Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:24

“Россотрудничество” Ўзбекистонда фаоллашмоқда


Тошкентда тарқатилаётган “Георгий ленталари” Украина шарқидаги айирмачилар томонидан ишлатилаётгани маълум.
Тошкентда тарқатилаётган “Георгий ленталари” Украина шарқидаги айирмачилар томонидан ишлатилаётгани маълум.

Жорий йилнинг 23 апрель куни “Россотрудничество” федерал агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонасида рус тилли театрларни Россия тарафидан қўллаб-қувватланиши борасида тадбир ўтказилди. Бу аснода айни идора Тошкент ва Бухоро вилоятларида рус тили ўқитувчиларини дастаклаш юзасидан семинарлар ҳам ўтказди.



Ой бошида "Россотрудничество" федерал агентлиги раҳбарларидан бири¸ ташкилотнинг рус тилини қўллаб-қувватлаш¸ ëшлар ва комуникация дастури бошлиғи Лариса Ефремова Тошкент ва Самарқандга ташриф буюрган эди.

“Россотрудничество” федерал агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Валерий Кайер, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, бу тадбирлардан мақсад Ўзбекистонда рус маданиятини ривожлантиришга қаратилганлигини таъкидлади.

“Россия бизга бегона эмас”

“Россотрудничество” расмий нашридаги маълумотга кўра¸ Ўзбекистон ëшлар театри “Россотрудничество” федерал агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси молиявий кўмагида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган “Россиядаги учрашувлар” театр фестивалида иштирок этган.

Ўзбекистон ëшлар театри раҳбари Наби Абдураҳмонов Озодлик билан суҳбатда Россия билан ҳамкорликдан чандон ҳурсанд эканлигини айтди.

Наби Абдураҳмонов Ўзбекистонда рус тилидаги театрларга молиявий ва маънавий кўмак бергани учун “Россотрудничество” федерал агентлигига миннатдорлик билдирди.

Озодлик билан суҳбатда, Наби Абдураҳмонов Ўзбекистонда рус театр тажрибасини устувор қилишга қаратилган “Биз бегона эмасмиз” дея номланган давра суҳбатида қатнашиш бахтига ноил бўлганини ҳам фаҳр билан гапирди.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистон ëшлар театрининг икки актери Андрей Варакута ва Одил Адибашев “Россотрудничество” молиявий кўмагида Звенигородда бўладиган ëзги ўқув театрга йўлланма олишган.

“Россотрудничество” федерал агентлиги ўтказган тадбирда Ўзбекистон театр бирлашмаси раиси Вали Умаров ҳам иштирок этгани айтилди.

Менинг оғам рус бўлур...

Жорий ҳафтада “Россотрудничество” федерал агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси Тошкент ва Бухоро вилоятларида рус тили ўқитувчиларини дастаклаш юзасидан семинарлар ўтказди. Бундан олдин “Ўзбекистонда рус тили ва адабиëтини ўқитишнинг ўзига хослиги” деган мавзудаги туркум семинарлар ўтказилган эди.
Совет даврида Ўзбекистонда рус тили ўқитилиши кенг қамровли бўлган.
Совет даврида Ўзбекистонда рус тили ўқитилиши кенг қамровли бўлган.
“Россотрудничество” федерал агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистонда “Рус тили куни”¸ “Славян ëзув маданияти” куни каби тадбирларни мунтазам ўтказиб келади.

Бу семинар иштирокчиларига китоб¸ DVD ва бошқа техникавий қўлланмалар бепул тарқатилгани ҳам билдирилди.

Сирдарё вилоятидаги мактаблардан бирида рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган Роҳила Шукурова, бундан аввал Россия элчихонаси ёки Москвага доир бошқа ташкилотлар томонидан, айниқса, вилоятлардаги рус мактабларига бундай эътибор бўлганини эслай олмаслигини айтади.

- Биз энди пойтахтдан узоқроқда ишлаганмизку. Балки пойтахт ўқитувчиларида бўлгандир бу нарса¸ лекин бизда бўлгани йўқ. Биз ўзимиз ўша рус тили нимаси¸ Россия куни бўладию ўша куни ҳам мактабимизда ўзимиз тайëрлардикда утренникка ўхшаган тадбирларни. Ўқувчилар орасида шеърлар Россия ҳақида¸ ўша давлат ҳақида қанақадир ахборотлар¸ янги нималар тайëрлаб ўтказардик. Лекин бизда бу нарса йўқ эди¸ унақа жуда катта эътибор Россиянинг нимасига. Инглиз тили биринчи ўринга чиққандан кейин биласиз, рус тили иккинчи ўринга тушиб қолган эди ҳамма мактабларда,- дейди рус тили ўқитувчиси.

Ўтган ой Кремлнинг Қримни аннексия қилиши ортидан Россия элчихонаси паноҳи остида Тошкентда ўтказилган тадбирда Туркистон ишғоли пайтида Тошкентда яшаган буюк князь Николай Константинович Романовнинг минтақа тарихидаги "буюк хизматлари" эслатиб қўйилган эди.

Тошкентдаги Россия Фан ва маданият маркази вакили Линда Кайернинг Озодликка билдиришича¸ суҳбат давомида шахсларнинг тарих ғилдирагига таъсири муҳокама қилинган.

