Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:20

Прокуратура "Салимбойнинг заводи"ни текширмоқда


"Қўйлиқ асфальт-бетон заводи" корхонаси криминал авторитет Салим Абдувалиевга қарашлидир", дейди Озодлик манбаси.
"Қўйлиқ асфальт-бетон заводи" корхонаси криминал авторитет Салим Абдувалиевга қарашлидир", дейди Озодлик манбаси.

Қўйлиқдаги асфальт-бетон заводида прокуратура текшируви кетмоқда. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган манбага кўра, мазкур завод бошлиғи Шомурод Шодиев Ўзбекистонда криминал авторитет сифатида танилган тадбиркор Салим Абдувалиевнинг яқин одами ҳисобланади. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, прокуратура текшируви ортида Абдувалиев гуруҳига зарба бериш мақсади ëтган бўлиши мумкин.



Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланган “Қўйлиқ асфальт-бетон заводи” масъулияти чекланган жамиятда прокуратура текширув ўтказаётгани ҳақида мамалкат ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси маълум қилди.

Унинг айтишича, текширув бошланишига асфальт корхонасидаги цехлардан бирида газдан ўғринча фойдаланганлик иддаоси расмий сабаб қилиб келтирилган.

Манбанинг айтишича, терговчилар “ҳозирча мазкур цехда ярим миллиард сўм (тахминан 240 минг АҚШ доллари)га тенг газ ўғирлаб, ишлатилганини айниқлаган” ва корхонани катта миқдорда жаримага тортиш тўғрисида қарор чиқариши кутилмоқда.

Лондон олимпиадасида Артур Таймазов ғалаба қилганидан қувониб майдонга югуриб чиққан Салим Абдувалиев тасвири Ўзбекистон телеканалидаги трансляциядан олиб ташланган эди.
Лондон олимпиадасида Артур Таймазов ғалаба қилганидан қувониб майдонга югуриб чиққан Салим Абдувалиев тасвири Ўзбекистон телеканалидаги трансляциядан олиб ташланган эди.
Озодлик манбасига кўра, “Қўйлиқ асфальт-бетон заводи” Ўзбекистонда криминал авторитет сифатида танилган Салим Абдувалиевга қарашлидир. Корхонада жиддий текширув бошлангани ҳам завод бош директори Шомурод Шодиевнинг Салим Абдувалиев гуруҳига дохил экани сабаб бўлган бўлиши мумкин. “Шомурод Шодиев криминал авторитет Салим Абдувалиевнинг одами -- унинг чўнтаги ҳисобланади”, дейди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси.

Унинг айтишича, мазкур завод Салим Абдувалиев гуруҳининг асосий даромад манбаларидан ҳисобланади ва текширув орқали унинг манфаатларига зарба бериш ёки корхонани унинг назоратидан чиқариш мақсади ҳам бўлиши мумкин.

“Қўйлиқ асфальт-бетон заводи”да прокуратура текшируви бораётганини корхона ходимлари тасдиқлашди. Озодлик суҳбатлашган ходимлардан бирининг айтишича, текширувга қарамасдан корхонада ишлаб чиқариш тўхтамаган.

Лекин, корхона бухгалтерияси ходими ишлаб чиқариш тўхтаб қолгани, бунга хом- ашё йўқлиги сабаб бўлганини маълум қилди:

- Бизда ҳозир битум йўқ, ўзингизда битум бўлса, бизга берсангиз, ундан асфальт қилиб берамиз, деди “Қўйлиқ асфальт-бетон заводи” ходими.

Айни пайтда, Тошкентдаги асфальт тўшаш билан шуғулланадиган корхона раҳбарининг шахси сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, Шомурод Шодиев раҳбарлик қиладиган заводда жорий йилда текширув биринчи марта ўтказилаётгани йўқ.

“Бундан икки ой аввал ҳам текширув ўтказилган, у теширув тугаган эди. Ҳозирда бораётган текширувдан хабарим йўқ”, деди суҳбатдошимиз.

Озодлик мухбири Шомурод Шодиевнинг ўзи билан ҳам боғланишга ҳаракат қилди, лекин унинг қабулхонаси телефон гўшагини кўтарган ходим, “ҳозир бунинг иложи йўқ”, дея гапни қисқа қилди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, Шомурод Шодиев яқин кунларда Бош прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизматига сўроққа чақирилиши мумкин.

Бундан аввал Ўзбекистон криминал дунёсининг яна бир авторитети деб кўрилган Ғафур Раҳимовга қарашли “бизнес империясига” ҳам ҳужум қилинган. Ўзбекистонда босим кучайиши ортидан 2010 йилдан бери мамлакат ташқарисида яшаётган Ғафур Раҳимовга нисбатан ўтган йил охирида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноий иш очиб, уни қидирувга берган.

Ғафур Раҳимовга нисбатан ўтган йил охирида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноий иш очиб, уни қидирувга берган.
Ғафур Раҳимовга нисбатан ўтган йил охирида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноий иш очиб, уни қидирувга берган.
Озодлик манбаларига кўра, Ғафур Раҳимовнинг Ўзбекистондаги мулки, жумладан турли соҳаларни қамраб олувчи йирик бизнеси тортиб олинган. У Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва Бокс миллий уюшмаси раҳбари лавозимларидан ҳам четлатилган эди.

Салим Абдувалиев ҳам Ғафур Раҳимов каби ўзини спорт соҳаси ҳомийси деб тақдим қилади. У кўп йиллардан бери Ўзбекистон кураш уюшмаси президенти лавозимини эгаллаб келади.

Ўтган йили, Салим Абдувалиевнинг “МТС-Ўзбекистон” иши бўйича сўроққа чақиртирилгани ва ундан мамлакатни тарк этмаслик тўғрисида тилхат олинганига оид гап-сўзлар пайдо бўлган эди. Лекин орадан кўп ўтмай, Салим Абдувалиев Лондонда ўтказилган Ёзги олимпиада ўйинларида кўриниш берди.

Ўшанда ўзбекистонлик курашчи Артур Таймазов олтин медал ғолиби бўлганидан қувониб майдонга югуриб чиққан Салим Абдувалиев тасвири Ўзбекистон телеканалидаги трансляциядан олиб ташлангани унинг атрофидаги гап-сўзларни янада кучайтириб юборган эди.
XS
SM
MD
LG