Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:02

“Золотая Корона” ва “Контакт” орқали Ўзбекистонга пул жўнатиш давом этмоқда


Россиядаги “Мигом” пул ўтказиш тизими маҳкама томонидан банкрот деб эълон этилиши ортидан¸ Ўзбекистон тижорат банклари 1 апрелдан бошлаб¸ Россиядаги ўзбек муҳожирлари орасида оммавийлашган "Золотая корона" ва “Контакт” каби пул ўтказиш тизимларининг Ўзбекистондаги операцияларини тўхтатиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган эди.

Россиядаги пул жўнатмалари билан шуғулланувчи “Русславбанк”нинг “Контакт” тизими матбуот вакили Ансатасия Поздникова Озодлик билан суҳбатда бу гап-сўзлар асоссиз экани, Ўзбекистон Марказий банки қўйган талаб доирасида пул бу мамлакатга ўтказиш давом этаётганини айтди.

- Ўзбекистонга пул ўтказмалари ишлаяпти. Ўзбекистон томони қўйган барча шартларни қабул қиламиз, Ўзбекистонга пул жўнатиш бўйича бизда муаммо йўқ, - деди “Русславбанк” вакили Поздникова.

“Золотая карона” вакили Елена Перевертайлова ҳам Ўзбекистонга пул ўтказиш тўхтамаганини айтди.

- Ўзбекистон ҳудудида тизимимиз одатдагидай ишлаяпти. Ўзбекистоннинг қайси шаҳри ёки вилоятига пул юбормоқчи бўлсангиз Ўзбекистонни қайси банкидан олишингиз мумкинлигини айтамиз, - деди “Золотая Корона” вакили.

Аввалроқ, Ўзбекистон Марказий банки пул ўтказиш тизимлари устидан назоратни кучайтириши ва пул ўтказиш бўйича халқаро тизимлардан жиддий кафолат талаб қилаётгани ҳақида хабар қилинган эди.

Ўзбекистон Марказий банкининг Озодликка гапирган расмийларидан бири “ўзбек меҳнат мухожирининг пешона тери билан топган пулини товламачи банклардан ҳимоя қилиш” мақсадида қаттиқ талаблар қўйилаётганини айтганди.

"Ўзбекистон қўйган талаблар бажарилади"

"Русславбанк" матбуот вакили Елена Поздникова Ўзбекистон Марказий банки бир қатор талабларни қўйганини тасдиқлади ва бу талаблар бажрилишини айтди.

- Ўзбекистон қўйган талаблардан бири, пул ўтказиш билан шуғулланадиган оператор молия соҳасида халқаро кредит рейтингига эга бўлиши керак ёки ўзбек банкларидан бирига жиддий суммада депозит қўйиши, бошқа банк кафолатини тақдим этиши керак. Биз бу талабни бажарамиз, - деди Поздникова.

Айни пайтда “Золотая Корона” ва “Контакт” расмийлари Марказий банк қўйган талаблар юзасидан Ўзбекистондаги тижорий банклар билан музокарага киришган.

Ҳар икки пул ўтказиш тизими раҳбарлари Ўзбекистонга йўл олган.

- Россиядаги кўпчилик пул ўтказиш операторлари халқаро рейтингга эга эмас. Шунинг учун улар ё ўзбек банкларига депозит қўйишлари ёки тегишли банк кафолатини ўзбек томонига тақдим этишлари керак бўлади, - деди Русславбанк вакили Поздникова.

Бироқ, Ўзбекистондаги айрим банклар Россиянинг пул ўтказиш тизимлари билан ҳамкорликни тўхтатган.

Айрим банклар “Золотая корона” билан шартномани тўхтатган, “Contact” билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.

- Бизда бир ҳафтадан ошган “Золотая корона” ишламаяпти, Контакт ишлаяпти. Бошқа маълумот беролмайман, - деди Тошкентдаги Invest Finance Bank банки ходими.

“Ипак йўли”, “Турон банк”, “Ҳамкор” банклари эса “Золотая Корона” билан ҳам “Контакт” билан ҳам фаолиятини тўхтатган.

Айрим мижозлар Россиядан жўнатилган пулларни ушбу банклардан олишломаётганини айтишади.

- Тўғри, Ўзбекистондаги айрим банклар билан ҳамкорликни тўхтатганмиз. Лекин, бу сўнгги ўзгаришлар билан боғлиқ эмас, - деди Поздникова.

Йиллардан бери Россиядан хорижга пул жўнатаëтганлар рўйхатида биринчиликни ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эгаллаб келмоқда.

2013 йилнинг 9 ойи давомида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 4 миллиард 908 миллион АҚШ долларидан ошди. Ўтган йили бу миқдор 6 миллиардга яқинлаган эди.
XS
SM
MD
LG