Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:02

Қарши милицияси йўқолган 2 ёшли қизчани қидирмоқда


Қарши шаҳрида ўтган ой икки ёшли қизчанинг бедарак йўқолиб қолиши ҳақидаги хабарлар аҳоли орасида ваҳима уйғотди, шаҳарда бола ўғрилари пайдо бўлгани ҳақидаги гап-сўзлар урчишига сабаб бўлди.


Қарши шаҳри кўчаларида 25 июл куни йўқолиб қолган икки ёшли Сўғдиёна Салимова исмли қизча қидирилаётгани ҳақидаги эълонлар пайдо бўлди.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси йўқолган қизни кўрган-билганлардан маълумот беришни сўрамоқда, йирик миқдорда суюнчи пули ҳам ваъда қилмоқда.

Қизчанинг йўқолиб қолганига бир ойдан ошди, ҳамон дараги чиққани йўқ.

Қизчанинг онаси Саида Зуннунова қизини бола ўғрилари олиб кетган, деган гумонда.

- Эшикнинг тагидан йўқолиб қолганига бир ойдан ошди. Бола эшикдан ташқарига чиққанича, олиб кетиб қолишган. Эшикнинг ёнида доим ўйнаб юрар эди, узоққа кетмас эди. Биз уйда эдик. Ўша куни соат кундузги бир яримларда бола ташқарига чиқиб кетганми, ўшандан бери йўқ-да. Қидиряпмиз, милиция ҳам қидиряпти. Йўқ, ҳеч қаерда йўқ,- деб куйиниб гапиради йўқолган қизнинг онаси Озодлик мухбирига.

Қаршилик ҳуқуқ ҳимоячиси Гулшан Қораевнинг айтишича, икки ёшли Сўғдиёнанинг июл ойида йўқолиб қолгани ҳақидаги хабар шу кунларда бутун шаҳар аҳлини жунбушга солган.

- Ҳозир шаҳарда паника. “Бола ўғирланаяпти экан”, деган гаплар. Баъзиларнинг оғзидан, болаларни органлари учун ўғирлашяпти, деган гаплар қулоққа эшитилади. Одамларни орасида ваҳима катта,- дейди Қораева.

Бола йўқолиб қолгани билан боғлиқ ушбу ҳодиса Қашқадарёда кўплаб ота-оналарни ҳушёр торттирган.

- Кўплаб ўзбек оилалари болаларига жуда беэътибор. Ёш болалар кўчада ўйнаб, қаровсиз қолиб кетади. Ҳозир энди кўпчилик болаларни кўчага чиқармаяпти. Чиқарса ҳам ҳаммани битта жойга ўйнатишади. Устида албатта ота-оналардан биттаси қараб туради. Ваҳима жуда катта,- дейди Гулшан Қораева.

Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармасининг ўз исмини айтмаган расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда қизчани қидириш ишлари давом этаётганини билдирди.

Милицияга кўра, бу Қашқадарёда бола йўқолиши билан боғлиқ ягона ҳолатдир ва ортиқча ваҳималарга хожат йўқ.

- Бола йўқолиб қолган. Ўғирланган дейишга ҳозирча қўлимизда асос йўқ. Болани қидиряпмиз, кўрган-билганлар 221-70-18 телефонига қўнғироқ қилиб, бизга маълум қилишларини сўраймиз,- деди ИИБ ходими.
XS
SM
MD
LG