Кўп йиллар Россия расмий нашрларининг Ўзбекистондаги мухбири сифатида фаолият қилган россияпараст журналист Владимир Березовский “Россотрудничество” каби ташкилотнинг фаолашувида ғайритабиий сиёсатни кўрмаслигини айтади. Рус тили ва маданиятини тарғиб қилишни мақсад қилган агентлик учун бу табиий ҳолдир, дейди журналист.

- Улар кўпроқ тадбирларни уюштираётган бўлса, яхшику. Бу жуда нормал ҳолат. Бу уларнинг ҳақиқий иш билан шуғуллана бошлаганини кўрсатади. Уларни етарли иш олиб бормаётганликда айблаб келишади. Чунки улар асосан Тошкентдан нарига чиқмайди. Бунинг ҳаммаси маданият алоқаларини рағбатлантириш, рус тилини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлардир. Бунинг ҳеч қандай сиёсий жиҳатини кўраётганим йўқ. Улар русийзабонлар орасида иш олиб бормоқда, бу табиийдир, чунки бу уларнинг вазифаси, дейди журналист Березовский.

Бешинчи коллонна парвариши

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, хорижда яшайдиган ватандошлар ва халқаро гумманитар ҳамкорлик масалалари учун масъул тузилма сифатида 2008 йилда ташкил қилинган “Россотрудничество”нинг Марказий Осиёдаги собиқ совет республикаларида аввал кузатилмаган тарзда фаоллашуви кузатувчилар диққатини ҳам тортмоқда.

Хусусан, кузатувчилар бу фаолиятнинг акцентларига эътибор қаратмоқда. Масалан, бу ташкилот шу кунларда нафақат Тошкент балки минтақанинг бошқа пойтахтларида ҳам “Георгий ленталари”ни тарқатиш акциясини уюштирмоқда. Бу тадбир ғалаба кунининг 69 йиллигига бағишлангани айтилаётган бўлса-да, “Георгий ленталари” Кремль пропагандасининг рамзи ўлароқ Украина шарқидаги айирмачилар томонидан ишлатилаётгани маълум.

Россия элчихонаси шамсияси остидаги россияпараст ташкилотларнинг Ўзбекистонда фаоллашуви кузатувчилар тарафидан Кремль геполитикасининг ижоби ўлароқ кўрилмоқда.

Россия Фанлар академиясининг Тарих институти профессори, Болқон¸ Кавказ ва Марказий Осиё тадқиқотлар маркази директори Артем Улунян таъкидига кўра¸ Россия ўз орқа ховлиси деб биладиган Ўзбекистонни ўз таъсир доирасидан чиқармоқчи эмас:

- Бу энди реаллик. Чунки Кремль учун Марказий Осиёдаги давлатларга, хусусан, Ўзбекистонга таъсир қилишнинг реал фурсати бошланмоқда. Ўзбекистон эса бундай таъсирга тез берилувчан давлатлардан биридир. Дарвоқе, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам шундай давлатлар жумласидандир. Туркманистон билан вазият бироз қийинроқ. Лекин Ўзбекистон турли шартлардан келиб чиққан ҳолда, Россия учун алоҳида қизиқиш уйғотадиган давлатдир. Шунинг учун, очиқ бўлмаса-да, аниқ кўринмайдиган шаклда таъсир ўтказишга қаратилган тадбирларни кутишимиз тўғри бўлади,- дейди Улунян.

Россия давлат думаси вице спикери Владимир Жириновский дохил рус сиëсатчиларининг собиқ Совет ҳудудларида Россия ҳукмронлигини тиклаш иддаолари ортидан “Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги фаоллиги кучайгани ўзбек сиëсатшунослари хавотирига сабаб бўлди.

Ўзбекистонлик сиëсатшунос Анвар Назиров бу ҳолатни “Кремль тарафидан Ўзбекистондаги россияпараст бешинчи колоннани парваришлаш” деб таърифлади ва Россиянинг Ўзбекистондаги агрессив активлигини кўрмаëтган расмий Тошкентни ҳам айблади.

- Ўзбекистонда биров грант оладиган бўлса қаттиқ текширишади. Нега Россиянинг Ўзбекистондаги рус театрларини молиялаши ва рус тили ўқитувчиларини дастурлар билан таъминлашига мамлакат раҳбарияти панжа орасидан қараяпти. Бунинг оқибати вой бўлишини нега улар тушунмаяпти. Руслар Ўзбекистон ичкарисида бешинчи колоннани парвариш қиляпти¸- дейди суҳбатдош.
Узр, лекин бу хизмат ҳозирча ишламайди

“Россотрудничество” фақат маданият соҳаси билан чекланиб қолмаётган кўринади. “Россотрудничество” агентлигининг журналистика соҳасидаги дипломига сазовор бўлган ўзбекистонлик русийзабон журналистнинг Озодликка айтишича, бу ташкилот унга Ўбекистондаги русийзабон муаммоларига бағишланган мақолаларни ёзиб беришга чорлаган. Шахси сир қолиши шарти билан гапирган журналист молиявий кўмак таклиф қилинганига қарамасдан, “Россотрудничество” таклифини рад қилган.

Чунки, дейди журналист, Ўзбекистонда русийзабон аҳолининг муаммолари, мамлакат умумий аҳолиси муаммоларидан айро эмас.
XS
SM
MD
LG