Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:25

Ўзбекистонга хориждан меҳмон таклиф қилиш тартиби қандай?


OzodJavobнинг бугунги сонида хорижда яшаётган қариндош ёки танишларни Ўзбекистонга меҳмон сифатида таклиф қилиш тартиб-қоидаларини ўрганамиз.

Тошкентлик 33 яшар Шоҳида исмли аёл турмуш ўртоғи хорижлик экани ва уни Ўзбекистонга меҳмонга таклиф қилиш учун нима қилишни билмай боши қотаётганини айтиб, бу масалани ўрганишда кўмак сўради.

- Германияга бориб, турмушга чиқдим. Расман ЗАГСдан ўтдик. Эрим билан Ўзбекистонга бормоқчи эдик, кейин битта танишимдан эрим учун Ўзбекистонга қандай қилиб виза олиш мумкинлигини сўрадим. У менга айтди “3 кун ичида қўлингга бераман”, деб. 200 доллар сўради. Умуман тушунмайман, Ўзбекистонда қонун-қоида қандай? Кейин битта жойга бориб сўрагандим, улар менга "ўзинг яшайдиган жойдан таклифнома олиб келиб бер", деди. Таклифнома қилишни кимдан сўрашни, нима қилишни умуман билмайман,- деди Шоҳида.

*************** ********** ************

Агар ўзбекистонлик чет эл фуқароси бўлган оила аъзолари, қариндошлари ёки танишларини меҳмонга чақирмоқчи бўлса:

Амалдаги тартибга кўра, хорижлик фуқарони меҳмонга чақириш учун Ички ишлар идоралари орқали ТАКЛИФНОМА расмийлаштириш лозим.

Бунинг учун дастлаб ўзи яшаётган ва доимий рўйхатдан ўтган жойдаги ИИБнинг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (ОВИР)га мурожаат қилади.

Тошкентликлар ўзи яшаётган туман ОВИРига, вилоятдагилар эса вилоят ОВИРига мурожаат қилишлари лозим.

Тошкент шаҳар Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидаги айнан хориж фуқароларининг Ўзбекистонга келиб-кетиши учун масъул бўлган мутахасcиси, хориждан меҳмон чақириш учун қандай ҳужжатлар зарурлигини айтиб берди:

- Биричи бўлиб, ОВИРга борасиз. Овирда махсус анкета тўлдирилади. Анкета икки нусхада тўлдирилади. Меҳмонга чақирмоқчи бўлган хорижликнинг паспорт копияси зарур. Копия рангли бўлиши шарт. Оқ-қора бўлса ўтмайди. Паспортдаги ёзувлар биз тушунмайдиган тилда бўлса, уни албатта таржима қилдириш керак. Масалан, инглиз ёки бошқа тилда бўлса уни ўзбек ёки рус тилига таржима қилдириб, нотариус орқали тасдиқлатиб, олиш шарт. У ҳам икки нусхада бўлиши керак,- деди ўзини таништирмаган мутахасис.

Агар Шоҳида сингари хориж фуқароси бўлган турмуш ўртоғини чақиртирмоқчи бўлганлар никоҳ шартномасининг нусхасини ОВИРга тақдим қилишлари лозим.

- Агар турмуш ўртоғини чақиртирмоқчи бўлса, албатта никоҳ шартномасининг копияси ва унинг таржимасини нотариус орқали тасдиқлатиб олиб келиши керак. Икки нусхада бўлиши лозим,- деди мутахасис.

Анкета тўлдирилгач, унга қўшиб давлат божи тўлангани ҳақидаги ҳужжат ҳам тақдим қилиниши лозим.

- Давлат божи тахминан 9800 сўм. Бошқа ҳеч қандай нарсага пул олинмайди. Бошқа ҳаражати йўқ,- деди мутахасис.

Қоидага кўра, анкета топширилгач, тахминан бир ой муддат ичида унинг жавоби чиқади.

