Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:10

ЎXҲ: Ҳаракатнинг Ёшлар қаноти Тошкентда варақа тарқатди


Баланд қаватли уйларнинг подъезига ташлаб кетилган варақалар
Баланд қаватли уйларнинг подъезига ташлаб кетилган варақалар
Ўзбекистон Xалқ ҳаракатининг ёш фаоллари варақаларни Тошкентнинг Алгоритм мавзесидаги кўп қаватли уйларнинг подъездларига ёпиштириб чиққани айтилмоқда.


Ўзбекистон Xалқ ҳаракати ўз сайти орқали тарқатган хабарда варақа тарқатиш “репрессив режим имконият бермаётган ва шаҳар кўчалари кечаю кундуз қаттиқ қўриқланаётган бир паллада амалга оширилган”и айтилган.

Ўзбекистон Xалқ ҳаракати Муассислар мажлиси аъзоси Муҳаммадсолиҳ Обутов Озодлик мухбири билан суҳбатда варақа мазмуни ва уни тарқатиш жараёни ҳақида сўзлаб берди.

Муҳаммадсолиҳ Обутов: “Чўлпон” ёшлар гуруҳимизнинг бир-икки аъзолари қўлга олиниб, қамоққа ташланганидан кейин варақа тарқатиш маълум муддат тўхтатилган эди. Лекин ЎХҲни яна бир неча гуруҳи бор. Улар катта-катта шаҳарларда яна тайёргарлик кўришяпти. Турли хил варақалар ва дисклар вақти-вақти билан тарқатилади.

Озодлик: 600дан ортиқ нусхада тарқатилди, дейилган варақаларда нима дейилган?

Муҳаммадсолиҳ Обутов: Бу ерда, асосан, Обидхон қори Назаровга, Фуад Шокировга қилинган суиқасдларнинг ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тургани, режимнинг мана шунақа бир ғайриинсоний хусусиятлари ўзбек халқига тушинтириляпти. Ўзимизнинг сайтимизда чиққан мақолалар бериб бориляпти.

Озодлик: Бу билан Ўзбекистон Xалқ ҳаракати нимага эришмоқчи, қандай мақсадларни кўзлаган?

Муҳаммадсолиҳ Обутов: Аслида бу ҳар қандай эркин мамлакатда мухолифат бемалол қила оладиган иш. Бизнинг бу ҳаракатларимиз Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига зид эмас. Биз фақат режимга қаршимиз ва режимнинг жиноятларини фош этяпмиз. Биргина Ўзбекистонда эмас, ҳозир Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида ҳам шундай варақалар ва дисклар тарқатиляпти ҳамда бу фаолиятимиз давом этади, деди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Xалқ ҳаракати Муассислар мажлиси аъзоси Муҳаммадсолиҳ Обутов.
XS
SM
MD
LG