Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:32

"Ëшлар" канали Facebookни зарарли деб топди


Ўзбекистон ëшларига аталган бу телеканал Facebook, Одноклассники ва бошқа шу каби ижтимоий тармоқлар ёшлар онгини заҳарлаётганини иддао қилиб, улар фаолиятини қоралаб чиқди.



9 июл оқшомида “Ёшлар” телеканалида намойиш этилган ҳужжатли филмда ижтимоий тармоқлар ядро бомбасига менгзалган, бу тармоқлар душман қўлидаги “қурол”га айлангани таъкидланган.

“Ҳозирги пайтда ижтимоий тармоқлар сўнгги йиллар мобайнида содир бўлган барча рангли инқилобларда ташқи кучлар учун қуролга айлангани сир эмас”, дейилади жумладан “Ёшлар”да намойиш қилинган ҳужжатли филмда.

Унда филм баёнчиси пулемёт ва ядро қуролини тарихга айлантирган Интернет келажак қуроли бўлиб ҳисобланишини урғулайди ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар тобора кўпроқ ўзбек ёшлари онгини заҳарлаётганидан огоҳлантиради.

Ўзбекистонда Facebook тармоғининг 130 минг, Одноклассники тармоғининг 2 миллиондан зиёд фойдаланувчиси борлиги қайд этилган филмда мазкур ресурсларда жойлаштирилган шаҳвоний расмлар ҳам намойиш қилинган.

Филмда сўзлаган “Маънавият ва маърифат маркази” эксперти ижтимоий тармоқдаги блогерни террорчи билан қиёслайди.

“Агар террорчи ўқотар қурол ва бомбадан фойдаланган ҳолда одам ўлдирадиган бўлса, интернетдан фойдаланувчиларни пировардида “ширин сўзлар” билан ўлдирадилар. Бунақа оммавий маданият давлатимиз сиёсати ва мустақиллигимиз учун бевосита хавф туғдиради”, дейди “Маънавият ва маърифат маркази” эксперти.

Кузатувчиларга кўра, хориждаги ижтимоий тармоқлардан ўзбек мухолифати ва ҳуқуқ ҳимоячилари фаол фойдаланмоқдалар, бу эса расмий Тошкентни ташвишлантирмай қўймайди.

Филмдаги бошқа бир экспертнинг “яқин қариндошларимиз ҳам Facebookнинг фаол фойдаланувчиси бўлиши мумкин... бу эса хавф ҳар биримиздан узоқда эмаслигини англатади” деган сўзларини ҳам бу хавотирнинг инъикоси сифатида қабул қилиш мумкин.

Дунёга машҳур бўлган ижтимоий тармоқлар зарари ҳақидаги огоҳлантирувлар ва улар фаолиятини турли йўллар билан чеклашга уриниш, янги медиа бўйича эксперт Тўлқин Умаралиев фикрича, Ғарбона демократияни хушламайдиган мамлакатлар расмийлари томонидан амалга оширилмоқда.

- Ижтимоий тармоқлар ва умуман, интернетга нисбатан чеклов жорий қилинаётган мамлакатлардаги режимлар, эътибор қилган бўлсангиз, халқаро ҳамжамият томонидан нодемократик, айримлари эса диктаторлик устивор бўлган режим ўлароқ эътироф этилган. Бундай мамлакатлар расмийлари битта тугма босиш билан бутун дунёга маълумот тарқатиб юбориш мумкин бўлган интернет тармоғига одатда душманона назар билан қарайдилар, чунки уларнинг дунё ва ўз мамлакати аҳолисида яширмоқчи бўлган маълумотлари кўп. Ўз цензорлигини эса улар глобал тармоқда ёшлар онги учун зарарли бўлган материаллар кўплиги билан изоҳламоқчи бўладилар, - дейди Тўлқин Умаралиев.

Одатда маҳаллий провайдерлар фаолиятини тўла назорат қиладиган бундай режим мулозимлари (шу жумладан, махсус хизмат вакиллари) мамлакат фуқароларини ўз таъсирида тутиб туриш учун уларга “маҳаллий ресурслар”дан фойдаланишни, фойдаланганда ҳам ўз исм-шарифи ва шахсий маълумотларини тўғри кўрсатган ҳолда истеъфода этишни тавсия қиладилар. Бундан ўзбек расмийлари ҳам мустасно эмас. Душанба куни “Ёшлар” телеканалида намойиш қилинган ҳужжатли филмда ёшлар Facebook тармоғининг ўзбекча версияси ҳисобланмиш Мuloqot.uz ва Одноклассники тармоғининг “ўринбосар”и бўлган Sinfdosh.uz тармоқларидан фойдаланиш тавсия қилинган. Айни пайтда филмда Ўзбекистон ижтимоий тармоқларига шу кунда жозибадорлик, интерактивлик ва хабарлар етишмаётгани эътироф этилган. Ўтган йилдан ўз фаолиятини бошлаган Мuloqot.uz тармоғининг ҳозирда 22000 минг фойдаланувчиси бор. Мазкур тармоқда аноним шахс ўлароқ рўйхатдан ўтиш мумкин бўлмагани туфайли интернет фойдаланувчилари танқидига урчаганди.

Айни пайтда бу Ўзбекистонда ёшларни зарарли маълумотлардан қўриш бўйича амалга оширилаётган илк уриниш эмас. Ўзбек расмийлари глобал тармоқда миллий чегара ўрнатишга уринаётгани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар қилган.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти 2012 йилги Интернет душманлари рўйхатига 12 давлатни киритган ва бу давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Ташкилотга кўра¸ ўтган бир йил давомида Ўзбекистон ҳукумати Интернетдаги мустақил ва мухолиф саҳифаларни тўсишда аввалги йиллардан ҳам фаоллашган. Бунинг оқибатида йил давомида ҳатто 2011 йилга қадар тўсиқсиз келган Regnum ва Lenta.ru каби Россия¸ AP, Reuters ва AFP каби айрим халқаро ахборот агентликлари саҳифалари ҳам тўсиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG