Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:28

Gogoosha яна қўшиқ айтишга уриниб кўрди


Гулнора Каримованинг бир неча миллион долларга олингани тахмин қилинаëтган янги клипи Мир Араб мадрасаси¸ Минори Калон ва Аркда устида суратга туширилган.
Гулнора Каримованинг бир неча миллион долларга олингани тахмин қилинаëтган янги клипи Мир Араб мадрасаси¸ Минори Калон ва Аркда устида суратга туширилган.

Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Бухоронинг Эски шаҳрини бир неча кунга ëптириб қўйиб суратга олган "Round Run"("Гирдикапалак") қўшиғи клипи айни кунларда Ўзбекистон телеканалларидан тушмай қолди.


Googooshaнинг "Round Run" қўшиғига олинган янги клип - нисбатан чоғроқ бўлган жамоамизда мана икки кундирки, баҳс-мунозаралар объекти.

Кўп масалаларда тили чиқишадиган ҳамкасбларим шу клипга қолганда бир-бирини тушунолмай гаранг.

- Чиройли олинибди, деди клипни ёқтирганлар.

- Бемаъни, деди уларнинг ҳарифлари.

Томонлар бир-бировига ён бермади. Баҳс авж олди. Хона ҳарорати кўтарилиб кетди. Деразаларни очсак ҳам фойдаси бўлмади.

Аъзолари сони тоқ бўлган жамоамиз 50 ка 50 бўлинди.

Чунки мен холис қолдим.

Холис бўлмасам бўлмайди. Чунки “Телевизор”нинг бугунги сони шу клип тўғрисида.

Бас, ўзбекнинг Озодликдаги кичкина жамоасида шунчалик баҳсга сабаб бўлган экан, демак ўзбекнинг катта жамоаси ҳам гапираётган бўлса керак Googooshaнинг клипи тўғрисида, деб ўйладим.

Хўш, клип тўғрисида ким нима деган, ким қандай ёзган бўлар эди?

Масалани шу тахлит қўйиб, фараз қилдик.

Фаразларимизга ўтишдан олдин бир

Реал шарҳ

билан танишинг:

Youtubeга жойлаштирилган клип тагидан мана бу позитив шарҳни топдик:

“Qoyil zo'r chiqibdi bu O'zbekiston uchun juda katta natija”.

Клипни Интернет орқали мамлакат ташқарисида ҳам кўрганлар кўп бўлиши, улар орасида

андижонлик қочқинлардан бири, 26 яшар новвой йигит

ҳам бўлиши мумкин. Мана унинг дегани:

- Гуннорахонди клипини кўрдим. Омалекин бола пачағини чиқарип, тешип-пиширип қўйипти. Ҳалиги томма-том югурип юрган болани айтяппан. Олдин ўзимизи Валижон бўса керей дебўйладим. Ўхшамади. Валижон сал пачағрақ. Ашинчун Ғайрат бўса керей, дедим. Унақа десам Ғайратларам иккита. Биттаси қизиқчи, биттаси боксчи. Қизиқчиси бўса керей ҳар ҳолда. Боксчиси Амеркадаку. Ҳар ҳолда эртага биродарлардан сўрапкўраманда. Кимиси бўсаям майли, ўзимиззи анжанлик. Клип ўзи яхтию кўрибўтирип настреням бузлип кетти. Анжандан қочканимиздан бери Анжан бўшап қоғандей туюлўврарди. Бухороям бўм-бўша. Битта Гуннорахону уни йигитини ўйнаган Ғайраттан бошқа ҳичким кўринмади. Айтканча, Ғайратка нечипул бердийкин Гуннора?

ЎзТВнинг “Ахборот” дастури:

Жаҳон маданияти дурдоналаридан баҳраманд бўлиш шахс маънавиятини бойитади, ўз меҳнати маҳсулини ҳамфикрлар ва мухлислар билан баҳам кўриш имконияти эса ижодкорга қанот бағишлайди.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов етакчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар нафақат ёш ижодкорлар, балки ўрта ёш ижодкорлар учун ҳам кенг йўл очиб берди.
Ўрта ёш авлод вакили, хушовоз хонанда Гугушанинг янги клипидан эса, Юртбошимиз олиб бораётган оқилона сиёсат туфайли кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухородай шаҳри азимнинг йўллари бўшатиб ҳам берилганига гувоҳ бўламиз.

Шоир Шиғиржавон Парвонийнинг клип муносабати билан ёзган достони замонидан узинди:

Гуннорахон клипиз лек миравўй,
Тўғри гап бу. Йўқ тудавўй – судавўй.
Бир нарсани тушунмадим, айтингиз,
Бола мунча чопқиллайди? Делавўй?

Шиғиржавон Парвонийнинг ўз шеъри остида берган луғати:

Миравўй – ўричча “мировой”дан, зўр дегани.
Тудавўй – судавўй – ўричча “туда-сюда”дан. Ҳар-хил движеня-пвиженясиз, дегани.
Делавўй – ўричча “деловой”, сўзидан, борзет қиляпти, деган маънода.

Йиртиқяктак маҳалла гузаридаги Чегали Чойнак чойхонасининг кунда-шундаси, Араб баҳори бўйича ихтисослашган сиёсатшуноснинг улфатларига шивирлаб дегани:

- Клиппи кўрдиларизми? Ундаги йигитнинг томма-том югуриб юриши маънисини чақинглар. Қуруқпармидией, Порахўрмидие... ҳа эсладим, паркур дейилади унинг югуриши. Тўсиқларни ошиб ўтиш деган бир ўйин-да! Хўш, бу билан нима демоқчи призидентти қизи? Пикир қилинглар. Ўйланглар. Гулнора бу билан халқни исёнга чақиряпти. Шунақа қилиб тўсиқларни ошиб ўтмасаларинг, нафақат Бухоро, балки бутун мамлакат клипимдагидай кимсасиз бўлиб қолади, шунинг учун ҳаракатингларни қилинглар, демоқчи. Тахтни тортиб олмоқчида у. Тарихда бунақа ишлар кўп бўган...

Тарихий ёдгорликларни ҳимоя қилиш жамияти шикоятининг юқори ташкилот чиқинди пақиридан топилган парчаси:

“...биз комил ишонч билан айтамизки, Гугуша - Гулнора Каримованинг қўшиғига клип олишда Бухоронинг тарихий ва меъморий ёдгорликлари таҳдид остида қолган, баъзи иншоотлар деворлари камера ўрнатиш учун тешилган, яъни ЮНЕСКО талаблари ҳамда маҳаллий қонунлар қўпол равишда бузилган. Айтилганлардан келиб чиқиб, Гугуша - Гулнора Каримовага Бухоро ва бухороликларга етказган моддий ва маънавий зарарини қоплаш учун йирик миқдорда жарима солишни талаб қиламиз. Ундирилган зарар Бухоро ёдгорликларини таъмирлаш жамғармасига ўтказиб берилсин...”

(Шикоятнинг боши каби охири ҳам йиртиб ташлангани учун имзоларни келтира олмадик)

***

Менинг фикрим

Кўриб турибсизки, азиз ўқувчи, Googooshaнинг янги клипи ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Мен ҳам холисман, деб ўтираверишим тўғри эмас.

Клип менга ёқди. Умуман – ёқди. Ҳатто хонанданинг ўзиям. Кўҳликкина, тўғрими?

Фақат у киши ўзини бироз қийнаб қўйгани чатоқ бўпти. Қўшиқ айтишга уринганини айтаман-да.

А так, ничего...

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:51 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG