Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:54

Ўзбекистонда йиғилган янги смартфонлар сотувга чиқарилмоқда


Сирдарёдаги Pengzhong Xingsheng Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси UZTE Grand X Quad ва UZTE Grand X II номли икки турдаги янги смартфонларни сотувга чиқараётганини маълум қилди. Ўзбекистонда йиғилаётган янги смартфонлар Android операцион тизимининг охирги версияси асосида ишлайди.


UZTE Grand X Quad смартфони 5 дюмли сенсорли экран ва 8 мегапикселли камерага эга. Оператив хотираси 1 гигабайт, қўшимча хотираси 4 гигабайтни ташкил этади.

UZTE Grand X II смартфонининг эса 4,5 дюймли сенсорли экран, автофокус ва беш мегапикселли камераси бор. Ҳар икки смартфонга Android 4.2 операцион тизими ўрнатилган.

Янги телефонларнинг аниқ нархи ҳозирча эълон қилинмади.

Сирдарёдаги Pengzhong Xingsheng Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг савдо департаменти директори Александр Миронов Озодлик билан суҳбатда UZTE бренди остида ишлаб чиқарилаётган янги авлод мобил телефонлари нархи яқин кунларда эълон қилинишини айтди.

Унинг айтишича, жаҳоннинг етакчи ширкатлари ишлаб чиқараётган телефон аппаратларидан асло қолишмайдиган бу телефон нархлари оддий аҳоли чўнтаги кўтарадиган даражада бўлади.

- Бу телефонларни сифати Samsung –Galaxy S3 телефонлари билан деярли бир хил, нархи эса икки баравар арзон. Биз буни Ўзбекистондаги ўрта ва қуйи қатлам вакиллари учун мўлжаллаб чиқаряпмиз, - деди Миронов.

Жиззах махсус индустриал зонасида ташкил этилган Pengzhong Xingsheng Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг UZTE смартфонлари ҳозирча Хитойда ишлаб чиқарилган эҳтиёт қисмлар асосида йиғиляпти.

Александр Мироновнинг айтишича, келажакда бу эҳтиёт қисмларнинг аксар қисмини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш мўлжалланяпти.

- Дастлабки йилда смартфон эҳтиёт қисмларнинг бош фоизини Ўзбекистонни ўзида ишлаб чиқаришни режалаяпмиз. Келаси тўрт йил ичида шу телефонни 30 фоизини шу ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Патентланган процессор Хитойники бўлиб қолаверади. Лекин, телефоннинг қолган қисми, ғилофи ва бошқа эҳтиёт қисмлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади, - дейди Миронов.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги смартфонлар савдоси билан шуғулланадиган Тошкентдаги “Флешка” техномарказига қўнғироқ қилганимизда UZTE Grand X Quad ва UZTE Grand X II телефонлари сотувда йўқ эди.

- Ҳозирча бизда бу телефонлар йўқ. Grand X бор. Харидорлар учун ҳозир шу телефон учун акция бошлаганмиз. Агар кимдир Grand X аппаратини 480 минг сўмга сотиб олса ёнига R255 тугмали телефонни бепулга қўшиб беряпмиз, - дейди “Флешка” дўкони ходими.

Ҳозир Ўзбекистонда смартфонларнинг бешта тури йиғилади. Булар UZTE Grand X Quad, UZTE Grand X II, UZTE Grand X, UZTE Grand М ва R255 тугмали телефонидир.
XS
SM
MD
LG