Линклар

Шошилинч хабар
06 май 2024, Тошкент вақти: 00:52

Ўзбекистонликлар Қозоғистонда пахта термоқда


Қозоғистоннинг жанубий минтақаларида минглаб ўзбекистонликлар пахта теряпти. Асосан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан келган теримчилар ҳар бир килограмм терган пахтаси учун Ўзбекистондаги терим нархларига нисбатан икки баравар кўпроқ ҳақ олмоқда.

Жанубий Қозоғистоннинг биргина Мақтаорол туманига мингдан ортиқ ўзбекистонлик теримчи келган.

Бу ҳақда Озодликка, шу туманда яшайдиган қариндошларини кўргани борган жиззахлик Ҳасанбой гапириб берди:

- Мен улар билан гаплашдим. Ўзбекистонда ҳам пахта борку, нега ўз жойларингдан термайсизлар, деб сўрасам, бизда ер кам, кейин теримга жуда кам пул беришади, ўшани ҳам тўлиқ ололмайсиз, дейишди. Улар асосан водийликлар экан,- дейди Ҳасанбой.

Унинг айтишича, у меҳмонликка борган қишлоқда 300дан ортиқ ўзбекистонлик теримчи бор.

Мақтаорол туманидаги хусусий ер эгаларидан бири, 10 гектар ерда пахтакорлик қилаётган Абдураҳмоннинг айтишича, у собиқ иттифоқ даврида Жиззахнинг Фориш туманидан кўчиб келган. Абдураҳмон ўзбекистонлик теримчилардан жуда хурсанд эканлигини айтди:

- Масалан, менинг 10 гектар ерим бўлса, теримга ўнта ёрдамчи оламан. Улар ўзбекистонлик, ҳар йили келадиган одамлар. Ана шу ўн одам 10 гектарни айланиб теришаверади. Ҳар бир килограмм пахтасига 15 тангадан пул тўлайман. Бу 10 АҚШ центи бўлади, яъни ўзбек сўмида 300 сўмдан кўп. Пахта ҳам яхши теримчилар ҳам яхши. Ҳар бир теримчи кунига 80-100 килограммдан пахта теряпти,- дейди Абдураҳмон.

Ер эгасига кўра, ўзбекистонлик теримчиларнинг еб-ичиши, ётар жойи ҳаммаси унинг зиммасида:

- Ана шу ўн одамни ўз уйимга жойлаштирганман. Биз нима есак улар шу нарсани ейди. Ўзимиздан кам кўрмаймиз. Пулини нақд килограммига қараб тўлайман,- дейди Абдраҳмон.

Унинг айтишича, Қозоғистонга келган теримчиларни полиция рўйхатидан ўтказиш, уларни божхонадан кутиб олиб, кузатиб қўйиш ҳам ер эгаларининг зиммасида.

- Ўзбекистонликлар чегардан ўтганидан кеийн бир ойлик рухсат берилади. Бир ойдан сўнг кетамиз дейишса, ёки уйдагиларни соғиндим, бориб келай дейишса, пулларини бериб ўзимиз кузатиб қўямиз,- дейди Абдураҳмон.

Суҳбат асносида қозоғистонлик ер эгасидан “нега сизларда терим учун нарх Ўзбекистонга нисбатан икки баравар қиммат, бу ўзини оқлайдими, деб сўрадик:

- Биз яхши даромад оляпмизки, уйлар соляпмиз, мошиналар оляпмиз. Бизнинг ерларимиз хусусий. Хоҳлаган экинимизни экамиз, лекин пахтани кўпроқ экамиз, чунки яхши фойда оламиз. Давлат бизни арзон нархдаги ёнилғи ва минерал ўғитлар билан таъминлайди. Ҳар йили давлат бизга субсидия беради. Масалан, бу йил ҳар гектар ер учун 12 минг тангадан (80 АҚШ доллари) субсидия берди. Пахтамизни эса фирмаларга аукционда сотамиз.

Биз Жиззах вилояти билан қўшнимиз. Ўзбекистонлик фермерлар билан гаплашиб тураман, улар пахта режасини бажарган тақдирда ҳам кўп пайтлари давлатдан қарздор бўлиб қолишаркан. Мен эса бунга ҳайрон қоламан,- дейди қозоғистонлик ер эгаси Абдураҳмон.
XS
SM
MD
LG