Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:26

"Ўзбекистон аҳолисининг 95 фоизи ўз ҳаётидан мамнун"


“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистон мустақилллигининг 21 йиллиги арафасида аҳоли орасида ўтказган сўрови натижасида шундай хулосага келди.


Ислом Каримов - ўзбекча бахт отаси

"Ижтимоий фикр" маркази иддаосича¸ сўровда қатнашганларнинг аксар кўпчилиги 21 йил давомида Ўзбекистоннинг улкан муваффақиятларга эришгани ва бу ютуқлар президент Ислом Каримов ишлаб чиқққан тараққиётнинг “ўзбек модели”ни амалга оширишнинг бевосита самараси эканига ишонади.

Эришилган ютуқлар эса, сўров қатнашчиларига кўра, Ўзбекистондаги тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, демократик-ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг мустаҳкам асослари яратилгани, демократия, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари ва бозор иқтисодиёти тамоилларига амал қилинаётгани ва бу йўлда ислоҳотлар олиб борилаётгани маҳсулидир.

Жумладан, “Ижтимоий фикр” сўровида қатнашганларнинг 95,4 фоизи Ўзбекистонда иқтисодиёт соҳаси, 93,9 фоизи инсон ҳуқуқларини таъминлаш, 94,1 фоизи аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, эркин иқтисодий фаолият юритиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни самарали ривожлантириш учун шарт-шароит яратишда, 96,6 фоизи шахсий хавфсизликни таъминлаш борасида қўлга киритилган ютуқлардан қониқиш ҳосил қилганликларини билдирганлар.

- Сўровда Ўзбекистоннинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан 18 ёшдан ошган эркак ва аёллар, шаҳар ва қишлоқ аҳли, турли миллатга мансуб, турли қатлам вакиллари ва касб эгалари бўлган фуқаролар қатнашди, дейди Озодлик мухбирига сўров натижаларини шарҳлаган "Ижтимоий фикр" маркази директори муовини Марат Ҳожимуҳаммедов.

Мазкур сўров Ўзбекистондаги қанча одам фикрини акс эттириши борасидаги саволга “Ижтимоий фикр” расмийси аниқ жавоб бермади.

“Бу билан боғлиқ рақам айтилмайди. 1000¸ 2000 одам қатнашиши мумкин, лекин энг муҳими сўровнинг салмоғи. Бу ерда барча қатлам вакилларининг фикри ўрганилди”, дейди Ҳожимуҳаммедов.

“Ижтимоий фикр” расмий сайтида эса, сўров ҳақида умуман маълумот йўқ.

Сўров халқ кайфиятини акс эттирмайди

Айни пайтда Ўзбекистон ичкарисидаги кузатувчилар “Ижтимоий фикр” ўтказган ушбу сўров натижалари холислигини шубҳа остига олишади.

- “Ижтимоий фикр” доим ҳукумат кўз қарашини ифода этиб келган. Бунинг устига бу марказ ҳукумат тарафидан молияланади. Шунинг учун ушбу марказ хулосаси мамлакатдаги реал аҳволни акс эттирмайди, дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Жаҳонгир Шосалимов.

Озодлик боғланган айрим ўзбекистонликлар фикрлари эса, “Ижтимоий фикр” томонидан кенг жамоатчилик фикри сифатида тақдим этилаётган сўровга тескаридай туюлади.

- Бугун Ўзбекистон ичкарисида яшаëтган халқнинг 90 фоизи Ўзбекистон ҳукуматининг сиëсатидан норози¸ десак тўғри бўлади, Ўзбекистонда аҳвол яхши бўлса миллионлаб одам Россия, Қозоғистонга кетадими? Ўзимизда ишлаб юраверса бўладику¸ дейди хоразмлик 52 яшар Пўлат ака.

Ўзбекча бахтиëрлик дояси - қўрқув

Айни пайтда “Ижтимоий фикр” маркази ўтказган сўров натижалари Gallup халқаро омма фикрини ўрганиш маркази йил бошида ўтказган сўров хулосасига яқин.

Феврал ойида Gallup маркази ҳам Ўзбекистонда ўтказган сўрови натижаларини эълон қилган эди.

Ўша сўровда қанашган ўзбекистонликларнинг 65 фоизи ўзларини бахтиёр, деб ҳисоблашларини айтишган. Ўзбекистонда "бахтсизлар" эса Gullup марказига кўра, бор-йўғи 2 фоизни ташкил этади.

Британияда яшовчи ўзбекистонлик социолог, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти тадқиқотчиси Алишер Илҳомовга кўра, Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқлиги ва қўрқув боис, одамлар дилидаги гапни очиқ айтиша олмайди.

- Ўзбекистондаги аксар одамлар кўчада бошқа гапни, уйда бошқа гапни айтишга одатланиб қолишган. Шу боис одамлар ижтимоий саволларга жавоб бераркан, ҳукуматнинг оғзига қараб гапиришади, яъни ҳукумат тарғибот-ташвиқот гапларига асосланишади. Тарғибот ва ташвиқотларда эса тинимсиз одамларнинг мамнун ва бахтиёр эканликлари гапирилади, дейди Илҳомов.

