиги ва жазони ўташга қодир эмаслигини инобатга олиб, уни озодликка чиқариш лозим, деб ҳисоблаган ва юқори инстанция судларини ҳукмни бекор қилишга чақирган.
XS
SM
MD
LG