Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:43

Дубай прокуратурасига таҳдид қилган аëл 7 йилга қамалди


Маҳаллий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра¸ Дубай прокуратураси биносини портлатиш билан таҳдид қилган ўзбекистонлик аëл маҳкама ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

33 яшар Зулфия Ҳамроева устидан ҳукм чиқарган Дубай ҳаками¸ қамоқ жазосини ўтаб бўлиши билан Ўзбекистон фуқаросининг дарҳол ўз ватанига депортация қилинишини ҳам ҳукмга илова қилди.

Айни пайтда¸ Ҳамроева маҳкама ҳукми устидан юқори инстанция судига шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Ўтган йил декабрида маҳкамага олиб келинган ўзбекистонлик аёл ўзига қўйилган айбловларни тан олмади.

Зулфия Ҳамроева (маҳаллий нашрларда Зелева Ҳимравия деб ëзилмоқда) ўтган йилнинг 1 сентябрь куни соат 12:15 да Дубай Бош прокуратураси биносида одам гавжум пайти 5 ёшли боласи билан кириб, Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мақтум билан учраштиришни талаб қилган эди.

Аёл бинога кирган пайти қора чодра ёпинган бўлган, кейинчалик чодрани ечиб, белига боғланган камарни кўрсатиб, унинг бомба экани, талаби бажарилмаса, уни портлатиб юбориш билан таҳдид қилган эди.

Шундан кейин полиция бош прокуратура биносининг ичкариси ва бино атрофидаги одамларни эвакуация қилишга мажбур бўлган эди.

Воқеа ортидан Озодлик боғланган БАА расмийлари¸ генерал-майор Ҳамис Маттар Ал-Мазейна бошчилигидаги полиция гуруҳининг аёл билан музокаралари 13 соат давом этгани¸ ушбу амалиёт учун 20 дан зиёд машинада келган полициячилар гуруҳи жалб қилинганини билдирган эди.

Музокаралар натижасида аёл полицияга таслим бўлган ва белидаги камарини топширган эди. Айрим маҳаллий нашрлар камар олинган пайти унинг ичида ҳеч қандай бомба йўқлиги маълум бўлганини ëзганига қарамай¸ маҳкама давомида прокурорлар аёлга портловчи белбоғни тайёрлаш ва прокуратура биносини гаровга олишда ёрдам берган БАА фуқаросига қарши айбловларни ҳам эълон қилган эди.

Дубай матбуотининг ёзишича, рус тилида сўзлаган аёл ёнидаги боланинг отаси Бирлашган Араб Амирлиги фуқароси экани, унинг ўз фарзандини тан олишини талаб қилаётганини айтиб, бу борада Дубай расмийларидан ёрдам сўраган.

Айрим сайтлар хабарига кўра, боланинг отаси Дубай марказий қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда. Айни пайтда унинг қамоққа олингани сабаблари маълум эмас.

Аёлнинг эри билан боғлиқ оилавий муаммолар борасида аввал ҳам бир неча бор БАА Бош прокуратурасига мурожаат қилгани айтилаяпти.

Полиция маълумотига кўра, аёл Дубайда 10 йил давомида ноқонуний равишда яшаб келган ва боласи ҳам ҳеч қандай расмий ҳужжатга эга эмас.
XS
SM
MD
LG