Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:35

Муҳожир болалари: Фарғонада "гувалак-шоу"! (Суратларни йўлланг!)


Фарғона водийсидаги қишлоқлардан бирида гувалак қилаётган болалар сурати Озодликка йўлланди. Муштарий бу болаларнинг оталари мардикорликка кетгани, эркаклар зиммасидаги оғир ишлар суяги қотмаган ўғилларга қолганидан гап очди. Шу фотомактуб баҳонасида Озодлик муҳожир болалари ҳаёти акс этган фотосуратларни жамлашга қарор қилди. Марҳамат, суратларингизни йўлланг: WhatsApp +420 608 549 460


Куни-кеча Фарғона водийсидаги қишлоқлардан бирида лойга ботиб, гувалак қилаётган болаларнинг суратлари Озодликка келиб тушди.

WhatsApp орқали суратларни йўллаган манба бундай изоҳ ёзди:

"Бу фотолар Фаргона водийсини кишлокларидан, бу болачаларни оталари айни пайтда Россияда, болачалари эса "гуволак-шоу" килмокдалар экан, дадам качон пўл жунатаркан деб...расмни оналаридан олдим :) "

Муштарийнинг бу фотомактуби Ўзбекистон қишлоқларида улғайган, ҳозир эса тирикчилик дардида хорижда юрган муҳожирларнинг ортда қолган болалари ҳаётига диққатимизни тортади.

Бу суратларда оталари, акалари, баъзан боболари ҳам хорижда оғир шароитда, баъзан оч-наҳор ва юпун қолиб пул топаётган миллионлаб муҳожир болаларининг қишлоқда оғир меҳнат остида ўтаётган бир куни яққол, ёрқин рангларда акс этган.
Суратда шимлари тиззаларидан юқори шимарилган, оёқлари лойга ботган болакай - афтидан катта ўғил - дадасининг кетмонини бир амаллаб кўтариб-тушириб, лой қормоқда.

Чала қорилган лойга тўпиқларию тирсакларигача буланган кичик ўғиллар эса бир вақтлар дадалари юмалатган гувалакларнинг ярмича келадиган гувалакларни юмалатмоқда. Афтидан, дадалари ва боболари, эҳтимол катта ёшли акаларининг келишидан ҳали-бери дарак йўқ.

Отанинг ўрнига анча-мунча оталик ишларни ҳам елкасига олган бу ЎҒИЛ БОЛАлар аниқки, кунлар исий бошлаши билан онасининг кучайган қистови остида ҳовлининг бирор бурчагида бирор нима қуришга ҳозирлик кўрмоқда. Ёки энг камида, қишда қулаб тушган деворни ямашга ҳозирлик бу.

Яъни, ЗАРУР. Акс ҳолда қайси она ўйину ўқишдан бошқа машғулоти бўлмаслиги керак бўлган бу ёшдаги болаларни ҳали ёз келмасидан лойга солади?!

Муҳими, лой қориб, ғишт қуйиш ҳали сут тишлари тушиб улгурмаган болалар зиммасига тушиб қолган оғир меҳнатнинг фақат бири. Суратни кўриб лойга ботган болалигини хотирлаган муштарийлар буни яхши ҳис қилиб турибди.

Қолаверса, ўқувчиларимиз орасида қишлоқда катта бўлганлари озмасдир. Улар орасида эса лой қормагану, гувалак ёки ғишт қуймагани озмасдир. Аммо, лой тўла челакни акалари кўтаргани аниқдир, замбил-замбил лойни дадалари ташигани аниқдир... ва ҳоказо...


* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Хуллас, фарғоналик муштарий йўллаган 2 дона сурат ортидан туғилган шууунча мулоҳаза якуни ўлароқ битта кичиккина лойиҳани бошладик.

Муҳожирликнинг тошдак қаттиқ нонини тишлаб, туздак таҳир ситамларини ютиб пул топаётган меҳнат муҳожирларининг азоби уларникидан оз бўлмаган болакайлари ҳаётини акс эттирган суратларни жамлаш ва шу орқали хориждаги миллионлаб ўзбекнинг ВАТАНда қолган болалари ҳаётига жамоатчилик эътиборини тортига қарор қилдик.

Марҳамат, агар сурат ва видеоларингизни Озодлик муштарийлари билан ўртоқлашиш ниятида бўлсангиз, бизга йўлланг!

Суратларингизга озгина изоҳ беришни ҳам унутманг: манзил, суратнинг олинган вақти ва суратдагилар ҳақидаги маълумотлар (исташса, шахси сир тутилган ҳолда) биз учун муҳим. Аслида, қанча кўп маълумот бўлса, шунча яхши!


WhatsApp: +420 608 549 460; +420 724 971 539;

Email: ozodlikmail@gmail.com, uzbekweb@rferl.org

Skype: Ozodskype, OzodOvoz, OzodlikOnline


Телефон: +420 602 612 713 SMS ва қўнғироқлар
XS
SM
MD
LG