Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:30

Чегара ҳудудидаги сурхонликларнинг хорижга чиқиши тақиқланди


Кунлаб навбатда туриш ва ур-йиқит билан олинаëтган янги биометрик паспорт¸ юмалоқ муҳрсиз яроқсиз ҳисобланади.
Кунлаб навбатда туриш ва ур-йиқит билан олинаëтган янги биометрик паспорт¸ юмалоқ муҳрсиз яроқсиз ҳисобланади.
Сурхондарё вилояти чегара туманларида яшовчи фуқаролар биометрик паспортига “юмалоқ муҳр” босилмаяпти. Бу муҳр йўқлиги эса¸ фуқаронинг хорижга чиқишига рухсат йўқлигини англатади. Озодлик манбасига кўра¸ чегарабўйида яшовчилар паспортига “юмалоқ муҳр” босиш МХХ буйруғига мувофиқ тўхтатилган.

Озодликка WhatsApp орқали келган хабарда сариосиёликлардан бири паспортига “юмалоқ муҳр” босилмаётгани сабабли хорижга чиқа олмаётганини маълум қилди:

“Мен Ўзбекистоннинг Сариосиё туманиданман. Нега бизни паспортларимизга хорижга чиқиш круглий печатини босишмаяпти? Икки ойдан буён Россияга кетолмай турибман. Шунинг сабабини аниқлаб берсангиз”, деб ёзилган мазкур хабарда.

Озодлик мухбири воқеага ойдинлик киритиш жараёнида гаплашган бошқа сариосиëликлар ҳам ишлаш учун яқин хориж¸ биринчи навбатда¸ Россияга чиқмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси шундай муаммога дуч келаëтганини билдирдилар.

Ўзини Маҳфуза деб таништирган сариосиёлик ҳам икки ойдан буён хорижга чиқиш-кириш бўлимига қатнаётганини айтди:

- Круглий печать аввалдан бор. Биз чегара зонасида яшаганимиз учун шуни қўйгандан кейин чиқаришарди. Бўлмаса аэропорт ва вокзалларда ушлаб қолади. Мен ҳам икки ойдан буён қатнайман. Печатимиз ҳозир йўқ, апрель ойининг охирларига келиб қолса керак. дейишяпти. Битта мен эмас, юзлаб сариосиёликлар Россияга кетолмай ётибди, деди Маҳфуза.

Сурхондарë вилоят Ички ишлар бошқармаси Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг Озодлик билан овозини ёзиб олмаслик шарти билан гапирган мулозимига кўра, “юмалоқ муҳр” босиш Миллий хавфсизлик хизматининг махсус йўриқномаси билан вақтинча тўхтатилган:

- Ҳозир вилоятнинг чегара туманларида яшовчи аҳолининг паспортларига “юмалоқ муҳр” босиш вақтинча тўхтатилган. Бошқа туманларда бундай эмас. Менинг билишимча Миллий хавфсизлик хизмати чегара туманларида ўзларининг қандайдир бир тадбирини ўтказмоқда. Шу тадбир ўтказиб бўлинганидан сўнг, яна ҳаммаси жойига тушади. Айтишларича, апрель ойининг охирларига бориб ижозат берилади, деди ички ишлар мулозими.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўлимидан бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб эски паспорт билан хорижга чиқиш тўхтатилиши эълон қилиниши ортидан мамлакатдаги паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлди.

Озодлик манбаларига кўра, биометрик паспорт учун ариза топшираётганларнинг қарийб 90 фоизи хорижга ишлагани кетаётган фуқаролардир.

Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида хорижга чиқиш учун махсус чиқиш визаси сақланиб қолган ягона давлат ҳисобланади.

Мамлакатдан ташқарига чиқмоқчи бўлган фуқаролардан чиқиш визасидан ташқари паспортга қўйиладиган “юмалоқ муҳр” ҳам талаб этилади.
XS
SM
MD
LG