Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:44

Обидхон қори Назаровнинг шогирдлари норозилик акцияси уюштирмоқчи


Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров икки йилдан буён беҳуш ётибди.
Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров икки йилдан буён беҳуш ётибди.

Шу йилнинг 21 февраль куни ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровга қарши суиқасд уюштирилганига икки йиллиги муносабати билан Швецияда яшайдиган бир гуруҳ муҳожир ўзбеклар мамлакат парламенти биноси қаршисида пикет уюштиришни режаламоқда.


Бу ҳақда Озодликка тадбир ташкилотчиларидан бири Абдулазиз маълум қилди.

- Стокҳолмдаги Швеция парламенти [биноси] ёнида Мюнтторйет майдонида уюштирмоқчимиз. Тадбиримиз соат 10 дан [тушки] 1 гача [ўтказилиши] мўлжалланган. Бу тадбир устозимиз Обидхон қори Назаровнинг ҳаётларига суиқасд қилишликка бўлган уринишга икки йил бўлганлиги ва бу икки йил ичида жиноий иш жавобгарларини қидириб топиш, [бу иш] буюртмачилари, уларга ёрдам берган, молиялаштирганларни қидириб топиб, уларни жазолашга етарлича, тўлиқ ҳаракат қилинмаганлиги [учун ўтказилмоқда]. Бунинг устига, ўзингларга маълум, Европанинг баъзи мамлакатлари томонидан шундай зулмларни, жиноятларни қилиб келаётган режимларни “Хуш келибсизлар!” деб, ўзларига таклиф қилиб, бир маънода легаллаштириб бораётган давлатларнинг инсон ҳуқуқларини йиғиштириб қўйиб, сиёсий манфаатларни устун қўяётгани ҳам бизнинг норозилигимизга сабаб бўлаяпти. Шунинг учун ҳам биз норозилик тадбирини ўтказмоқчимиз, - дейди Абдулазиз.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик имом Обидхон қори Назаров 2012 йил 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди. Ўзбекистонлик имом ўша воқеадан буён ҳушсиз ётибди. Суҳбатдошимиз Обидхон қори Назаровнинг ҳозирги аҳволи ҳақида гапиришга фақат унинг яқинлари ваколатли эканини айтиб, бу ҳақда маълумот бера олмаслигини маълум қилди.

Айни пайтда Абдулазиз Обидхон қори Назаровнинг яқинлари ва шогирдлари у кишига нисбатан уюштирилган суиқасд ижросига бевосита ёрдам берганликда гумонланмиш ўзбекистонлик Нодира Аминова ва Баҳодир Пўлатов иши бўйича Швецияда бўлиб ўтган икки маҳкамадан норози эканларини ҳам сўзлади.

- Сабаби - бу икки шахснинг қилган ишлари, яъни қотилга ёрдам берганлари аниқ бўлиб турибди. Уларнинг бераётган жавоблари ҳам палапартиш. “Биз билмадик” дейишади, лекин: “Нима сабабдан у ишни қилдингиз?” дейилса, бир ундай, бир бундай жавоб беришади. Албатта бу ишдан қониққанимиз йўқ. Фақат “Прокурор юридик жиҳатдан етарли даражада исбот келтиролмади” деб, судлар у нарсани қабул қилишолмади. Энди бунинг юридик жиҳатларини биз чуқур билмаганимиз учун буни яхши англолмадик, лекин оддий инсон сифатида бу нарсани эшитиб, “тўлиқ исбот қилинган” деган хулосага келган эдик, - дейди Абдулазиз.

Суҳбатдошимиз Стокҳолмда ўтказилажак пикетда намойишчилар швед расмийлари олдига қатор талаблар қўймоқчи эканини қўшимча қилди.

- Талабимиз – қори акага нисбатан уюштирилган жиноятни янада яхшироқ текшириш, керак бўлса, жиноятчиларни ушлашга бўлган жидду-жаҳдни ошириш, “сиёсатга тўғри келмайди” деган баъзи бир тўсиқлар бўладиган бўлса, бу тўсиқларни инобатга олмасдан, инсон ҳуқуқлари, инсонларнинг ҳаётини устун қўйишликни талаб қилмоқчимиз ва режимлар қилаётган ишларни Европа ҳукуматлари ҳам қаттиқ танқид қилишларини, бўлаётган ҳамкорликларида ҳам шунинг [яъни инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг] роли биринчи бўлишини талаб қилмоқчимиз, - деди Стокҳолмда жума куни ўтказиладиган пикет уюштирувчиларидан бири Абдулазиз.

Пикет ташкилотчилари томонидан тарқатилган матбуот варақчасида тадбир чоғида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Европа ҳудудига киришини тақиқлаш талаби ҳам кўтарилиши айтилган. Шунингдек, пикетчилар: “Ўзбекистон қамоқхоналарида тутқунликда ушлаб турилган маҳбусларга нисбатан ғайриинсоний муносабат ва қийноқлар буткул тўхтатилсин!” ҳамда “Эътиқоди сабабли ноҳақ қамалган диндорлар, журналистлар ва мухолифат вакиллари Ўзбекистон қамоқхоналаридан озод этилсин!” деган шиор-талабларни ҳам кўтариб чиқмоқчилар.

XS
SM
MD
LG