- Аризани кўриб чиқиш муддати бир ой. Бир ойдан вақтли чиқиб қолса, хабар қилишади. Чиқиши билан хабар қилишади. Лекин бир ойдан сал чўзилиши ҳам мумкин. Бир- икки кунга. Инспекторга боғланиб телефон рақамини олиб қўясиз. Телефон қилиб турасиз. Кейин келиб олиб кетасиз,- деди мутахасис.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, анкета жавоби чиққач, ОВИР хорижликни меҳмонга чақириш учун рухсатнома беради. Ушбу рухсатнома Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаси виза бўлимига топширилади.

(Вилоятда яшовчилар ҳам ОВИРдан рухсатнома олгач,Тошкентга келиб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилишлари лозим бўлади)

- ОВИРдан рухсатнома олгач, уни МИДга топширасиз. МИДнинг ўзи хорижлик яшаётган давлатдаги Ўзбекистон элчихона ёки консуллик бўлимларига телекс жўнатади. Ўша телекс боргач, хорижликка "меҳмон" визаси берилади,- деди мутахасис.

Амалдаги тартибга кўра, хорижлик Ўзбекистонга келгач, уч кун ичида (байрам ва дам олиш кунларини ҳисобга олмаганда) меҳмонга келган хонадон жойлашган ҳудуддаги милиция бўлимига бориб, рўйхатдан ўтишлари лозим.

Хорижлик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги "Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўл­маган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бў­лиш­лари ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисида"ги қарорига асосан амалга оширилади.

Мазкур қарорга кўра, хорижлик меҳмонни рўйхатдан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилиниши лозим:

- илтимоснома;

- паспорт ёки фуқролиги бўлмаган шахс ҳужжати;

- уй-жой эгасининг вақтинча рўйхатдан ўтказишга ёзма розилиги ва уй-жойга бўлган ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатлар;

- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.


Агар хорижлик меҳмон Ўзбекистонда қолиш муддатини узайтирмоқчи бўлса, бунга қонунда ҳеч қандай монелик йўқ.

Амалдаги тартибга кўра, хорижлик фуқарони Ўзбекистонда вақтинчалик рўйхатдан ўтказганлик учун қуйидаги миқдорда давлат божи ундирилади:

1 ойгача — 20 АҚШ доллари;
2 ойгача — 40 АҚШ доллари;
3 ойгача — 60 АҚШ доллари;
6 ойгача — 100 АҚШ доллари;
1 йилгача — 200 АҚШ доллари.


МДҲга аъзо давлатлар фуқаролари учун қуйидаги миқдорларда давлат божи унидирилади:

3 кеча-кундуздан 6 ойгача — 5 АҚШ доллари;
6 ойдан ортиқ — 10 АҚШ доллари.


Хорижлик “Турист” визаси билан ҳам Ўзбекистонга меҳмонга келиши мумкин. Бу ҳолатда таклифнома талаб қилинмайди. Бунда Ўзбекистон консуллик бўлимларига ушбу шахснинг тегишли ҳужжатлари топширилади ва виза расмийлаштирилади.

Лекин таклифномасиз, "Турист" визаси билан келган хорижлик Ўзбекистондаги қариндоши ёки танишининг уйида тунаб қолиши ва қайдга қўйилиши мумкин эмас. Хорижлик меҳмон фақат чет элликларни қабул қилиш ҳуқуқига эга меҳмонхонада яшаши ва қайддан ўтиши лозим.

Ўзбекистонда 60 кун ичида визасиз яшаш ҳуқуқига эга бўлган қирғизистонликлар ҳам Тошкентга меҳмонга келганида меҳмонхонада қайддан ўтиши лозим ва қариндошининг уйида тунаб қолиши мумкин эмас.

Қирғизистонликлардан фарқли Қозоғистон фуқаролари Ўзбекистонга, жумладан, Тошкентга келганида қариндошининг уйида 5 кун ичида қайдга қўйилиши ва яшаши мумкин.

Қўшни Туркманистон ва Тожикистон билан виза тартиби мавжудлиги боис ушбу давлат фуқароларининг Тошкентга келиб-кетиши фақат виза муддати ва турига боғлиқ бўлади.

*******************************************************************

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG