Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:44

Паспорт столларда юмалоқ муҳр учун навбатлар узаймоқда


Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида биометрик паспортга юмалоқ муҳр урдиришга мажбур қолганлар навбати узаяётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Хабарларига суратларни ҳам илова қилган муштарийлар юмалоқ муҳр уриш ҳаққи фақат Паспорт стол раҳбарига берилгани, раҳбарнинг эса мажлислар ва зарур қўнғироқлардан бўшмай, фуқароларни соатлаб куттираётганидан шикоят қилмоқда.


Тошкент шаҳри Ички ишлар бўлимларининг бир неча Паспорт столидан олинган маълумотга кўра, биометрик паспорт олган ва хорижга чиқишни мўлжаллаган ҳар бир фуқаро чиқиш виза устига юмалоқ муҳр урдириши шарт.

"Юмалоқ муҳрни урдирмаган фуқаро Ўзбекистоннинг чегарасидан чиқарилмайди. Бу янги биометрик паспортга ҳам тегишли. Эски паспортга ҳам урилган, янгисига ҳам урилиши шарт", деб таъкидлади Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ИИБ ходими мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

ИИБ вакиллари юмалоқ муҳр ҳар бир Паспорт столи раҳбарига берилгани ва фуқаро паспортига бундай муҳрни уриш ҳуқуқи фақат раҳбарда эканини айтмоқда. Аммо, уларнинг аксарияти айнан шунинг учун бошлиқ идораси қаршисида янги паспорт ва чиқиш визасини олган фуқаролар навбати узаяётгани ҳақида муштарийлар шикоятини рад этди.

"Шундоқ кирасиз, битта круглый печатни урдирасиз, чиқиб кетаверасиз. У навбатда турганлар паспорт учун. Уларни орқасидан туриб кутишнинг кераги йўқ. "Менга круглый печат керак, шундоқ уриб беринг!" десангиз любой начальник уриб беради. Просто, одамлар кутиб тураверадида, айтмайди печать учун келганини", деди Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани паспорт столи ходимларидан бири.
Аммо, Озодлик тингловчиларининг шикоятлари милиционерларнинг бу жавобларига мос келмаётир. Биометрик паспорт олиш учун кунлаб навбатда турганлардан бири Паспорт столларидан бири олдида айнан юмалоқ муҳр учун турнақатор навбат акс этган суратларни ҳам йўллади.

Ушбу суратда Паспорт столлари иш вақти берилган эълон тахтаси ҳам бор. Эълонда берилишича, Паспорт столлари сешанба, чоршанба, жума ва шанба кунлари соат 8-17гача ишламоқда. Кундузи соат 1дан 2 гача тушлик. Душанба ва пайшанба кунлари эса профилактика кунларидир.

Озодликка айнан биометрик паспорт муаммоси бўйича боғланган кекса тингловчи иш кунининг бир неча соати мажлисга ёки зарур иш билан катталар ёнига чақиртирилган бошлиқни кутиш учун кетишидан арз қилди.

- Эрталаб соат 8дан иш бошлайди, деган тўғри. Лекин, соат 9 ярим 10 гача бошлиқни кутасиз. Мажлис, дейди ёки начальниги чақирган, дейди. Кейин обедга кетибам камида 2 соат йўқолиб кетади, хуллас шу очередь, очередь. Паспортни олгандан кейин энди четга чиқадиганлар юмалоқ печатга ҳам алоҳида яна очередь. Хуллас, бошоғриғида. Шуни нормальный қилиб қўйса бўлмайдими? - деб нолиди биометрик паспорт олиш учун бир неча кун вақтини сарфлаганидан арз қилган тингловчи.

Бироз муқаддам Ўзбекистон вилоятларидан биридаги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси мулозими шу йилнинг 1 февралидан
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан берилаётган биометрик паспорт сони чеклангани ур-йиқит навбатларга олиб келганини айтган эди.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир республика бўйича биометрик маълумотлар олаётган ва паспортларни тайёрлаб бераётган аппаратлар сони 200 тадан ортиқдир. Бу аппаратлар томонидан кунига берилаётган паспортлар сони 150тадан 70тага тушириб қўйилган.

2014 йилнинг 1 июлидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет элга фақат биометрик паспорт билан чиқиши мумкинлиги ҳақида Вазирлар Маҳкамаси 2014 йил 6 февралида махсус қарор қабул қилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Президенти фармонида эски русумдаги паспортлар 2015 йилнинг 31 декабригача амал қилиши белгилаб қўйилган.
XS
SM
MD
LG