Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:31

OzodlikOnline: Ҳақорат ва зўрликка ўзбеклар қандай эътироз билдирмоқда?


Ўзбекистон бошқарув тизимида юқоридан энг қуйига қадар кузатиладиган зўравонлик ҳар йили пахта мавсумида ўз кульминациясига етади – пахта режасини бажармаганлик учун ўқувчидан тортиб ҳокимга қадар ўзидан тепа инстанциядан калтак ейди¸ ҳақорат эшитади.

Бу зўравонликни аксар ўзбеклар ичига ютиб кетса-да¸ унга эътироз билдирадиганлар ҳам онда-сонда учраб туради. OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали 14 октябрь¸ душанба куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган жонли суҳбатимизда ана шу эътироз кўринишлари ҳақида гаплашдик.


Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани ҳокими Олим Алимардонов 5 октябрь куни пахта қабул қилиш пунктида ëш фермер Ориф Рўзибоевни кам пахта топширганликда айблаб, онасини сўкиб¸ калтаклаб-бўғди¸ деб хабар берди ушбу воқеанинг бевосита гувоҳи Озодлик радиосига.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:30:34 0:00
Бевосита линк


“Фермернинг қари ота-онаси етиб келганда, Ориф ҳушига келган, бироқ қорнини ушлаб вой-войлаб ётарди. Орифнинг отаси Абдурасул бобо ўғлидан нима бўлди, деб сўради. Ўғли бор гапни айтди шекилли, чол тутоқиб, қани ҳоким, деб бақирди. Кейин кампирини етаклаб ичкарига кирди. Мен ҳам кирдим. Чол ҳокимга “сени ҳам она туққанми, сен ҳали эналарни қиладиган бўлдингми, мана энасини олиб келдим, қўлингдан келса қил”, деди. Кампири ҳам “сени ўзи она туққанми, мана қил” деб, этагини кўтараётган эди, кимдир ушлаб қолди. Ҳоким талмовсираб қолди ва яна бир нималар деган эдики, Абдурасул бобо столни устида турган пиёлани олиб ҳокимга отди. Бўлди тўполон, бўлди жанжал, зўрға чолу кампирни ажратиб олиб чиқишди, деб ҳикоя қилди воқеа гувоҳи.

Пахта мавсумида унга тортилган барчанинг энг юқоридан энг пастга қадар зўравонликка учраши – ўқувчи ва талабанинг ўқитувчидан¸ район миқëсидаги бошлиқларнинг район ҳокимидан¸ район ҳокимининг вилоят ҳокими¸ вилоят ҳокимининг эса тошкентдагилардан калтак еб¸ ҳақорат эшитиши нормага айланган жараëн.

Бундай зўравонликка қарши овоз чиқариш “давлат сиëсати”га қарши чиқиш деб талқин этилиши боис¸ етти пуштига қадар тилга олинадиган бундай ҳақоратга юрак ютиб эътироз билдирадиган ўзбекистонлик кам топилади.

Шундай бўлса-да¸ аҳëн-аҳëнда унга қарши норозилик турли шаклларда ўзини намоëн қилмоқда.

Қизириқдаги чол-кампир ўз инсоний қадр-қиммати ва ғурурини қўриқлашнинг жайдари йўлини тутган бўлса¸ “Тошвилтранстерминал” уюшмаси департаментининг пахта теримчиларини автобуслар билан таъминлаш вакили Шуҳрат Назаров 22 сентябрь куни ўзини кўпчилик олдида ҳақорат қилган Чирчиқ туман ҳокимига калла қўйиб, бурнини синдирди.

Айни пайтда¸ бундай зўравонликка қарши норозиликни ўз жонига қасд қилиш орқали ифодалаëтганлар ҳам йўқ эмас.

Шу йил июл ойида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қўшработ” фермерлар ширкати раиси Исмат Шодмонов умумий йиғилишда туман ҳокими томонидан хўрланиб, калтакланганидан сўнг уйига келиб ўзини осди.

Апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўлиб қолди.

Ўтган йил сентябрида Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров ҳоким тазйиқларидан сўнг ўз жонига қасд қилган эди.

Айни кунларда Озодликка ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан гапираëтган айрим фермерлар¸ ҳақорат ва зулмдан тўйиб кетганлари ва ўзларини ўлдириш ҳақида тез-тез ўйлаëтганлари ҳақида сўзладилар.

Ўзбекистонда йилдан-йилга кучайиб бораëтган бундай зўравонлик¸ хусусан “пахта зўравонлиги”га шахсан гувоҳ бўлганмисиз?

Бундай зўравонликка қарши билдирилган норозилик ва эътирозгачи?

Бундай норозилик, инсоний қадр-қимматни ҳимоя қилиш Ўзбекистонда қай шакл ва кўринишда акс этмоқда?

Инсон қадри ва номусини ҳимоя қилишнинг қонуний йўлларидан хабардормисиз?

Сизнингча бундай зўравонлик ва ҳақорат "анъанаси"га қандай барҳам бериш мумкин?

Бу зўравонликни тўхтатиш учун шахсан Сиз нима қилдингиз ва қилмоқчисиз?



14 октябрь¸ душанба куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган жонли мулоқотимизда ана шу каби саволларга жавоб излаймиз.

OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали Сиз ҳам жонли суҳбат иштирокчисига айланинг.






OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG