Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:08

Ўзбек пахтасидан тайёрланган калава ип АҚШда тўхтатиб қолинди


Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатига норозилик ўлароқ, юздан ортиқ хорижий ширкат ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.
Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатига норозилик ўлароқ, юздан ортиқ хорижий ширкат ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Ип-газлама ишлаб чиқарувчи “Indorama Kokand Textile” Ўзбекистон-Индонезия қўшма корхонаси Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига мурожаат этиб, ўтган йили, октябр ойида 22 тонналик калава ипнинг Лос Анжелес портида тўхтатиб қолингани сабаблари юзасидан тушунтириш сўрамоқда.



Маълум бўлишича, сентябр ойида калава ип ортилган контейнер қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган “EDPA USA Inc.” ширкати буйритмаси асосида АҚШга жўнатилган.

14 октябр куни ўзбек пахтасидан тайёрланган 22 тонналик ушбу маҳсулот америкалик божхоначилар тарафидан Лос Анжелес портида тўхтатилган. Америкалик божхоначилар бунинг сабабини изоҳлашмаган.

“Indorama Kokand Textile” ширкати вакиллари ҳам ҳозирча бу юзадан матбуотга маълумот беролмасликларини айтишди.

Ширкат юристи Шавкат Жўрабоев Озодлик билан билан суҳбатда, "бу фақат бизга тегишли ҳолат эмас. Бу биз ва чет давлатдаги яна бир ширкат орасидаги иш бўлгани учун уларнинг розилигисиз маълумот беролмаймиз", деди.

АҚШдаги “EDPA USA Inc.” ширкати ҳам ўзбек пахтасидан тайёрланган газламанинг тўхтатиб қолингани юзасидан ҳозирча изоҳ бермаяпти.

АҚШдаги Cotton Campaign гуруҳи фаоли Мэтью Фишер Далининг айтишича, Ўзбекистонда мажбурий меҳнат, жумладан болалар мажбурий меҳнати эвазига етиштирилган маҳсулотнинг АҚШда тўхтатилгани бежиз эмас.

- Нимага тўхтатиб қолинганини аниқ билмайман. Лекин, мажбурий меҳнат эвазига етиштирилган пахта ва шу пахтадан тайёрланган маҳсулотларни АҚШга олиб кириш ноқонуний эканини биламиз. Бизнингча, “Indorama Kokand Textile” ширкати мавжуд тақиқларга қарамай мажбурий меҳнат маҳсулотини АҚШга олиб кирмоқчи бўлган ва америклик божхоначилар мавжуд қонун доирасида уни тўхтатиб қолишган, - дейди Мэтью Фишер Дали.

Ўзбекистон ҳукумати назорати остидаги матбуот Cotton Campaign гуруҳини америкадаги йирик пахта ширкатлари ноғорасига ўйнаб, уларга рақобатчи бўлган ширкатларга қарши ахборот кампанияси уюштираётганликда айблаб келади.

“Cotton Campaign АҚШдаги йирик пахта ширкатлари манфатларига хизмат қилиб, ўз хўжайинларининг рақобатчиларига қарши турли ахборот кампанияларини уюштириб келадиган тузилма экани маълум”, деб ёзди 12uz.com нашри.

Cotton Campaign вакили Мютью Фишер Дали бу айбловлар асоссиз эканини айтади.

- Биз инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўлароқ, шаффоф тузилмамиз ва Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши йиллардан буён курашиб келяпмиз. Менимча, мажбурий меҳнат маҳсулотининг тўхтатиб қолиниши билан боғлиқ бу холат ўзбек ҳукуматини ўз фуқаролари ҳуқуқлари ҳақида қайғуришга ундаса ажаб эмас,- дейди Мэтью Фишер Дали.

Жаҳондаги юздан зиёд кийим-кечак ишлаб чиқарувчи ширкат мажбурий меҳнат, жумладан болалар меҳнати маҳсули, деб кўриладиган ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечган.

Ўзбекистон расмийлари пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланилишини рад этиб келади.
XS
SM
MD
LG