Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:13

Краснодарда Алишер Раҳимов жанги қолдирилди


Ўзбекистонлик боксчи Алишер Раҳимов ва россиялик Айк Шахназарян ўртасида 4 ноябр куни Краснодарда ўтказилиши кутилаётган жанг қолдирилди. Бунга 6 октябр куни Ўзбекистонда номаълум шахслар Алишер Раҳимовни калтаклаб, унга жиддий жароҳат етказгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

6 октябр куни Ўзбекистонда номаълум кимсалар таниқли ўзбекистонлик спортчи, биринчи ярим ўрта вазндаги профессионал бокс устаси 35 ёшли Алишер Раҳимовни калтаклаб, оғир жароҳат етказгани маълум бўлди.

“У 4 ноябр куни Краснодар шаҳрининг Баскет Холлида ўтказилиши режалаштирилган WBC йўналиш бўйича собиқ жаҳон чемпиони, россиялик Олег Маскаев ва АҚШлик Кори Сандерс жанги андеркарти – турнир давомида ўтказиладиган асосий жангдан олдинги мусобақада иштирок этиши кутилаётган эди”, дейди Раҳимов-Шахназарян ўртасида бокс жанги қолдирилганини Озодлик Радиосига тасдиқлаган “Кирилл Овчинников промоутерлик компанияси” вице-президенти Николай Бакланов:

- Раҳимов Ўзбекистонда қаттиқ калтакланиб, жароҳатланибди. Энди Шахназарян ва Раҳимов ўртасидаги жанг бекор қилинди: Шахназарянга бошқа рақиб топилди. Бизга Ўзбекистон Бокс Федерациясидан йигитлар қўнғироқ қилиб, Алишер жангда иштирок эта олмаслигини маълум қилди. Раҳимовнинг сўзларига қараганда, машғулотлардан кейин залдан чиқиб уйига кетаётганида унинг ёнига бир неча киши келиб, “Сиз Алишер Раҳимовми?”, деб сўрашибди. Кейин улар фотосуратга биргаликда тушишга ижозат сўрабди. Бирдан, уни қуршаб олган йигитлардан бири юзига газ баллонидан пуркаб, ерга йиқитиб калтаклай бошлаган.



Ҳужумчилар Алишерни бита таёғи билан уриб, оёқларига жиддий шикаст етказган. Краснодардаги бокс шоуси ташкилотчиси Николай Бакланов ҳозирда Алишер Раҳимовнинг аҳволи бирмунча яхши экани, у яна 3 кун тиббий муолажа олишини маълум қилди.

Ўз вакиллари орқали ҳозирча Тошкентда даволанаётган Алишер кейинги мусобақалар доирасида Айк Шахназарян билан жанг ташкил этишни сўраб, кейинги ҳафталардан бошлаб енгил машқ ва югуришларни бошлашини айтган.

- Шахназаряннинг рақиби этиб Беҳзод Набиев тайинланди. У ҳам Ўзбекистондан эканига шубҳаланмаса ҳам бўлади. У ҳам “Урал Бокс промоушн” томонидан жангларга чиқарилган. Илгари уни менеджери Олег Богданов эди. Жуда кучли боксчи – у ҳаваскорлар орасида ўзини кўрсата олган. Фёдор Попазов билан Ногинскда учрашганини эслайман – жуда ажойиб жанг кўрсатган эди, -деди Николай Бакланов.

35 ёшли Алишер Раҳимов ўтган жангини ва WBC Baltic турнирининг енгил вазндаги чемпиони унвонини россиялик бошқа спорт устаси 27 ёшли Денис Шафиковга бой бериб қўйган. Ўша жангда рефери Раҳимовни 11 раундда Шафиковнинг белидан паст қисмига берилган зарбалари учун дисквалификация қилган эди.

Ўзбекистонлик “Али” лақаби остида жангга тушиб юрган Алишер Раҳимов 1977 йилда Урганчда туғилган. Россиянинг Нижний Тагил даги маҳаллий бокс федерациясида машқ қилиб келади. У профессионал рингда ҳозиргача 27 жанг ўтказиб, 25 тасида ғолиб чиққан, 2 жангни бой берган. Ўтказилган жангларда Алишер рақибларини 12 маротаба нокаут қилган.
XS
SM
MD
LG