Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:09

Душанбе-Конибодом поезди Ғаллаоролда издан чиқиб¸ ағдарилди



10 октябрь куни соат 10.15 да Душанбе-Конибодом йўналишида кетаëтган Тожикистон йўловчи поезди Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида издан чиқиб¸ ағдарилган. Ҳалокат оқибатида¸ Тошкент вақти билан тушга қадар олинган маълумотларга кўра¸ камида 65 йўловчи жароҳат олган. Улардан иккитасининг оғир аҳволда экани айтилмоқда.Ўлганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Расман тасдиқланган маълумотга кўра¸ Ғаллаорол марказидан 10 километрча масофада бўлган Муллабулоқ қишлоғида ҳалокатга учраган поездда камида 267 нафар йўловчи бўлган. Поезд ўртасидаги бешта вагоннинг рельсдан чиққани ҳалокатга сабаб бўлган.

Тожикистонга қарашли йўловчи поезд ҳалокатга учраган жойига дарҳол Жиззах ҳокими¸ Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус гуруҳлари¸ вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари¸ ўт ўчирувчилар ва тиббиëт ходимлари етиб келган.

Поезд ҳалокатга учраган жойнинг атрофи ғалла даласи эканлиги, аҳоли яшайдиган уйлардан узоқ эканлиги айтилди.

Поезд ичида асосан ҳарбий хизматга чақирилган¸ бир хил ëшдаги¸ бир хил ҳарбий формадаги тожикистонлик йигитлар бўлган.

Маҳаллий расмийлардан олинган хабарларга кўра, камида 59 йўловчи турли жароҳат билан Ғаллаорол туман касалхонасига келтирилган.

Жиззах марказий шифохонаси тез тиббий ёрдам бўлимининг мулозими эса, жароҳат олганлар умумий сони 65 нафар эканлигини айтди.

Жароҳатланганларнинг 8 нафари Жиззах вилояти касалхонасига ётқизилган, қолганларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Жиззах вилояти касалхонасидан олинган маълумотга кўра, уч нафар йигит реанимация бўлимига ётқизилган, уларнинг икки нафарининг аҳволи оғир. Қолган ярадорларга эса тиббий ёрдам кўрсатилиб, улар Тожикистонга жўнатиш учун олиб кетилган.

Поезддаги бошқа йўловчилар¸ маҳаллий манбанинг айтишича¸ Ғаллаорол туман ҳокими буйруғи билан шаҳардаги иккита тўйхонага жойлаштирилган.

Расмийларга кўра, Ғаллаорол ҳокимияти ҳалокатга учраган поезд йўловчиларига тушлик қилиб берган.

Расман тасдиқланган маълумотга кўра, енгил жароҳат олганлар ва талафот кўрмаганлар бошқа поезд билан маҳаллий соат 15.20 да Тожикистонга жўнатилган.
XS
SM
MD
LG