Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:42

МТРК сайти ҳакерлар ҳужумига учради


CLONE-SECURITY ҳакерлар гуруҳи ҳужум учун маъсулиятни зиммасига олиб, бундан мақсад Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси халққа ёлғон ахборот тарқатаётганига эътибор қаратиш эканини айтмоқда.



30 январ куни Тошкент вақти билан соат 17:00 ларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг расмий сайти www.mtrk.uz ҳакерлар ҳужумига учради.

Дастлаб сайтнинг бош саҳифасида "CLONE-SECURITY томонидан ҳужум қилинди" деган ёзув пайдо бўлди. Орадан 20 дақиқа ўтгач, сайт бутунлай ишламай қолди.

Ўзини CLONE-SECURITY деб атаётган ҳакерлар гуруҳининг шахсини ошкор қилишни истамаган аъзоси Озодлик билан боғланиб, mtrk.uz сайтига қилинган кибер ҳужум учун масъулиятни гуруҳ ўз зиммасига олишини маълум қилди.

Ҳакерга кўра, mtrk.uz сайтига “Антилағмон” сиёсий акцияси номи остида жорий ҳафтада иккинчи бор ҳужум уюштирилган.

Илк ҳужум 27 январ куни соат 23:00 ларда бўлганиини айтади исми ошкор қилинишини истамаган ҳакер.

Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳужумлар “Миллий телерадиокомпания халққа тарқатаётган ахборотлар ёлғон ахборотдир!” шиори остида ўтказилган.

“Миллий телерадиокомпания кўрсатувларидан халқ қониқмайди. Масалан, МТС ёпилиши билан боғлиқ воқеалар МТРК каналларида умуман ёритилмади. Бир кунда миллионлаб одам алоқасиз қолди. Бу ҳақда умуман гапирилмади. МТС ҳақида мунтазам ахборот бериб келган olam.uz сайти эса бугунги кунда ёмонотлиқ қилинаяпти. Кейин Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги воқеалар, Сўх можаролари ҳақида ҳам умуман МТРКда гапирилмаяпти. Кейин нодавлат телеканалларини ҳам ўз назоратида ушлаб туради. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин” дейди CLONE-SECURITY гуруҳи аъзоси.

Ҳакер сўзларига кўра, "CLONE-SECURITY mtrk.uz сайтини умуман ишдан чиқариш имконига эга бўлса-да сайтга жиддий путур етказмаган".

“МТРКнинг ёлғон ахборот тарқатаётгани бизни шу ишга ундади. Мақсадимиз халқ ҳақиқатдан хабардор бўлсин. МТРК халққа ҳаққоний ахборотни узатишини истаймиз”, дейди аноним қолишни истаган ҳакер йигит.

CLONE-SECURITY гуруҳи аъзосига кўра, Ўзбекистон қонунларида кибер ҳужум жиноят ҳисобланганини билган ҳолда бу ишни амалга оширишган.

“Ҳақиқат йўлида бу ишга қўл урдик”, дейди ҳакер йигит.

Ўтган йилнинг июл ойида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тиббиёт порталига уюштирилган ҳужум учун ҳам масъулиятни CLONE-SECURITY ҳакерлар гуруҳи ўз зиммасига олган эди.

Гуруҳ ўша пайтда айни ҳужум Ўзбекистон ҳукуматининг аëлларни стерилизация қилиш сиëсатига норозилик сифатида амалга оширилганини таъкидлаган эди.

Ҳукумат сайтларини ёриб ўтишга муваффақ бўлган ўзбекистонлик хакерлар сайтларнинг бош саҳифасига “Бизнинг оналаримизни стерилизация қилманглар!” деган ёзувни жойлаштирган ва бу талаб остига "CLONE-SECURITY” дея имзо қўйган эди.

CLONE-SECURITY гуруҳи сайтларга қилинаётган ушбу ҳужумларни Ўзбекистон ичкарисида туриб амалга ошираётганини таъкидлаб келмоқда.

Ушбу материал чоп қилинган пайтда, Тошкент вақти билан соат 18:45 да ҳам www.mtrk.uz сайти ишламаётган эди.
XS
SM
MD
LG