Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:45

Ўзбек расмийлари диндор маҳбусанинг қамоқда ўлганини рад этишди


Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов
Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов

Ўзбекистон Жазони ўташ бош бошқармаси расмийлари диний айбловлар билан қамоқда сақланаётган Меҳринисо Ҳамдамованинг ўлгани ҳақида Интернет тармоғида тарқалган хабарларни инкор қилди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов маҳбуса Меҳринисо Ҳамдамованинг қамоқда ўлгани ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритиш учун Жазони ўташ бош бошқармаси раис ўринбосари, подполковник Эркин Бобоқулов билан учрашган. Бобоқулов Ҳамдамованинг қамоқда ўлгани ҳақидаги хабарларни рад этган. Бу ҳақда Озодликка Суръат Икромовнинг ўзи маълум қилди:

- Меҳринисо Ҳамдамованинг қамоқхонада ўлгани ҳақида Интернетда хабарлар тарқалганидан сўнг халқаро ташкилотлардан бизга қўнғироқлар келди. Кейин мен Жазони ўташ бош бошқармаси подполковниги Бобоқуловга мурожаат этишга мажбур бўлдим. Бобоқулов билан учрашганимда, у бир жойга қўнғироқ қилиб, "йўқ, унақа эмас экан, нотўғри ахборот" деди, у одам соғ-саломат эканини айтди, - дейди Суръат Икромов.

45 ёшли Меҳринисо Ҳамдамова “Кўк гумбаз” масжиди отинчаси бўлган.

У 2012 йил 10 апрелида Қашқадарё суди томонидан диний айбловлар билан айбланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Бу аёл исми ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан тузилган сиёсий маҳбуслар рўйхатида йил сайин қайд этиб келинади.

Ўтган ҳафтада Facebook ижтимоий тармоғида Меҳринисо Ҳамдамованинг Тошкентдаги 64/18 жазони ўташ маҳкамаси касалхонасида вафот этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Жазони ўташ бош бошқармаси раҳбариятига ёзма мурожаат этиб, тез орада аёллар колониясига киришга ва у ерда диний айбловлар бўйича қамалган Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Шаҳло Раҳматова ва Мўътабар Ғофуровалар билан учрашишга рухсат берилишини сўраган.

- Аёллар колониясида диний сабабларга кўра қамалган бир қанча маҳбусалар бор. Уларнинг яқинлари бизнинг ташкилотга мурожаат қилишган. Уларга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақида ҳам шикоятлар бор. Шу шикоятлар асосида кеча улар олдига киришимиз учун рухсат сўраб, Жазони ўташ бош бошқармасига аризани топширдим. Жавобини кутяпмиз, - деди Суръат Икромов.

Ўтган ой Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи фаоллари узоқ уринишлардан сўнг қарийб 20 йилдан буён қамоқда қолаётган сиёсий маҳбус, собиқ парламент депутати Мурод Жўраев ёнига киришга рухсат олишга муваффақ бўлган эдилар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакиллари эса Қаршидаги 64/61-колонияда жазо ўтаётган мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов ҳамда 64/49-колонияда жазо ўтаётган журналист Дилмурод Саййид ва ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов билан учрашиб қайтгандилар.

- Охирги пайтларда халқаро ташкилотлар сиёсий мотивлар билан қамалган маҳбусларни озод этиш талаби билан Ўзбекистонга босимларни кучайтирган. Менимча, бизга маҳбуслар ёнига киришимизга рухсат берилиши шу босим натижаси бўлса керак. Балки Ўзбекистон Президентининг Прагага ташрифи арафасида бир қанча сиёсий маҳбус озод қилиниши ҳам мумкин, деб умид қиляпмиз, - дейди Суръат Икромов.

Президент Ислом Каримовнинг Прага сафари 21-23 февралга белгиланган.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Чехия президенти Милош Земанни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан келаси ой охирига белгиланган Прагадаги учрашувини мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятида конкрет ўзгаришлар бўлмагунча, кечиктириб туришга чақирган эди.

Халқаро майдонда нуфузли саналган Human Rights Watch ташкилотига кўра¸ демократия ва инсон ҳақларига ҳурмат асосий қадриятлардан саналган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар¸ хусусан¸ Чехия¸ Ислом Каримов каби авторитар давлат раҳбарлари билан учрашар экан¸ бундай учрашув муайян шартлар асосида амалга оширилиши лозим.
XS
SM
MD
LG