Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:42

Карел Шварценберг: Чехия Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор


Чехия собиқ ташқи ишлар вазири, "TOP-09" партияси етакчиси Карел Шварценберг Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Прагага кутилаётган ташрифи борасида инсон ҳуқуқлари фаолларининг эътирозларига жавоб қайтарди.



21-23 кунлари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Чехия пойтахти Прагага давлат ташрифи билан келиши кутилмоқда.

Ўтган ой Human Rights Watch ташкилоти Чехия Президенти Милош Земанни президент Ислом Каримов билан шу ой охирига белгиланган Прагадаги учрашувини "Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятда конкрет ўзгаришлар бўлмагунча кечиктириб туришга" чақирган эди.

Озодлик бу борада Чехия собиқ ташқи ишлар вазири Карел Шварценбергни саволга тутди:

Озодлик: Жаноб Шверценберг, Ўзбекистон раҳбарининг Прагага ташрифи эълон этилганидан бери Чехия ҳукумати номига Human Rights Watch каби нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, қолаверса, ўзбекистонлик фаоллардан қаттиқ танқидлар ёғилмоқда. Чехиянинг собиқ ташқи ишлар вазири сифатида бу танқидларга қандай жавоб қилган бўлар эдингиз?

Карел Шверценберг: Мен бу ерда шуни айтишим керакки, Чехия президенти ўз мамлакати манфаатларидан келиб чиқиб, ўзи истаган одамни Прагага таклиф этиши мумкин, бу биринчи. Иккинчидан, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим давлатлардан бири. Улкан табиий заҳираларига эга Ўзбекистон билан Чехия савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш, бу мамлакатга сармоялар киритишдан манфаатдор. Лекин, албатта, президент бўлажак мулоқот чоғида ўзбекистонлик ҳамкасби билан инсон ҳуқуқ ҳимоячиларини ташвишга солаётган масалаларни ҳам кўтариши керак, деб ўйлайман. Чехия ҳозир Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонга жуда катта қизиқиш билан қарамоқда.

Озодлик: Марказий Осиёнинг нимаси қизиқтирмоқда, Чехияни бу минтақада қанақа манфаатлари бор?

Карел Шверценберг: Булар асосан иқтисодий манфаатлар. Экспорт билан боғлиқ манфаатлар. Айтганимдек, Ўзбекистон улкан газ заҳираларига эга мамлакат. Стратегик жиҳатдан ҳам жуда муҳим мамлакат. Афғонистонга яқин бўлгани учун Ўзбекистон террорчиликка қарши халқаро кураш борасида ҳам муҳим ўрин тутади. Мана шуларни эътиборга олган холда собиқ президентимиз жаноб Клаус Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ўзбекистонга борганида шу мезбон мамлакат раҳбарини меҳмондорчилигига жавоб тариқасида уни Прагага таклиф этган эди.

Озодлик: Жаноб Клаус Ўзбекистонга 2004 йилда борган эди. Бир йил ўтиб Андижонда қонли ҳодисалар рўй берди. Европа Иттифоқи Ўзбекистонга санкциялар жорий этди, шу жумладан виза чекловларини ҳам. 2009 йилда бу санкцияларни бекор қилган ЕИ Ўзбекистонга сиёсий махбусларни озод этиш каби, бир қатор талабларни қўйди. Бу талаблар бажарилмай туриб, Ўзбекистон раҳбарини Европа юраги саналмиш Прагага давлат ташрифи билан таклиф этилишини қандай тушиниш мумкин?

Карел Шверценберг: Андижондаги воқеалар ҳақида биламиз. Лекин, Каримов Ўзбекистоннинг амалдаги президенти эканини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Ўзбекистон, Туркманистон президентларининг самолёти Вацлав Ҳавел аэропортига қўниши уят, деган гаплар айтиляпти. Лекин, Куба раҳбари Кастронинг ҳам самолёти Ню Йоркнинг Жон Кеннеди номи билан аталувчи аэропоритга қўнганку. Халқаро сиёсатда давлат раҳбарларини бири биридан ажратиш нотўғри. Ҳар бир мамлакат ўз манфаатларидан келиб иш тутади. Ўзбекистон энергия ресурсларига бой мамлакат. Бу мамлакат билан савдо-сотиқни ривожлантириш истиқболларига эгамиз. Лекин, умид қиламан Чехия президенти ўзбекистонлик ҳамксби билан мулоқот чоғида оддий одамларни ўйлантираётган масалаларни ҳам кўтаради. Билишимча, мулоқот пайти ўзбекистонлик талабаларни Чехияда ўқитиш, ўзаро борди-келди, виза масалалари ҳам кўрилади. Менимча бундан оддий ўзбекистонликлар фойда кўради.

Озодлик: Лекин, Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалари ҳажми унча катта эмаску?

Карел Шварценберг: Биз бу алоқаларни кенгайтиришни истаймиз. Ўзбекистон президентининг Чехияга таклиф этилишидан ҳам муддао асосан шу.

Озодлик: Чехия ҳукумати иқтисодий манфаат деб, демократик қадриятларидан чекиняпти, қабилидаги фикрларга муносабатингиз қандай?

Карел Шварценберг: Ўйлашимча ундай эмас, Чехия ҳеч қачон бу қадриятлардан чекинмайди.
XS
SM
MD
LG