Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:33

Хожамотчи табиблар Истанбулда йиғилади


Дунёнинг 13 давлатидан Истанбулга борадиган 300 дан ортиқ табиб сўнгги бир йил ичида олиб борган тадқиқотлари натижасини тақдим этадилар.


Анаънавий табобатнинг хожамот — танадаги муайян нуқталардан қон олдириш амалиёти билан шуғулланадиган табиблар иштирокида 29-30-сентябр кунлари Истанбулда ўтадиган анжуманга ўзбекистонлик табиблар ҳам таклиф қилинган.

Анжуман ташкилотчиларидан бири — Истанбулдаги Ноанъанавий тиббиёт институти президенти Фарук Гунинди Озодлик билан суҳбатда бундай муолажани амалга оширадиган табиблар сони Европада ҳам ортиб бораётганини айтади.

- Дунёнинг 13 давлатидан таклиф қилинган табиблар бор. Булар орасида Финляндия, Германия, Корея, Англия, Америка, Судан, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан ҳам иштирок этувчи табиблар бор,- деди Фарук Гунинди.

Унинг сўзларига кўра, Туркияда яқинда ташкил этилган Анъанавий тиббиёт институти томонидан ташкил қилинган тадбирдан бош мақсад шу кунларда дунёнинг 150 дан зиёд давлатида анаънавий табобатнинг айнан хожамот йўналишида изланиш олиб бораётган тиб олимлари изланишларини бир жойга йиғишдир.

- Бизнинг атрофимизда хожамотга алоқадор тадқиқот олиб бораётган табиблар жуда кўпчилик ва бундан ташқари, бугунга келиб анъанавий табобатдаги жуда кўп даъво услублари қўлланилаётган бўлсада, булар орасида энг самаралиси, фойдалиси ва муҳими хожамот экани кундан кунга ойдинлашмоқда,- дейди анаъанавий табобат тарғиботчиси Фарук Гунинди.

Туркиянинг ўзида ҳозирда бу амалиёт билан шуғулланаётган 300 нафардан ортиқ табиб бор. Улардан 60 нафари Анъанавий тиббиёт институти томонидан лицензия олган ва хусусий ҳамда давлат шифохоналарида фаолият юритаётган шифокорлардир.

Фарук Гуниндига кўра, табобатнинг бу йўналишида ғарблик олимларнинг тадқиқотларини жамлаган лондонлик шифокорларнинг ҳисоботи тадбир кун тартибидаги муҳим чиқишлардан бири бўлади.

- Ҳозир Лондондаги олимлар билан бирга "мигрен" хасталиги давоси устида қўшма тадқиқот олиб бораяпмиз. Хожамот бу хасталикка қарши даво усулларидан бири сифатида тадқиқ этиляпти,- дейди туркиялик табобат олими Фарук Гунинди.

Ҳафта сўнггида Истанбулда бўладиган халқаро анжуман арафасида суҳбатга тортганимиз бу олимдан хожамот амалиётининг хусусиятлари ва афзалликлари ҳақида ҳам сўрадик.

- Хожамот - вужуднинг қон айланиши секинлашиб турадиган муайян нуқталаридан қон олдиришдир. Бундай нуқталарда йиғилиб қолган ортиқча қон ёки метаболизм бузилиши оқибатида танада тўпланиб қоладиган чўкмалар вакуум ёрдамида бир жойга йиғилади ҳамда қон айланиш тизимидан узоқлаштирилади.

Бунда тана ортиқча қондан қутулади ва қон тозаланади. Бундан ташқари, баъзи тадқиқотларда вакуум ёрдамида тананинг иммун тизимини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган гормонларни кучайтириш мумкинлиги ҳам кўрсатилди. Хуллас, хожамотнинг афзалликлари кўп ва халқаро анжуманда бу борада ўтган бир йил ичида ўрганилган янгиликлар тақдим этилади, - дейди Истанбул Ноанъанавий тиббиёт институти президенти Фарук Гунинди.

Бу институт ўтган йили ҳам дунёнинг турли давлатларидан борган 350 дан ортиқ табиб иштирокида айни мазмундаги анжуманни ўтказган эди.

Фарук Гуниндига кўра, бу тадбир замонавий медиклар орасида ҳам анъанавий табобатга қизиқувчилар сонини оширган.

Тадбир ташкилотчилари, кимёвий дориларсиз анаъанавий услубда даъволашни тарғиб қилаётган табиблар ва олимлар иштирокидаги тадбирни бундан буён мунтазам давом эттириш ниятида эканини айтмоқдалар.

Хожамот (арабча ҳижама) қадимги қон чиқариш муолажаси бўлиб, бу амалиёт илк бор Ислом ҳадисларида тилга олинган ва Муҳаммад Пайғамбар томонидан маъқуллангани айтилади.

Бироқ, мутахассислар, хожамот муолажаси тажрибали мутахассис томонидан амалга оширилиши ва қон чиқариш учун ишлатилган асбоблар қайта ишлатилмаслиги лозимлигидан огоҳлантиради.
XS
SM
MD
LG