Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:32

Элчи Савченко: Украина тақдирини украиналиклар ҳал қилиши керак


Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Юрий Савченко.
Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Юрий Савченко.
Украинанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Юрий Савченко Озодлик билан суҳбатда 5 март куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида журналистларни расмий Киев баёноти ва позицияси билан таништирганини айтди.

- Мен матбуот анжуманида айтганларимнинг ҳаммаси Украинанинг расмий позицияси бўлиб ҳисобланади. Бу борада Украина Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти ва изоҳлари бор. Даставвал мен Қрим мухтор республикаси атрофида содир бўлаётган барча ҳодисалар, биринчи навбатда, унинг ташқи жиҳати Украина томонидан халқаро ҳуқуқ тамойиллари, БМТ устави ва Украина билан Россия ўртасида мавжуд бўлган иккитомонлама шартномалар асосида бу шартномаларнинг бузилиши ўлароқ малаканишига эътибор қаратдим. Халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ, бу суверен давлат ҳудудига тажовуз ўлароқ малакаланади, - дейди Юрий Савченко.

Элчига кўра, Россия расмийларининг “Украинада русийзабонлар хотиржам ҳаёт кечиришлари учун хавф бор” қабилидаги иддаолари мутлақо асоссиздир.

- Ким Ғарбий Украинада бўлган бўлса, у ерда меҳмон бўлган, дам олган ёки қўниб ўтган бўлса, бутун Украинада бўлгани каби Ғарбий Украина вакилларининг ҳам анча чидамли ҳамда хайрихоҳ инсонлар экани ҳақидаги фикрга қўшилади. Ҳеч ким ҳеч кимга таҳдид қилаётгани йўқ, - дейди Юрий Савченко.

Айни пайтда Украина элчиси Қрим ярим оролида истиқомат қилаётган қрим татарлари ўз хавфсизлигидан хавотирланаётганини ҳам қўшимча қилди.

- Тушунишимча, улар Қримдаги умумий хавфсизликдан ташвишга тушганлар. Уларга бирор нарса хавф солаяптими-йўқми – бунисини билмайман. Мен (кечаги) матбуот анжуманида оммавий ахборот воситаларида қрим татарлари яшаётган айрим уйларга қанақадир белгилар қўйиб кетилганига оид хабарлар пайдо бўлганини айтдим. Жаноб Жамилов (Украина Олий Радаси депутати, Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилов назарда тутилмоқда – таҳр.) бу борада кеча аниқ жавоб берди. Менимча, унинг нуқтаи назарига, унинг маълумотига таяниш керак, зеро, у Қримдаги вазиятни мендан кўра яхшироқ билади, - дейди элчи Савченко.

Эслатиб ўтамиз, чоршанба куни Украина парламенти депутати Мустафо Жамилов оммавий ахборот воситаларига Симферополь шаҳрида истиқомат қилувчи қрим татарлари уйларига хоч шаклида белги қўйиб кетилаётгани ҳақида маълум қилганди. Бу иш нима мақсадда қилинаётганини билмаслигини қайд этган Жамилов айни пайтда уйларга белги қўйиш системали равишда амалга оширилаётганини таъкидлаган.

Элчи Савченко: Украина тақдирини украиналиклар ҳал қилиши керак
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:20 0:00
Бевосита линк


Элчи Савченко фикрича, Украина тақдирини, миллатидан қатъий назар, шу мамлакатда яшаётган фуқаролар ташқи кучлар аралашувисиз ҳал қилишлари керак.

- Биз ўзимиз ҳал қилишимиз керак. Бизга (ташқаридан) тиқиштирилаётган ёрдамнинг кераги йўқ. Ҳозир АҚШ бизга қандайдир мувозанатни сақлаб туриш учун ёрдам бераяпти – бунинг учун улардан миннатдормиз. Аммо Украина барча масалаларни ўзи мустақил равишда ҳал қилишга тайёр ва бунга қодир. Мен Украина эли - рус бўладими, украин бўладими, бошқа миллат вакили бўладими – мамлакатдаги барча масалаларни ўзи ҳал қилишга қодир, деб ўйлайман. Ички ишларимизга аралашиш керак эмас. Майдондаги воқеаларни ҳам “ташқи кучлар аралашуви” деб кўп гапиришяпти. Мен бунга шундай жавоб бераман: минг, икки минг, ўн минг одам кўтарилганда, ташқи аралашув ҳақида гапирса бўларди, аммо қарийб миллион одам кўчага чиқса, бунча одамни ташвиқ қилиш, сотиб олиш мумкин эмас, - дейди Юрий Савченко.

“Сизнингча, Украинада содир бўлган воқеалар режимдан норози бўлган украиналикларнинг иқтидордаги ҳокимиятга қарши исёними, олигархик кланларнинг ўзаро курашими ёки давлат тўнтаришими?” деган саволимизга элчи Савченко қуйидагича жавоб берди:

- Менга Украинада машҳур бўлган бир шиор ёққанди. Менимча, бу шиорга шарқдагилар ҳам, ғарбдагилар ҳам қўшилишарди. Бу шиор “Жонга тегишди!” деган битта жумла билан ифодаланарди, - дейди украиналик дипломат Юрий Савченко.

“Курсини ташлаб, Россияга ўтиб кетган Виктор Януковичнинг хатти-ҳаракатларини қандай баҳолайсиз? Бугунги кунда уни, Москва таъкидлаётганидек, қонуний давлат раҳбари, деб аташ мумкинми?” деган саволимизга Украина элчисининг жавоби қуйидагича бўлди:

- Биласизми, ҳозирги пайтда шахсан мен мутлақо легитим орган бўлган Украина Олий Радаси нуқтаи назари тарафдориман. Мен Украина Олий Радаси ўз ваколатлари доирасида иш тутган, деб ўйлайман. Мен аниқ-тиниқ қилиб айтишим мумкинки, аввалги раҳбаримиз халқ ишончини йўқотиб қўйди, - деди элчи Савченко.

Жаноб элчига: “4 март куни сиз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ўзбекистонлик ҳамкасбларингиз билан учрашдингиз, уларнинг Украинада содир бўлаётган сўнгги воқеаларга муносабатлари қандай?” деган саволни ҳам бердик.

- Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз бизнинг минтақада содир бўлаётган воқеалар юзасидан чуқур ташвиш изҳор қилдилар. Улар вазиятни халқаро ҳуқуқнинг фундаментал меъёрлари ва БМТ низоми асосида ҳал қилинишга тарафдорлар, - деган дипломатик жавоб билан чекланди Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Юрий Савченко.

Гарчи элчи Юрий Савченко суҳбат чоғида дипломатик назокат туфайли ўзбекистонлик ҳамкасбларининг Украина бўйича позицияси ҳақида очиқ баёнот бермаган бўлса-да, таҳлилчилар фикрича, Тошкентдаги матбуот анжуманида унга расмий Киев позициясини баралла айтиш учун имконият яратиб берилиши ўзбек расмийларининг Украина янги ҳокимияти билан ҳамкорликка тайёр эканидан далолат бериши мумкин.
XS
SM
MD
LG