Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:53

Алексей Навальний озод қилинди


Алексей Навальний ва турмуш ўртоғи Киров област суди биноси олдида журналистлар билан суҳбатлашмоқда.
Алексей Навальний ва турмуш ўртоғи Киров област суди биноси олдида журналистлар билан суҳбатлашмоқда.
Прокурор аризасини кўриб чиққан Киров вилоят суди Москва мэрлигига номзод сифатида рўйхатга олинган мухолифат фаоли Алексей Навальний ва тадбиркор Петр Офицеровни қамоқдан озод қилиш ҳақида қарор чиқарди. 18 июл куни Киров вилояти Ленин туман суди Навальнийни “Кировлес” иши бўйича айбдор деб топиб¸ уни 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бир кунлик қамоқ

Туман суди қарори билан суд залидан қўлига кишан солиб олиб кетилган Алексей Навальний ва Петр Офицеровлар¸ бир кечалик ҳибсдан сўнг¸ вилоят суди ҳукми билан суд залида озод қилинди.

Энг қизиғи¸ Навальнийни озод қилишни суддан уни жиноятчига чиқарган прокурор Сергей Богдановнинг ўзи талаб қилди:

- Мен суддан 18 июл куни Ленин туман суди чиқарган эҳтиëт чорасини сайëҳат қилишни чеклаш чорасига алмаштиришни сўрайман¸ деди давлат прокурори.

Алексей Навальнийнинг озод қилиниши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:47 0:00
Бевосита линк


Судда қилган чиқишида Навальний прокурор сўровининг пайшанбадан жумага ўзгариб қолганини масхара қилди:

- Ҳурматли суд. Биринчидан мен прокурор Богданов шахсиятини аниқлаб олиш заруратига диққатингизни қаратмоқчиман. Бугунги прокурор асл Богдановнинг мухолифатчилар томонидан юборилган қиëфадошига ўхшаяпти. Чунки кечагина айни прокурор менинг суд залида қамоққа олинишимни талаб қилган эди¸ деди Навальний 19 июл кунги ҳайратомуз суд йиғинида.

Вилоят суди ҳукмига кўра¸ қамоқдан озод қилинган Навальний ва Офицеров хорижга чиқмаслик ҳақидаги тилхатга қўл қўйгач¸ 19 июл куни қўйиб юборилди.



Вилоят суди залидан озод этилиб¸ паспортлари қайтариб берилган Навальний суд биноси олдида тўпланган мухбирлар билан суҳбатда дарҳол Москва ҳокимлиги учун сайловлар хусусида фикр билдирди:

- Мен қандайдир хонаки мушук ëки кучукча эмасманки¸ исталган пайтда улоқтириб¸ яна истаганларида қайтариб олсалар. Менга қандай жазо белгилашларидан қатъий назар¸ сайлов кампанияси давом этади. Унинг ташвиқот ëки бойкот ëхуд бошқа шаклда давом этиши штаб аъзолари ва кўнгиллиларнинг Москвадаги учрашувидан сўнг аниқ бўлади¸ деди Навальний суд залидан чиқиб қилган баëнотида.

18 июл куни Москва шаҳар сайлов комиссияси Навальний устидан чиқарилган якуний ҳукм кучга киргунга қадар¸ унинг расмий номзод бўлиб қолажагини билдирди.



Агар Навальний устидан ҳукм сайловларга беш кун қолгунга қадар кучга кирса¸ у нафақат бу сайлов¸ балки давлат лавозимлари учун сайловларнинг бирортасида номзод сифатида умрбод иштирок эта олмайди.

Киров вилоят суди ҳукмини шарҳлаган Навалний киноя билан:

- Сени ҳозирга қадар махфий казиноларга ҳомийлик қилиб келган прокурорлар каби прокурор сўрови билан озод қилишса¸ жуда ноқулай бўлар экан. Зотан ҳозиргача бунақаси бўлмаган¸ деди.

Навальнийнинг айтишича¸ вилоят суди қарори ўзи учун мутлақ кутилмаган бўлган. “Эрталаб уйғотиб¸ соат 10 да яна суд бўлади¸ деган гапни эшитиб оббо¸ менга қарши яна янги иш бошлашди деб ўйладим”¸ деди Навальний.

Озодликка чиқиши билан блогосферага қайтган Навальний дарҳол ўз тарафдорларига мурожаат қилди.

“Салом. Бу яна мен. Мени ва Петяни қамоқдан чиқаришга мажбур қилганингиз учун катта раҳмат. Бу озодлик вақтинчалик бўлса ҳам¸ келинг бу вақтдан фирибгарларни қақшатиш учун фойдаланайлик. Чуқур нафас чиқариб¸ яна ишга киришайлик”¸ деб ëзди Twitterда Навальний.

Президент Путининг ашаддий танқидчиси бўлган Алексей Навальний Киров вилояти губернатори маслаҳатчиси лавозимида ишлаган 2009 йилда 510 минг долларни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланиб, пайшанба куни 5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Навальний бу ишни сохталаштирилган ва сиёсий мотивларга асосланган деб билдирган.

Навальнийнинг қамалиши ҳақидаги суд ҳукми ортидан Москва, Санкт Петербург ва Россиянинг бошқа шаҳарларида тинч норозилик акциялари бўлиб ўтди.
XS
SM
MD
LG