Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:53

Лавров: Бизга ҳужум қилишса, албатта жавоб қиламиз...


23 апрел куни Кремл тарафидан молияланувчи Russia Today канали мухбири билан суҳбатда Лавров “Бизга ҳужум қилишса, албатта жавоб қиламиз”, деб айтди.

Лекин, Лавров Россиянинг жавоби қандай бўлишини аниқ айтмади.

- Агар бизни манфаатларимизга, россияликлар манфаатларига 2008 йилда Жанубий Осетияда бўлгани каби тўғридан-тўғри ҳужум қилинса халқаро ҳуқуқ доирасида бунга муносиб тарзда жавоб бўлади. Мен бу ерда бошқа йўлни кўрмаяпман. Россия фуқароларига ҳужум қилиниши Россия Федерациясига ҳужум қилинишини англатади, - деди Лавров.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, шунингдек АҚШни Украина ички ишларига аралашаётганликда айблади.

Лавров Russia Today мухбири билан суҳбатда “АҚШ Украинада тўйбошилик қиляпти”, деб айтди.

Россия дипломатияси раҳбарига кўра, Киев Украина шарқидаги айирмачиларга қарши аксилтеррор амалиётларини айнан АҚШ вице-президенти Жо Байден ташрифи пайти қайтадан бошлаётгани шундай дейишга асос бўлади.

- Жо Байденнинг ташрифи ортидан Украинада қайтадан аксилтеррор амалларига киришилмоқда. Шундай экан Америка Украинада тўйбошилик қилаётганига ишонмасликка менда асос қолмаяпти, - деди Лавров.

Расмий Киев ва ғарб ҳукуматлари Украина шарқидаги россияпараст кучларни Москва дастаклаяпти, деган ишончда. Расмий Москва буни рад этиб келади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, ўз мамлакати қўшинлари Россия ҳудудида қолмоқда, Украина чегарасини бузмаган.

Аввалроқ, АҚШ Давлат котиби Жон Керри Кремл раҳбарияти Украина шарқидаги кескинликни тўхтатмаса Вашингтон Москвага қарши қўшимча санкциялар қўллашини айтганди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон мулоқоти чоғида Жон Керри Украинадаги кескинликка барҳам бериш йўлида Россия ҳукумати тарафидан ижобий силжиш кузатилмаётгани борасида ташвиш билдирди.

Жаноб Керрининг таъкидича. Россия ҳукуматини Украинада ҳукумат биноларини ишғол этган гуруҳларни қуролларини ташлашга чақириши керак.
XS
SM
MD
LG