Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:21

Украина Ўзбекистон самолётларининг Киевга парвозини тўхтатиши мумкинлигига ишора қилди


Украина давлат авиация хизмати “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётларига “Тошкент–Киев–Тошкент” йўналиши бўйича парвоз қилишга берган рухсатномани муддатидан олдин тўхтатиши мумкин. Украина расмийлари буни Ўзбекистон томони музокара қилиш истагини билдирмаётгани билан изоҳлади.



Украина давлат авиация хизмати (УДАХ) раҳбари Денис Антонюк Украинадаги Dеlo.ua нашрига, агар Ўзбекистон томони “Тошкент–Киев–Тошкент” йўналиши бўйича парвозларни амалга ошириш учун 31 майгача берилган рухсатнома муддатини узайтириш борасида музокараларни бошламаси, рухсатнома 1 майгача бекор қилиниши мумкинлигини билдирди.

Нашрда берилган хабарда УДАХнинг Авиаташувлар ва аэропортлар департаменти бошлиғи Сергей Коршук Ўзбекистон томони Тошкент аэропортида Украина самолётларига жой ажратишдан бош тортиб келаётганини таъкидлаган.

Dеlo.ua Коршукнинг “Биз Ўзбекистон томонига қилган охирги мурожаатимизда икки мамлакат авиация маъмуриятлари даражасида учрашув ўтказишни таклиф қилган эдик. Экспертлар даражасида харитани олиб, уларда жой бор-йўқлигини аниқламоқчи эдик. Авиақатновлар давом этиши кераклигини назарга олган ҳолда бутун мавсумга бўлмаса ҳам, биз уларга рухсатнома бердик. Унинг муддати тугагунича ўзаро учрашиб, масалани икки томон учун мақбул ечимини топишни сўрадик”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Сергей Коршук мазкур вазиятга доир Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясидаги Озодлик манбасига кўра, “Украина ҳаво йўллари” (Международние авиалинии Украини) Тошкент халқаро аэропортида учиш вақтларини ололмаётгани сабабли Ўзбекистон самолётлари парвозига тўсқинлик қилишга уринмоқда.

- Учта мавсумдан бери “Украина ҳаво йўллари” (Международние авиалинии Украини) Тошкент аэропортига учиш учун вақт сўраяпти. Тошкент аэропорти улар сўраган вақтда иш босимини кўтара олмаслигини таъкидлаб, соат ёки кунининг ўзгартирилишини сўраган.

Украина томони фақат ўзи хоҳлаган пайтда Тошкент аэропортидан жой берилишини талаб қиляпти. Улар Украинадаги давлат авиамаъмуриятини ишга солиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётларига учишга рухсат берманглар, деб босим кўрсатяпти, дейди “Ўзбекистон ҳаво йўллари”даги Озодлик манбаси.

Унга кўра, ёзги парвозлар мавсуми 31 мартдан октябрь ойи охиригача давом этади. Украина томони "Ўзбекистон ҳаво йўллари"га ёзги мавсум парвозлари учун рухсатни 31 майгача берган.

1 апрель куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси Тошкент-Киев-Тошкент йўналиши бўйича ёзги мавсумнинг биринчи парвозни бекор қилди.

Озодлик манбасига кўра, Украина томони парвозга 20 дақиқа қолганида учишга рухсат берган. Шу боис “Ўзбекистон ҳаво йўллари” раҳбарлари рейсни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилган.

Украинанинг “Аэросвит” ширкати 2013 йил январида банкрот, деб эълон қилинганидан кейин ширкатнинг ваколатлари “Украина ҳаво йўллари”га берилган.

“Аэросвит” банкрот бўлганидан бери, қарийб бир ярим йил давомида, Украина самолётларининг Тошкентга парвози тўхтаб қолган. Тошкент-Киев ўртасидаги авиақатновни фақат “Ўзбекистон ҳаво йўллари” амалга оширмоқда.

Ҳозирда Тошкент ва Киев ўртасида самолётлар ҳафтасига бир марта учмоқда.

Озодлик манбасига кўра, 1 майдан Тошкент-Киев-Тошкент йўналиши бўйича парвозлар ҳафтасига икки марта, яъни, сешанба ва пайшанба кунлари амалга ошади. Бир томонга энг арзон авиачиптанинг нархи тахминан 335 АҚШ долларини ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG