Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:29

Стив Свердлов: “Ҳозир Тошкентни ислоҳотга ундашнинг айни вақти”


Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик радиоси студиясида.
Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик радиоси студиясида.
“Ҳозирги кунда Вашингтон, Брюссель, Берлин, Лондон, Париж, Осиё тараққиёт банки, хуллас, Тошкент билан тиғиз алоқада бўлган барча-барча томонлар оддий ўзбекистонликларга ўзлари учун энг муҳим масала Ўзбекистоннинг кейинги ҳукмдори ким бўлиши эмас, балки бу мамлакатнинг дунёга очилиши, у ерда инсон ҳақларига чинакамига риоя қилиниши, кишилар ростакамига эркин нафас олишлари эканини намойиш қилиш фурсатидан фойдаланиб қолиши керак”. Ўзбекистондаги сўнгги воқеаларни яқиндан кузатиб бораётган халқаро тадқиқотчи Стив Свердлов ана шундай мулоҳаза билдирди.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов фикрича, Ўзбекистон тақдирига лоқайд бўлмаган кишилар ҳозир бу мамлакатдаги вазият яхшиланиши учун қўлларидан келган барча ишни қилиши керак.

Аввалроқ АҚШнинг Foreign Policy нашрида ғарблик яна бир тадқиқотчи - Эндрю Штроляйн билан биргаликда “Каримовларни англаш” мақоласини эълон қилган Стив Свердловга кўра, Гулнора Каримова атрофидаги вазият туфайли Ўзбекистон сиёсий элитаси орасида юзага келган танглик мамлакатдаги вазиятни ўнглаш учун имконият яратмоқда.

Каримова хоним боши узра қора булутлар айлана бошлангани тўғрисида баҳс этувчи мазкур мақолада муаллифлар бунга оид уч тахминни илгари сургандилар.

Булардан биринчиси – Каримовнинг соғлиғи ёмонлашган ва ҳозир у ўзаро рақобатлашаётган элитани аввалгидек назорат қила олмаяпти.

Иккинчи тахмин Ислом Каримов ниҳоят қизининг номақбул ишларидан хабар топиб, Гугушасини жазоламоқчи бўлганига оиддир.

Учинчи тахминга кўра, ота-бола Каримовлар бошқаларнинг ўзларига нисбатан нақадар хайрихоҳ эканини текшириш мақсадида муғомбирлик, қилиб роль ўйнамоқдалар.

“Бу тахминлардан қайси бири сизнинг назарингизда ҳақиқатга яқинроқ?” деб сўраймиз жаноб Свердловдан.

- Мен қатъий қилиб: “Мен ҳаммасини тушунаман, мен бор ҳақиқатни биламан” деган экспертлардан бири айланмоқчи эмасман. Очиғини айтсам, мен булардан қайси бири ҳақиқат эканини билмайман. Аммо, менимча, бу ерда энг муҳими мазкур уч версиядан қайси бири ҳақиқатга яқин эканини билиш эмас, балки бу вазиятда биз нима қилишимиз лозимлигини билишдир. Бунда кучлар бир томонга оғишини бефарқлик билан кутиб ўтираверамизми ё тирқиш очилганидан фойдаланган ҳолда, сиёсатимизни ўзгартириб, чинакам ислоҳотлар ҳақида сўзлашишни бошлаймизми? Биз деганда мен бу ерда халқаро ҳамжамиятни назарда тутаяпман, - дейди Стив Свердлов.

Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчиси фикрича, халқаро ҳамжамият Ўзбекистонда кузатилаётган воқеаларнинг сусткаш томошабини бўлиб қолмасдан, фаол позиция эгаллаши керак. Свердловга кўра, ҳозир Тошкентни ислоҳотга ундашнинг айни вақтидир.

- Мен бу ерда энг муҳими сарой интригалари эмас, балки халқ учун бу воқеалар ортидан келадиган оқибатлар муҳим, деб ўйлайман. Бу ерда Ғарб томонидан кўрсатилаётган мутлақ пассивлик мени ташвишга солаяпти, - дейди Стив Свердлов.

Ўзбекистон юқори доираларидаги талотум мамлакат президентининг тўнғич қизини жиловлаш тадбирлари бошлангани ва Гулнора Каримованинг бунга нисбатан ўз ҳолича жавоб чораларини кўра бошлаганидан буён кузатилмоқда.

Сўнгги бир ой ичида Гулнора Каримовага тегишли теле ва радиоканаллар, бир қанча дўконлар ҳамда “Фонд Форум” ёпилди. "Фонд Форум" ташкил қилган "Келажак овози" тадбири иштирокчилари қамалгани хабар қилинди.

Бу тадбирларга қарши Гулнора Каримова онлайн (масалан, Твиттер тармоғидаги аккаунтида "фош қилувчи" твитлар қолдириш орқали) ва оффлайн (масалан, “Келажак овози” иштирокчиларини излаб, ички ишлар бўлимига шахсан бориш орқали) жабҳаларда кураш олиб бормоқда.

Куни кеча Interfax агентлиги Каримовага тегишли “Terra Group” ширкатидаги аноним манба сўзларига таянган ҳолда, Ўзбекистон президентининг қизи мамлакатдан кетишга тараддуд кўраётгани ҳақида хабар қилганди. Аммо Гулнора Каримова 23 ноябрь куни бу хабарни Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали рад этди.
XS
SM
MD
LG