Озодлик мини-сўрови

Озодлик радиоси ҳам 24 август куни Прагага қўнғироқ қилганлардан бир нечасига “Ижтимоий фикр” берган саволни бериб кўрди.

Қашқадарё вилояти Нишон туманидан қўнғироқ қилган пенсионер ўз исмини айтмай маҳаллий амалдорлар устидан арз қила бошлади.

“3 йилдан бери қариндош-уруғларим ҳақиқатни излайди, топа олмайди”, деди пенсионер. Қатор амалдорларнинг исм-фамилияларини ҳам келтирди суҳбатдошимиз.

“3 йиллик можаро тафсилоти “Эркин микрофон” эшиттириши форматига сиғмайди”, дедик ва саволимизни бердик: Ҳаётингиздан мамнунмисиз?

- Кўп қариндош-хешларим жуда қийин аҳволдада. Шуни айтмоқчи эдимда.

Озодлик: Сиз ўзингиз ҳақингизда гапиринг. Ўзингизнинг турмушингиздан мамнунмисиз?

- Ўзимники яхши, бўлади.

Озодлик: Сизни мамнун қилган нарсалар нима?

- Мени мамнун қиладиган тинч-тотув, яхши яшаяпмиз. Фақат бир-икки қариндошларим қийин аҳволдалиги учун сизга чиққан эдимда. Бизларники Худога шукур яхши.

Озодлик: Исм-фамилияни айтмасдан радиодан бир марта фалончанинг устидан гапириб қўйиш билан ҳақиқат тикланмайди. Агар қариндош-уруғингиз қийналган бўлса, уларга ноҳақлик бўлган бўлса, ариза ëзиб, тагида исм-фамилияни ëзиб прокурорга боринг ака.

- Улар тан олмаяптида. Ҳеч тан олмаяпти, дейди Қашқадарё вилояти Нишон туманидан қўнғироқ қилган пенсионер.

“Эркин микрофон”га мурожаат қилган яна бир ўзбекистонлик икки ойдан бери Москвада ишлаётган 41 яшар ўзбекистонлик йигит. “Мособлстрой” трестида ишлайди. Лекин ҳануз маош ололмаган.

Бошлиқлари билан боғланишга ваъда бердик ва сўрадик: Ҳаётингиздан мамнунмисиз?

- Саволингиз жуда мураккаб. Қайсидир маънода Оллоҳнинг берганига шукур учта фарзандим бор. Шулардан мамнунман. Қайсидир маънода ҳаëтим юришмаганига, ишим юришмаганига, албатта¸ бу кўпчиликка келган тўй бўлса керак Ўзбекистонда. Бу нарсага жавоб бериш қийин ака.

Озодлик: Демак, мамнунман деб қатъий ишонч билан айта олмайсиз?

- Йўқ. Мамнун одам биласизми ўз юртига, фарзандлари ëнига соғ-саломат ишлаб туриб, иссиқ-совуғидан бохабар бўлиб юрган одам мамнун бўлади ўз фарзандларининг, дейди икки ойдан бери Москвада ишлаётган 41 яшар ўзбекистонлик йигит.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Сариосиёдан. У киши “Агробанк”дан норози. Икки ҳафта олдин эфиримиз орқали ўз арз-додини айтиб ҳам олган. Лекин унинг ишида ўзгариш бўлмабди.

Балки яна бироз кутиш керакдир, дедик ва сўрадик: Ҳаётингиздан мамнунмисиз?

- Энди Худога шукур пенсияга чиқдик. Ҳаëтимдан мамнунман. Мустақиллик йилларида фарзандларимни ўқитдим. Ўзим олий маълумотли журналистман. Лекин шу қонунбузарлик бўлган жойда адолатсизликка чидай олмайман. Чунки мен, президентимизнинг “Юксак маънавият енгилмас куч” деган асарида жуда ажойиб гап бор. “Виждони уйғоқ одам ëн-атрофда бўлаëтган воқеаларга, ëрдамга ва кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммоларига, адолатнинг топталишига бефарқ қарай олмайди. Чиндан ҳам одамзод руҳан пок бўлиб иродаси бақувват бўлиб яшамас экан инсон ҳаëтининг қандай маъноси қолади” деган гаплар менинг юрагимда жуда ҳам нима бўлиб қолганда ака, дейди сариосиëлик тингловчи.

“Эркин микрофон”га мурожаат қилган тўртинчи суҳбатдош асли Хоразмдан, 56 га кирган Ҳайитбой ака. Шу кунда у Россияда. Анчадан бери дараги йўқ ўғилларини излаб юрибди.

Ҳайитбой аканинг ҳасратидан чиқаётган чангнинг ҳиди телефон трубкасидан ҳам сезилиб турган бўлсада, беадаблик бўлишига қарамай, у кишига ҳам бердик саволимизни: Ҳаётингиздан мамнунмисиз?

- Мамнун бўлсак, бу ëқларга болаларни жўнатармидик?


*****************************************************************************

Азиз муштарий¸

Сизчи¸ Сиз ҳаëтингиздан мамнунмисиз?

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:56 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG