Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:24

Рустам Азимов нега Гулнора Каримова танқиди нишонига айланди?


Рустам Азимов президент Каримовнинг хорижга қиладиган аксар сафарларида унга ҳамроҳлик қилиб келади.
Рустам Азимов президент Каримовнинг хорижга қиладиган аксар сафарларида унга ҳамроҳлик қилиб келади.
75 яшар президент Ислом Каримовнинг саломатлиги ҳақида бир-бирини инкор қилувчи хабарлар кучайган айни кунларда¸ президентнинг тўнғич қизи¸ ўз отаси ҳокимиятига асосий ворис деб кўрилаëтган Гулнора Каримова шахсий блоги¸ қолаверса Twitter саҳифасида Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари¸ Молия вазири Рустам Азимовга қарши айбловларни тарқатишда давом этмоқда.

24 март куни Каримова ўз шахсий блогида вице-премъер Рустам Азимов бошчилигида суперминимал таннархда Ўзбекистонда қуëш батареялари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ўтказилган халқаро тендерларнинг ўта “махфий” ва “ношаффоф” ўтгани ҳақида атрофлича ëзди. Бу ëзувлар президент қизининг Twitter ва Facebook саҳифаларига ҳам илова қилинди.

27 март кунги Twitter ëзишмаларида Каримова хоним яна ўз фолловерлари (муридлари) билан Азимов фаолиятини муҳокама қилишни давом эттирди.

“Иқтисодий комплекс раҳбари сифатида у изларни йўқотиш учун бошқа банк ва ширкатларни Ўзбекистон миллий банкининг хавфли активларини сотиб олишга мажбурлади”¸ деган ëзувларни тарқата туриб Каримова¸ Азимовнинг Молия вазирлигида ўтказган қисқартиришлари оқибатида энг яхши кадрлар ишдан кетиб¸ фақат қариндош-уруғчилик алоқаларига эгалар¸ яхшиликка умидворлар ва ноқонуний даромад манбалари борларгина қолди¸ деган гапларни ретвит қилади.

Президент тўнғичигина эмас¸ балки ҳамон расмий мақоми Ўзбекистон Республикасининг Женевадаги БМТ идораларидаги доимий намояндаси бўлиб қолаëтган Гулнора Каримованинг Twitterда вице-премъер Рустам Азимов фаолиятини муҳокама этишни давом эттириб¸ унинг коррупцияга алоқадорлигига очиқ ишоратлар қилаëтгани бу ëзишмаларнинг шунчаки оний танқид эмаслигидан далолат сифатида кўрилмоқда.

Хўш¸ Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари¸ Молия вазири Рустам Азимов ким ва нима учун 2013 йилнинг март ойи охирига келиб¸ ўзбек иқтисодининг аксар соҳаларини ўз назоратига олиб¸ энди сиëсий ҳокимиятга интилаëтган шахс сифатида талқин этилаëтган Гулнора Каримова танқидига дучор бўлмоқда.

Академикнинг ўғли¸ комсомол¸ қўриқчи ирригатор...

Рустам Азимов¸ 1958 йилнинг 20 сентябрида машҳур ўзбек академиги Содиқ Азимов оиласида туғилди. Нафақат унинг отаси¸ балки ота-боболари ҳам Тошкентнинг машҳур зиëлилари саналган¸ чунончи¸ катта бобоси Олим қози Тошкент қози калони бўлган.

Ўзбекистондаги ядровий физика ва қуëш энергиясидан фойдаланиш соҳасининг оталаридан саналган Содиқ Азимов узоқ йиллар Ядро физикаси институтига раҳбарлик қилган.

Рустам Азимов дастлаб Тошкент Давлат университетининг тарих факультетини тугатган¸ университет Комсомол комитетига раҳбарлик қилган.

Сўнгра Тошкент ирригация ва мелиорация институтида ўқиб¸ Жиззахнинг қўриқ туманларидан бирида оддий ирригаторлик қилган.

Азимовлар оиласи¸ қолаверса унинг ўзини болаликдан яхши биладиган кекса журналист Шароф Убайдуллаев гапиради:

- Азимов 70-йилларда Жиззах вилоятининг Арнасой тумани Юлиус Фучик номли совхозида иггигатор бўлиб¸ оддий ирригатор нима қилса¸ шуни қилиб¸ кенг Жиззах чўллари¸ Арнасой чўлларини сув тармоқларини¸ эгатларини бошқариб юрганида¸ оддий бир деҳқон¸ ирригатор сифатида кўрганман¸ таниганман. Шундан буëн унинг ўз иқтидори¸ таланти билан¸ ўз билим ва тажрибаси билан¸ инсоний фазилатлари билан¸ раҳбарлик салоҳияти билан қадамба-қадам кўтарилиб келаëтганига мен ўзим гувоҳман¸ дейди Шароф Убайдуллаев.

Каримовнинг назарига тушиш...

Лондондаги Осиë ва Африка тадқиқотлари институтининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов¸ Рустам Азимов билан бир пайтда Тошкент Давлат университетида ўқиган ва унинг ҳокимият пиллапояларидан кўтарилишни яқиндан кузатиб келаëтган тадқиқотчи.

Арнасой чўлларидаги оддий ирригаторнинг Тошкент бошқарув машинасига кириши¸ унинг 90-йиллар бошида Ўзбекистонда хусуий сектор¸ хусусан¸ хусусий банк тизимларининг пайдо бўлиши билан боғлиқ¸ дейди Алишер Илҳомов.

“1990 йил 23 апрелида Ўзбекистонда таъсис этилган “Ипак йўли” ҳиссадорлик инновацион тижорий банки раҳбари сифатида Рустам Азимов¸ кўп ўтмай мустақил Ўзбекистон банк тизимини қандай ривожлантиришга оид ғояларни ўртага ташлай бошлади. Йиғинлардан бирида унинг бундай фикрлари президент Ислом Каримовга маъқул бўлди ва Каримов Азимовга ўз ғояларини амалга ошириш имконини таклиф қилди. Шундан сўнг Азимов 1991 йилда янги таъсис этилган Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банкига раис этиб тайинланади ва унинг Каримов командасига қўшилиши шундай бошланади”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Алишер Илҳомов:

- Азимов ташқи иқтисодий фаолият ва хориж сармоядорларини Ўзбекистон иқтисодига фаол жалб қилишга қаратилган банк тизимини барпо қилишда муайян муваффақиятга эришди. Халқаро молия тизимлари¸ хориж¸ хусусан Ғарб сармоядорлари Азимовни ишончли ҳамкор сифатида қабул қилдилар. Миллий банк ташқи иқтисодий бозорда ўз депозит ва амалиëтларини муттасил ошириб борди ва Ўзбекистондаги белгиловчи молиявий тизимга айланди. Азимовнинг халқаро молиявий тизимлар¸ кредиторлар ва сармоядорлар орасидаги эътибори президент Каримовга маъқул келди ва 1998 йилда унга ижтимоий молия тизимини топширишга қарор қилди – Азимов Ўзбекистон Молия вазири этиб тайинланди¸ дейди Илҳомов.

1991-1998 йиллар оралиғида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банкига раислик қилган Рустам Азимовнинг Молия вазирлиги тепасига биринчи чиқиши 2000 йил ноябрига қадар давом этди.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларига кўра¸ Азимовнинг Каримов назарида ошиб бораëтган эътиборидан чўчиган рақиблари уни 2000 йилда президентнинг бирламчи халқасидан чиқаришга уриниб¸ Азимовни Молия вазиридан Макроиқтисод ва статистика вазири даражасига туширишга муваффақ бўлишади. 2002 йил декабрида бу вазирлик тугатилгач¸ 2003 йил январида Азимов Ўзбекистон Иқтисодиëт вазири ва мамлакат ялпи иқтисодий комплекси раҳбари ва Бош вазир ўринбосари этиб тайинланади.

2005 йил февралида мақоми оширилиб¸ Бош вазирнинг 1-ўринбосарига айланади. 2005 йил 25 июл куни (Андижон воқеалариданикки ой ўтиб...) ЎзбекистондаТашқи иқтисодий алоқалар¸ инветиция ва савдо вазирлиги қайта тикланиб¸ Азимов ана шу вазирлик раҳбари этиб тайинланади. 2005 йил ноябрида¸ ўз рақиблари таъсири остида тарк этгани Молия вазирлигини яна ўз қўлига олади. 2006 йил апрелида Бош вазир 1-ўринбосарлигидан оддий ўринбосарга айлантирилган Азимов¸ 2008 2 январидан бери Бош вазирнинг 1-ўринбосари¸ Молия вазири ҳамда Иқтисодиëт ва ташқи иқтисодий алоқалар комплекси раҳбари сифатида фаолият юрғизиб келмоқда.

Азимовга қарши пиар тарихи...

Рустам Азимовга қарши илк компромат Россия Интернет нашрларида 2005 йилнинг сентябрида¸ у Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари лавозимига тайинланиши ортидан пайдо бўлди.

“Профессионал банкир бўлмаса-да¸ Азимов шахсий бойлик орттириш мақсадида бюджетдаги пуллар оқимига эшик очиш имконини берувчи¸ келажакдаги сиëсий жанглар учун зарур бўлган ўз бирламчи капиталини шакллантириш учун хос тизим тузиш заруратини аниқ тушуниб етди. Кландошлари кўрсатмалари асосида Азимов қисқа фурсат ичида давлатнинг улкан молиявий заҳираларини ўз қўлида тўплади ва ўзига айрим конституциявий ваколатларни олган ҳолда Ўзбекистон Марказий Банкига рақобатчи тизим барпо этди”¸ деб ëзди 2005 йилнинг 29 сентябрида Азимовга қарши илк компромат ташлаган Россия Интернет нашрларидан бири.

Аммо Андижон воқеалари билан ўзбек иқтисодини Ғарбга йўналтирган Азимовнинг куни битди¸ деганлар нотўғри бўлиб чиқди ва Рустам Азимовнинг юлдузи¸ баъзан булут ортига кирган бўлса-да¸ умумият-ла айни мақомдан туриб чарақлашдан тўхтамади.

Азимов яшовчанлигининг сири...

“Азимовнинг 22 йилдан бери Ўзбекистон¸ хусусан ўзбек иқтисодини бошқараëтган элита тепасидан тушмай келаëтганининг асосий сабаби¸ унинг иқтидори¸ билими ва Каримовга садоқатидир”¸ дейди Ўзбекистон ҳукуматининг кадрлар сиëсатини бевосита кузатиб келаëтган журналист Шароф Убайдуллаев.

“Азимовнинг ҳокимиятга келиш ва бу ерда узоқ қолишдаги кучи Тошкент клани¸ қариндош-қудачилик ришталари ва унинг ўта мослашувчан ақлига таянади”¸ дейди Рустам Азимов фаолияти танқидчиларидан бири¸ ўзбекистонлик иқтисодчи Адҳамбек Олимов:

- Азимовнинг яшовчанлиги сири унинг Каримовга садоқати эмас¸ Каримовдан ўта қўрқиши¸ у нима деса¸ шунга лаббай¸ хўп-хўп қилишида деб биламан. Азимов ўта прагматик шахс. Ўз манфаати йўлида исталган одамни қурбон қилишдан тап тортмайди. Ўта айëр. Керакли жойда керакли гапни топиб айтишни билади¸ мувозанатни қандай ушлашни обдон ўрганган. Шу жиҳатлари билан Каримов ишончига кирган¸ дейди Адҳамбек.

“Азимовнинг Каримов даврасидаги бундай узоқ яшовчанлиги у асос солган ўзбек молиявий-иқтисодий моделига бориб тақалади”¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Саодат Нишонова:

- Азимовнинг кучи¸ биринчидан¸ ўзи яратган ва ишлаëтган тизимга таянади. Азимов ва унинг командаси томонидан Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банки ташкил этилди. Ўзбекистоннинг стратегик экспортидан келаëтган барча валюта тушумлари ана шу банк ҳисобларида марказлашди. Бу банкда ўринлашган валюта заҳиралари Ўзбекистон Марказий банкидаги олтин-валюта заҳираларидан катта эди. Шу боис Азимов молиявий эътибор жиҳатидан Марказий банк раҳбаридан кучлироқ шахсга айланди. Каримов ва унинг командаси Азимовга айни шундай банк моделини тузиш вазифасини топширди ва Азимов бу ишни муваффақиятли адо этди¸ дейди Саодат Нишонова.

Инглиз ва рус тилларини мукаммал биладиган Рустам Азимовнинг ўзбек иқтисодини бошқараëтган саноқли шахслар рўйхатидан тушмай келаëтганининг яна бир сабаби¸ унинг шахсига бориб тақалади¸ деб давом этади бу таҳлилчи:

- Азимов команда тузиш ва уни бошқаришга уста одам¸ бу унинг ижобий жиҳати. У ақлли кадрлар танлаб¸ уларни қўйилган вазифани бажаришга рағбатлантира олади. Ўзи ҳам берилган топшириқни бажаришга уста. Бу вазифанинг қандай экани¸ бошқа масала. У жуда яхши бошқарувчи.

Азимовни Азимов қилган жиҳатлардан бири¸ унинг ўта маҳоратли музокарачи эканлигидадир. У халқаро молия тизимлари¸ сармоядорлар билан қандай босиқ музокара қила олса¸ ўз ички рақиблари билан ҳам мувозанатни ушлашни билади. Шу пайтгача¸ унинг ўзига берилган топшириқларни бажаришда катта бир хатога йўл қўйганини билмайман¸ дейди Нишонова ва аксар ўзбек мулозимларидан фарқли Азимовнинг танқид¸ хусусан¸ профессионал танқидга қулоқ соладиган раҳбар эканини қўшмича қилади.

Азимов ўйиндан чиқариладими?

Ўзбекистон молиявий-иқтисодий комплекси учун биринчи масъул шахс Рустам Азимовнинг Ислом Каримов саломатлиги ëмонлашгани ҳақида норасмий хабарлар тарқалган айни кунларда президент қизининг танқидига нишон бўлиши¸ ўз отаси “тахтига ворис малика” деб қаралаëтган Гулнора Каримованинг Азимовни ворислар рўйхатидан чиқариш тараддуди сифатида баҳоланмоқда.

- Азимов нишонда турган биринчи одам ва уни ҳақиқатан кўп нарсада айблаш мумкин ва осон. Иқтисоднинг аҳволи жуда оғир¸ хароб ҳолга тушган молияга ҳам шу жавобгар¸ банк-молия тизимидаги ноқисликларнинг ҳам ҳаммаси Азимовнинг елкасида ва Ўзбекистон тушиб қолган асосий муаммолар учун ҳозир ундан яхши "айбдор"¸ аниқ нишон топиш қийин.

Айни кунларда Гулнора Каримованинг ўз пиар кампаниясини зўр бериб кучайтираëтганига гувоҳмиз ва у ўзини иқтисодий-ижтимоий муаммоларга алоқаси йўқ қилиб кўрсатиш мақсадида¸ Азимовни қурбон қилишга уриниб кўраëтган бўлиши мумкин. Ўзини ëшларга тараққийпарвар ва адолатпарвар қилиб кўрсатишга уринаëтган Каримова¸ Twitterдаги ëзишмалари билан аслида Азимовнинг бошқа мухолиф ва рақибларига комппомат ташлашга рағбат берди. Буëғини бошқалар давом эттирса керак¸ дейди Олимов.

