Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:16

ЎзМТРКдаги реклама-фирибгарлик схемалари тафтиш қилинмоқда


Миллий телерадиокомпанияда молиявий тафтиш бошланди
Миллий телерадиокомпанияда молиявий тафтиш бошланди
ЎзМТРКдаги Озодлик манбасига кўра¸ жорий ҳафта республика Бош прокуратураси телерадиокомпания реклама бўлимидаги коррупция ва давлат пулларини талон-тарож ҳолатлари юзасидан кенг кўламли тафтиш бошлаган.

Озодлик тасарруфидаги маълумотга кўра¸ ҳозир устидан тергов кетаëтган "TV MARKAZ"нинг ҳибсда қолаëтган бир неча ходими ЎзМТРКдаги “реклама қилинди дея пул ювиш” тизими ҳақида кўрсатма берган.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида бошланган кенг кўламли молиявий тафтишнинг Гулнора Каримовага оидлиги айтилган "TV MARKAZ"нинг ҳибсдаги ходимлари берган чақувларга асослангани айтилмоқда.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаси тасдиқлаган маълумотга кўра¸ ЎзМТРКда бир дақиқа рекламанинг нархи вақтига қараб, 2000 дан 6000 АҚШ долларигача сотилган.

Реклама сотиш бўйича мулозимлар эса¸ Озодлик манбалари изоҳича¸ реклама вақтини давлатга ярим баробар қисқартириб кўрсатиб келган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ қолаверса МХХ¸ Солиқ ва Ички ишлар идораси терговчилари иштирокидаги текширувларда¸ норасмий манбага кўра¸ бу схема воситасида ўғирланган катта даромад кимнинг чўнтагига тушганини ўрганилмоқда.

ЎзМТРК собиқ ходими¸ журналист Назрулло Охунжонов Миллий телерадиокомпаниядаги талон-тарож ҳолатлари юзасидан терговчиларга маълумот беришга тайëрлигини айтади.

Назрулло Охунжонов иддаосига кўра, Миллий телерадиокомпанияда реклама пулини ўзлаштириш бўйича вертикал ва горизонтал схемалар мавжуд:

- Реклама берувчи олдин катта сумма билан чўчитилади. Кейин унга енгилроқ вариант таклиф қилинади. Фақат бу ҳолатда реклама берувчи сумманинг ярмини нақд пул тарзида ва шартномада кўрсатмасдан беради. Нақд пул эса ЎзМТРК раҳбарияти ўртасида тақсимланади. Буни мен бутун маъсулиятни ҳис қилган ҳолда айтаман¸ дейди Назрулло Охунжонов.

Айни пайтда суҳбатдош¸ телерадиокомпанияда бошланган кенг кўламли молиявий тафтиш раҳбариятни четлаб ўтиб¸ кичик ходимларни жазолаш билан кифояланишини айтади:

- ЎзМТРК раиси Алишер Хўжаев СНБ дан чиққан ва юқори лавозимдаги кишиларга қариндош. Унинг прокуратурага ҳам алоқадорлиги бор. Шундан келиб чиқиб¸ бу тафтишчилар кичик қурбонлар билан чекланишади¸ деб ўйлайман. Бу қурбон телеканал реклама бўлими бошлиғи бўлиши мумкин¸ лекин бундан нарига ўтишмайди дейди суҳбатдош.

Пул майсаларини ўрадиган машина

Озодликнинг Тошкентдаги мустақил манбаси тасдиқлаган маълумотга кўра¸ ЎзМТРК раҳбарияти шу кунларда "Тошкент" телеканали реклама бўлими бошлиғи Наргиза Исломова ва "Media Markaz" раҳбари Ҳикматилла Абдунабиевни ишдан бўшатган.

Тошкентлик манба иддаосига кўра¸ ЎзМТРК раис ëрдамчиси Фарҳод Каримовнинг компанияга тегишли бўлган "Media Markaz" давлат унитар корхонаси директори Ҳикматила Абдунабиев билан “пул ўзлаштиришгани” тафтиш қилинмоқда.

Прокуратура ўрганаëтган ҳолат пул ювишнинг классик тарзи дея малакаланган.

Озодликка Миллий телекомпаниядаги текширувлар ҳақида маълумот йўллаган ички манба таъкидича¸ Ҳикматила Абдунабиевнинг ЎзМТРК ичида тузилган қўлбола ширкати ЎзМТРК ҳовлисидаги ажриқларни ҳар сафар 50 миллион (расмий курсда 22 000 АҚШ долларига тенг) сўмдан ўриб бериб турган. (Гувоҳларга кўра¸ телекомпания ҳовлисида ажриқнинг ўзи йўқ!)

Озодликнинг Тошкентдаги манбалари иддаосига кўра¸ ЎзМТРК раиси бу икки қурбон эвазига телекомпаниядаги пул ювиш схемасини сақлаб қолмоқчи.
XS
SM
MD
LG