Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:17

Ўш ҳуқуқ идоралари Равшан Гапировга 10 000 $ жарима тўлайди


Ўшлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров.
Ўшлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров.

Ўш вилоят суди маҳаллий прокуратура ва милициядан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Равшан Гапиров фойдасига 440 минг қирғиз сўми ундириш тўғрисидаги шаҳар суди қарорини ўз кучида қолдирди.


2010 йил, июн воқеаларидан кейинги қама-қамалар Равшан Гапиров оиласини ҳам четлаб ўтгани йўқ.

- 2010 йил 16 июн куни ўғлимни кўчадан ушлаб олиб кетишиб уриб, қийнашиб бўйнига ҳар хил айбларни қўйиб қамашган. Шу бўйича мен ўзим қатнашдим, иккита адвокат қатнашди, далиллар келтирдим. Видеосъëмкаларим бор эди менинг. Ўғлим оқланди. Биринчи Ўш шаҳар судида оқланди. Икковимизни маънавий зарар бўйича ариза берганман, дейди Равшан Гапиров.

“Правосудие – Истина” (“Одил судлов - Ҳақиқат”) инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари ўшлик Ҳизбут-Таҳрир аъзолари ҳимоячиси сифатида танилган ва Ўш воқеаларигача Гапиров ҳизбчи сифатида айбланиб қамалган, 9 ой ўтирган, лекин кейин Олий суд даражасида оқланган эди.

Ҳам ўғли, ҳам ўзи ноҳақ қамалганини Олий суд ҳам тан олганидан сўнг Равшан Гапиров иккалови кўрган маънавий зарар қоплаб берилишини сўраб судга мурожаат қилган.

- Прокуратурага ўзимнинг номимдан 4 миллион, милицияга 5 миллионга берганман. Ўғлимнинг номидан икковига 10 миллион сўмдан берганман. Ҳаммаси бўлиб 29 миллион бўлади, дейди Равшан Гапиров.

29 миллион қирғиз сўми 500 минг АҚШ долларидан кўп ақча бўлади.

Суд Гапировнинг даъвосини қисман қондирди.

Аризамни, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси,

- Ўш шаҳар суди қараб шаҳар прокуратурасидан 100 минг, шаҳар милициясидан 100 минг, ўғлим учун икковидан тенг 120 мингдан, ҳаммаси бўлиб қирғиз пулига 440 минг сўм ундирилди. Вилоят судига ëздик. Вилоят суди буни кучида қолдирди. Биз берилсин деган исполнителний лист олдик. Лекин мен олий судга ëзиб қўйдим. Олий судга прокуратура ҳам ëзди, милиция ҳам ëзди. Энди уже Олий судда қаралади, дейди Равшан Гапиров.

Шундай қилиб, Равшан Гапиров ва унинг ўғли Ўш шаҳар прокуратураси ва Ички ишлар бошқармасидан жаримани ўзларининг дастлабки даъво аризаларида кўрсатилган ҳажмда ундирмоқчилар.

Ўш шаҳар прокурори Атай Шакир ўғли Гапиров билан боғлиқ суд қарорини шарҳлашдан бош тортди.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси юристи Медер Сабиров Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирига бундай деди:

- Равшан Гапировнинг 9 ой қамоқда ўтиргани рост. Лекин унинг қийноққа солингани далилланган эмас. Ўғли эса, июн воқеаларидан сўнг қамалган ва кейин оқланган. Унинг ҳам қийноққа солингани далилланган эмас. Суд қарорига рози эмасмиз. Олий судга мурожаат қилганмиз, деди Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси вакили.

Маълумки, Ўш воқеалари қурбонларининг мутлақ кўпчилиги ҳам, фоежадан сўнг жавобгарликка тортилганларнинг мутлақ кўпчилиги ҳам ўзбеклардир.

Қирғизистон президенти расмий сайтида фожиа кунлари
қурбон бўлганлардан 70 фоизи ўзбек, 29,2 фоизи қирғиз эканлиги,
жавобгарликка тортилганларнинг 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз эканлиги қайд этилган.

Бас, шундай экан, Равшан Гапировнинг прокуратура ва милиция устидан шикоят аризаси қондрилишини маҳаллий ўзбекларга муносабатнинг яхшилана бошлангани, деб тушуниш мумкинми?

Бу саволни Гапировнинг ўзига бердик.

- Бу фақат Равшан Гапировга бўлган муносабат. Чунки Равшан Гапиров қонунни яхши билади, ўзлари улар ҳаммаси тан олади. Кейин мен осонликча жон бермайман ва қўрқиб писиб ҳам кетмайманда. Ўлсам ўламанки, ҳақиқат учун тик тураман. Уриб кетишди мени, қўрқитиб кўришди, ҳамма нарса қилиб кўришди. Лекин мен “ўлсам ўламан, лекин ҳақиқатни охирига етказмай қўймайман” деб қаттиқ туришимни ва қонунни яхши билишимни яна бир бор далиллаб қўйдим,
деди Ўш шаҳар прокуратураси ва ички ишлар бошқармасидан суд орқали ўз фойдасига қарийб 10 минг доллар жарима ундирган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Равшан Гапиров.
XS
SM
MD
LG