"Рустам Азимов ҳозирга қадар ўзида жиддий сиëсий амбициялари борлигини кўрсатган эмас¸ зотан у олий ҳокимият хаëлига берилган куни¸ учиб кетишини яхши билади. Шундай бўлса-да¸ Азимов Каримовга энг жиддий ворис сифатида йиллардан бери жамоатчилик оғзидан тушмай келади"¸ дер экан Саодат Нишонова¸ бунинг сабабини шундай изоҳлайди:

- Азимов ҳам Ғарб¸ ҳам Россия тизимлари бирдек қартани тикадиган шахс. Чунки Каримовдан кейинги Ўзбекистонга мамлакатда нималар бўлгани ва бўлаëтганини ичдан билувчи¸ айни пайтда қайишқоқ¸ яхши музокарачи бўлган шахс керак. Азимов эса¸ Ўзбекистондаги бойлик ва заҳираларнинг қандай тақсимлангани¸ кимга ва қачон қайта тақсимлаганини мукаммал билувчи¸ бу тақсимлаш жараëни марказида турган¸ уни бошқарганлардан бири. У бу тақсимот кўлам ва рақамларини аниқ билади¸ боз устига бу тақсимот механизмини яхши билади. Унинг ортида эртагаëқ ишлаб кетадиган командаси бор.

Афтидан¸ Гулнора Каримовани сиëсий кураш саҳнаси марказига ташлаëтган маслаҳатчилари унга: “Сизнинг ортингизда ҳам Азимовникидан яхши команда бор¸ қўрқмай уни йўқ қилинг!”¸ деяëтган бўлишлари мумкин. Аммо мен бунга ишонмайман. Ўзбекистондаги иқтисодий-молиявий модел ўта мураккаб ва уни Каримовдан кейин ҳамма ҳам қонсиз¸ урушсиз бошқара олишига кўзим етмайди¸ дейди Нишонова.

Лондондаги сиëсий таҳлилчи Алишер Илҳомов ўзини нафақат ўзбекистонликлар¸ балки ташқи дунë олдида ҳам коррупция¸ пул ювиш каби оғир айбловлардан оқлаш мақсадида Гулнора Каримова откат ва ношаффоф тендерлар¸ давлат маблағларининг йўқ қилиниши каби жиноятларни Рустам Азимов “ҳисобига ëзиш”га уринаëтганликда тахмин қилади.

Азимов тақдирини Каримова эмас¸ Каримов ҳал қилади

Аслида¸ Ўзбекистон ҳуқуқ тизимларини ҳам ўз назоратига олгани тахмин этиладиган Гулнора Каримова Азимовга қарши жиддий айблар қўйишни нега ана шу куч тизимларига топширмасдан¸ унга қарши Twitterда ëзиш билан чекланаëтир?

Озодлик суҳбатлашган таҳлилчиларга кўра¸ бу Каримованинг ҳозирча Азимовни ўйиндан чиқаришга қурби етмаëтгани¸ сиëсий курашнинг белгиловчи нуқтага энди етаëтгани белгисидир.

“Ҳозирча Ўзбекистонни қизи эмас¸ саломатлиги баҳсга сабаб бўлаëтган эса-да¸ Ислом Каримов бошқариб турибди. Каримов эса¸ бундай интригаларга лаққа тушадиган сиëсатчи эмас. У¸ агар соғлиғи имкон берса¸ бу масалада ҳали-ҳозир қарор беришга шошилмаса керак. Каримов буйруқ бермагунча эса¸ Азимовга тегилмайди”¸ дея якдил фикр билдирди Озодлик таҳлилчилари.
XS
SM
MD
LG